Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Хитой элита ипак уруғи Самарқандда тайёрланади

Хитой элита ипак уруғи Самарқандда тайёрланади

Самарқанд шаҳридаги "Самарқанд пилла уруғчилик" масъулияти чекланган жамияти қошида Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида "SAMARKAND TIAN ZHU SILK WORM" қўшма корхонасини ташкил этишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

"Ўзбекипаксаноат" уюшмаси раиси Б.Шарипов, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 мартда қабул қилинган "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори соҳадаги ишлар кўламини янада кенгайтириб, пиллачилик корхоналари фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, пилла етиштирувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбари қарорида ипак қурти уруғининг маҳсулдор зотларини яратиш ва жорий этиш, импортни қисқартириш ва келгусида республиканинг ички эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш мақсадида уларни ишлаб чиқариш ҳажмларини босқичма-босқич ошириб бориш вазифаси ҳам белгилаб берилган, – дейди "Самарқанд пилла уруғчилик" масъулияти чекланган жамияти раҳбари З.Бобомуродов. – "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ёрдамида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ҳам импорт ўрнини босувчи маҳсулдор ипак қурти уруғини ўзимизда тайёрлаш имконини беради. Умумий қиймати 2 миллион долларни ташкил этадиган лойиҳани 2017-2021 йилларда амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, жорий йилда Хитойдан замонавий технологиялар, лаборатория ускунлари келтириб ўрнатилади ва 2018 йилда 20 минг қути ипак қурти уруғи тайёрланади. Кейинги йилларда бу миқдор ошиб бориб, 2021 йилда тўлиқ қувватга эришилади ва 50 минг қути элита уруғи ишлаб чиқарилади. Бу ички эҳтиёжни қондириб, хорижга ҳам маҳсулот экспорт қилиш имкониятини беради. Энг муҳими, йилига бир неча марта ипак қурти уруғи тайёрлаш ва пилла етиштириш йўлга қўйилади. 

Лойиҳага кўра, ипак қурти озуқа базасини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Беш йил давомида интенсив усулда 50 гектар янги тутзор барпо этиш ва мавжуд 150 гектар тутзорларни реконструкция қилиш режалаштирилган. Шунингдек, 5 гектар тутзорда ипак қурти боқиш учун махсус қуртхоналар ташкил этилади. Бундан ташқари корхона қошида қўшимча тармоқ сифатида сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва паррандачилик ҳам йўлга қўйилади. Бу ишлар натижасида корхонада 100 га яқин доимий ва 1700 дан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратилади.

– Ўзбекистонда пилла етиштириш бўйича жуда бой ресурс ва имкониятлар бор, – дейди Хитойнинг "Мокан Тян Зи" компанияси президенти Ву Пин Кун. – Юртингиз иқлим шароитида бир йилда икки-уч марта ипак қурти парваришлаш мумкин. Шунинг учун биз ўзбекистонлик ҳамкорлар билан бирга ушбу корхонани ташкил этиб, уруғчиликни ривожлантириш ҳамда ипак қурти боқишни такомиллаштиришга келишиб олдик. Бу икки томон учун ҳам манфаатли ва истиқболли лойиҳа бўлишига шубҳа йўқ.

Маросимда лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди ва янги корхонанинг рамзий қозиғи ўрнатилди.

F.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (фото)


Охирги ўзгариш: 14/09/2017 13:06.   Кўрилганлиги: 1095
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/xitoy-elita-ipak-urugi-samarqandda-tayyorlanadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.