Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ РАИСИ СИ ЦЗИНЬПИННИНГ ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДАГИ НУТҚИ

ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ РАИСИ СИ ЦЗИНЬПИННИНГ ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДАГИ НУТҚИ

Муҳтарам Президент Ислом Каримов!

Ҳурматли депутатлар, хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида бўлиб ўтган расмий музокаралар чоғида биз Президент Ислом Каримов билан Хитой ва Ўзбекистоннинг сиёсий жиҳатдан бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлашини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудий, суверенитет ва хавфсизлик масалалари бўйича энг муҳим манфаатларимизни биргаликда илгари суриш юзасидан келишиб олдик. 

Биз давлатларимиз томонидан танлаб олинган ривожланиш йўлини ўзаро қатъий қўллаб-қувватлаймиз, сиёсий барқарорлик ва давлат ҳокимияти хавфсизлигини ҳамкорликда таъминлаймиз. Тараққиёт йўлидаги амалий ҳамкорлигимизни ҳар томонлама чуқурлаштириш, ривожланиш стратегиясини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқалар имкониятларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватлари, инфраструктура, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳамкорликни янада жонлантириш ишларини амалга оширамиз.

Шунингдек, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни мазмунан тўлдириш мақсадида ҳамкорлик доирасидаги устувор лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашни янада оширишга, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга, хавфсизлик бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда халқаро майдондаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтиришга аҳамият қаратамиз.

Хитойда “Дўстинг қанча кўп бўлса, йўлинг шунча кенг бўлади”, деган мақол бор. Олий Мажлис аҳоли турли қатламларининг энг нуфузли вакилларини ўзида мужассам этади, сиз эса, ҳурматли депутатлар – Хитой халқининг дўстларисиз.

Ўйлайманки, сиз келажакни кўра билган ҳолда, Хитой – Ўзбекистон алоқаларини янада равнақ топтиришга, ҳамкорлигимизни қўллаб-қувватлаш ва дўстлигимизни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшасиз.

Хонимлар ва жаноблар, азиз дўстлар!

Ўзбекистонга ташрифим кун тартибидан яна бир муҳим тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида иштирок этиш ҳам ўрин олган. Жорий йилда ташкилотимиз тузилганига 15 йил тўлади. Ўтган йиллар давомида ШҲТ “Шанхай руҳи”ни, яъни, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенг ҳуқуқлилик, маслаҳатлашувлар, маданиятлар ранг-баранглигига ҳурмат ва ҳамкорликда тараққиётга интилиш тамойилларини ривожлантира бориб, халқаро муносабатларнинг очиқлик, ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш ва умумий ютуқларга эришиш принциплари асосидаги янги намунасини фаол илгари сурган ҳолда минтақа барқарорлиги ва фаровонлигига муҳим ҳисса қўшди. Ташкилот такомиллашгани сари кенгайиб бормоқда ва бугунги кунда ШҲТ оиласида Марказий, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган 18 та давлат мавжуд. Ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг салоҳияти тобора кўпроқ намоён бўлмоқда. Унинг халқаро майдондаги мақоми ва таъсири тобора ошмоқда.

Ўзбекистон ШҲТга раислик қилган мамлакат сифатида Ташкилот доирасида йўлга қўйилган кўп қиррали ҳамкорликда амалий натижаларга эришишда улкан ҳисса қўшди. Бунинг учун Президент Ислом Каримовга, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига самимий миннатдорлик билдирмоқчиман. Хитой томони ўзбекистонлик ҳамкорлар ҳамда Ташкилотга аъзо бошқа давлатлар билан Тошкент саммитини янги старт нуқтаси сифатида қабул қилиб, минтақа мамлакатлари ва халқлари равнақи йўлида ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик даражасини ҳар томонлама юксалтиришга тайёрдир.

Ўзбек халқининг буюк шоири Алишер Навоий ўз шеърида айтганидек, “мен халқим бахтли ва фаровон яшашини истайман”. Бу эзгу истакни бизнинг умумий мақсадимиз ва абадий орзу-ниятимиз деб ҳисоблайман. Шунингдек, Хитой ва хитой халқи Ўзбекистон ҳамда дунёдаги бошқа барча мамлакатлар халқлари билан биргаликда инсоният тинчлиги ва тараққиётига хизмат қилишдек олий мақсад йўлида доимо қўлни-қўлга бериб ҳаракат қилишга тайёр эканини билдирмоқчиман.

Эътиборингиз учун раҳмат. 


Киритилган вақти: 27/06/2016 19:18.   Кўрилганлиги: 304
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/xitoy-xalq-respublikasi-raisi-si-tszinpinning-oliy-majlis-qonunchilik-palatasidagi-nutqi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 13

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг