
Қадрли Ислом Абдуғаниевич, ҳурматли вазирлар, хонимлар ва жаноблар, азиз дўстлар!
Бугун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан биргаликда Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли туннелининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш менга улкан мамнуният бағишлайди.
Авваламбор, барчангизни Хитой ҳукумати, халқи ҳамда шахсан ўз номимдан мазкур туннелнинг расмий очилиши билан табриклайман. Хитой ва ўзбек муҳандислари, мутахассислари, қурувчиларига ва умуман, ушбу лойиҳани амалга оширишда қатнашган барча инсонларга самимий ташаккуримни етказмоқчиман.
Юксак даражада амалга оширилган ушбу лойиҳа учун барчангиздан миннатдорман.
Ғоят муҳим инфратузилмага эга бўлган лойиҳа сифатида барпо этилган Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли Ўзбекистон темир йўл тармоғини такомиллаштиришда, Фарғона водийсининг бошқа ҳудудлар билан транспорт алоқасини яхшилашда, шунингдек, бутун Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда катта аҳамият касб этади.
Қамчиқ туннели Ангрен – Поп темир йўлининг энг муҳим бўғини ҳамда қурилиш лойиҳасининг мураккаб қисми ҳисобланади. Гап унинг узунлиги ва муҳандислик нуқтаи назаридан бошқа мураккаб хусусиятлари тўғрисида бормоқда. Хитой ва Ўзбекистон мутахассислари уч йил давомида ҳамжиҳатлик билан биргаликда самарали меҳнат қилишди, катта жасорат кўрсатиб, барча қийинчиликларни енгиб ўтишди ва шу тариқа Марказий Осиёда энг узун темир йўл туннелининг қурилиши муваффақиятли амалга оширилди. Бу иншоот «Буюк ипак йўли иқтисодий йўналиши» лойиҳасининг қурилиши соҳасида Хитой – Ўзбекистон ҳамкорлигининг улкан ютуғи бўлди. Шу билан бирга, бу лойиҳа халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Йўл-транспорт соҳасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш «Буюк ипак йўли иқтисодий йўналиши» лойиҳасининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу икки томонлама ҳамкорлигимизнинг устувор асосидир. Биз Ўзбекистонга минтақавий транспорт коммуникацияси соҳасидаги ҳал қилувчи бўғин сифатида муҳим аҳамият қаратамиз ва бу борада ўзбекистонлик шерикларимиз билан ҳамкорликни оширишдан, икки мамлакатни ривожлантириш йўлида қулай шароит яратиш учун ушбу ҳудудда инфратузилмалар бўйича ўзаро алоқаларни мунтазам ривожлантириб боришдан манфаатдормиз.
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, вазирлар, хонимлар ва жаноблар, азиз дўстлар!
Хитой ва Ўзбекистон биринчи навбатда самимият ва ўзаро ишонч руҳини қадрлайдиган қўшнилар, яқин дўст ва ишончли шериклардир. Ўтган 24 йил мобайнида ўрнатилган алоқаларимиз, икки томонлама ҳамкорлигимиз юксалиб, ривожланиб бормоқда. Айниқса, 2013 йили мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик алоқалари ўрнатилганидан сўнг Хитой – Ўзбекистон муносабатлари янги ривожланиш босқичига кўтарилди. Ўзаро сиёсий ишонч, манфаатли стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Бу йўлда катта ютуқларга эришилди. Бугун эрта тонгдан ўзаро мулоқотларимизни давом эттириб, Ўзбекистон Президенти билан икки томонлама муносабатларимизни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтаришга қарор қилдик. Бундан кейин ҳам икки халқ фаровонлиги йўлида улкан ютуқларга эришиш учун ўзбек дўстларимиз билан биргаликда ҳамкорлигимиз ривожига ўзимнинг куч-ғайратимни сарфлашга тайёр эканимни билдирмоқчиман. Хитой – Ўзбекистон ҳамкорлиги замирида бутун бир келажак мужассамдир. Ҳамкорлигимиз кўлами янада кенгайиб, унинг истиқболи ёруғ бўлади, деб ишонаман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 10
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.