Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Хорижга чиқиш паспорти Тойлоқда ҳам берилади

Хорижга чиқиш паспорти Тойлоқда ҳам берилади

Жорий йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини (ОВИР) расмийлаштириш тартиб-тамойили бекор қилинди. Энди хорижга чиқишни ният қилган фуқароларга биометрик паспорт бериш (хорижга чиқиш паспорти) тизими жорий этилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, бошқарма биносида хорижга чиқиш бўйича биометрик паспорт бериш учун кунига 300−400 нафар фуқарони қабул қилиш имкониятига эга учта ускуна ўрнатилган. Жорий йилнинг 7 январидан буён бошқармага 5559 нафар фуқародан хорижга чиқиш паспорти олиш учун ариза келиб тушган. Айни пайтгача 556 та паспортлар тайёрланиб, ўз эгаларига тарқатилмоқда. 

- Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришда шаффофликни таъминлаш мақсадида барча шароитларни яратганмиз, - дейди бошқарма катта инспектори, капитан Ж.Худоёров. – Паспорт олувчиларда нотўғри фикрлар уйғонмаслиги учун учта ускуна биномизнинг энг йирик залига ўрнатганмиз. Бунда фуқаролар расмийлаштириш жараёнларини кўриб, кузатиб туришади. Айни кунларда паспорт олишга бўлган талабгорларнинг ниҳоятда кўплиги боис фуқароларнинг навбатда туриб қолаётгани ҳам ҳақиқат. Буни инобатга олиб, Тойлоқ туманида ҳам битта ускуна ўрнатиб, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштирувчи пункт ташкил этилди. 31 январдан бошлаб ушбу пункт имкониятларидан Тойлоқ, Ургут ва Самарқанд туманлари аҳолиси фойдаланиши мумкин. Йилнинг иккинчи ярмидан эътиборан барча туман ва шаҳарлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида биттадан шундай ускуналарни ўрнатиш режалаштирилган.

Дарҳақиқат, фуқаролар жуда гавжум бўлса-да, бошқарма маъмуриятига кириш эшикларининг очиқлиги эътиборимизни тортди. Илгари бу муассаса мутасаддилари олдига бирор бир масала юзасидан мурожаат қилиб киришнинг ўзи амри маҳол эди. Кирганингизда ҳам минг бир сўров ёки текшир-текширлардан ўтибгина арзи ҳол қилишингиз мумкин эди.

- Турмуш ўртоғим билан Умра зиёратига боришни ният қилгандик, - дейди ургутлик О.Ҳазратқулов. – Одамлардан ҳар хил гапларни эшитиб, узундан узун навбатда туришга ҳам тайёр ҳолда йўлга чиққандик. Лекин нотўғри ўйлаган эканмиз, биз каби кексалар, ногиронлар, ёш болали аёлларни навбатсиз қабул қилиш тизими жорий этилган экан. Ҳозиргина ҳужжатларимни расмийлаштиришди. Худо хоҳласа, 10 иш кунида паспортни олишимизни айтишди.

- Сингапурнинг Кингстон халқаро мактабига ўқишга қабул қилингандим, - дейди Самарқанд тумани Андижони маҳалласида яшовчи Ж.Ҳотамов. – Жорий йилнинг 4 мартигача мазкур мактабнинг чакана савдо операциялари бўйича ўқув дастурини ўташга боришим керак. Бундан ўн кун аввал хорижга чиқиш паспортини олишга ариза билан мурожаат қилдим. Пункт ходимлари қўлимга навбатга ёзилганим ҳақида жетон тутқазиб, бугун келишимни айтишганди. Ҳозирча бирон муаммо ёки эътироз билдирадиган вазиятга дуч келмадим.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).


Киритилган вақти: 30/01/2019 16:13.   Кўрилганлиги: 623
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/xorijga-chiqish-pasporti-toyloqda-ham-beriladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.