Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ватан фидойи фарзандларини унутмайди

Ватан фидойи фарзандларини унутмайди

Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги «Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармони билан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар орасида ўз хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Элёр Чориев ва Баҳром Эргашевларнинг ҳам номи бор.

Вилоятимизда туғилиб ўсган бу юрт қаҳрамонлари мазкур фармонга асосан вафотидан кейин «Жасорат» медали билан тақдирланди. Жорий йилнинг 21 февраль куни ушбу мукофотлар уларнинг оила аъзоларига тантанали топширилди.

Паст Дарғом туманида бўлиб ўтган тадбирда вилоят, туман ҳокимликлари, мудофаа ишлари бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоатчилик вакиллари ва марҳум Элёр Чориевнинг оила аъзолари, яқин қариндошлари, дўстлари иштирок этди.

Унда сўзга чиққан вилоят ҳокимлиги бўлим бошлиғи А.Шерматов, мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Н.Муқимов, туман ҳокими С.Эргашев, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори М.Пардаев ва бошқалар Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилган ўғлонлар қаҳрамонлиги, номи унутилмаслигини таъкидлади.

Чегара қўшинлари вакили А.Вергун давлатимизнинг юксак мукофоти «Жасорат» медалини марҳумнинг отаси Аҳмад Чориевга топширди.

– Мен ўғлим билан фахрланаман, – дейди Аҳмад Чориев. – Ота сифатида унинг йўқлигидан изтиробдаман, аммо унинг жони Ватан ҳимояси йўлида фидо бўлганидан ғурурланаман ўғлимнинг қаҳрамонлигини юксак мукофот билан тақдирлаган Президентимиздан миннатдорман. ўз ўғлонларини муносиб улуғлайдиган халқнинг далдаси менга таскин бермоқда.

Шу куни тадбир иштирокчилари Элёр Чориевнинг хонадонига ва таҳсил олган мактабига ҳам ташриф буюрди. Унинг болалик ва ўқувчилик йилларини хотирлашди.

– Элёр ёшлигидан билим олишга, спорт турларига қизиқар эди, – дейди Элёр Чориевнинг ўқувчилик даврида синф раҳбари бўлган Неъматилло Абдуллаев. – Доим аъло баҳоларга ўқирди. Мактабни тугатганидан кейин ҳарбийликни танлади. Меҳнат таътилига келганида доим бизни йўқлаб турарди. Уни асло унутмаймиз.

Каттақўрғон шаҳрида ташкил этилган шундай тадбирда мамлакатимиз мустақиллиги, юрт осойишталигини ҳақиқий мард ва жасур ўғлонлар ҳимоя қилаётганлиги, уларнинг жасорати, фидойилиги доимо давлатимиз эътиборида эканлиги хусусида сўз юритилди.

– Яқин кишисидан жудо бўлиш аввало, ота-она, қариндошлар ва дўстлар учун оғир қайғу, – дейди Самарқанд давлат университети профессори Суюн Каримов. – Албатта, бу йўқотишнинг ўрнини тўлдириб бўлмайди. Аммо юракларга таскин берадиган бир туйғу бор. Бу Баҳром Эргашевнинг Ватан ҳимояси йўлида кўрсатган мардлиги ва жасоратидир. Ўз юртини севган, тинчлик учун жонини фидо қилган жасур ўғлонлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

– Мен Баҳромжоннинг ўқувчилик йилларини кечагидек эслайман, – дейди 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Нодира Ярбобоева. – Барча фанлардан яхши ўқирди, тиришқоқ, ҳаракатчан эди. Мактабни аъло баҳоларга тугатиб, ўзи орзу қилган ҳарбийлик касбини танлади. Шундай шогирдим борлигидан доимо севинардим. У юрт ҳимояси йўлида ватанпарварликнинг ҳақиқий намунасини кўрсатди. У доимо қалбимизда яшайди.

Тадбирда Чегара қўшинлари вакили А.Солиев давлатимизнинг юксак мукофоти «Жасорат» медалини марҳумнинг оила аъзоларига тантанали равишда топширди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш.Қулматов иштирок этди.


Киритилган вақти: 23/02/2017 12:34.   Кўрилганлиги: 1241
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/xarbiylar-unitilmaydi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.