Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ХАЛҚ ИШОНЧИ БУЮК ҚУДРАТДИР

ХАЛҚ ИШОНЧИ БУЮК ҚУДРАТДИР

Мамлакатдаги бунёдкорлик ишларига Самарқанд вилояти мисолида бир назар Бу кўҳна кентнинг шонли тарихи, қаҳрамон халқи, бу заминда ўтган буюк алломалар ҳақида кўп гапириш шарт эмас.

Бу кўҳна кентнинг шонли тарихи, қаҳрамон халқи, бу заминда ўтган буюк алломалар ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Қувончлиси шундаки, Самарқанд мустақиллик йилларида бутун дунёга ўзининг салоҳияти ва бўй-бастини янгича кўринишда намоён этаётир. Бу, аввало, тарихий эзгу анъаналар давоми бўлса, иккинчидан, мамлакатимизда кундан-кунга улуғворлик ва самарадорлик касб этаётган оқилона давлат сиёсатининг натижасидир.

Мен саксон ёшли нуроний, икки хил давлат сиёсатини кўрган, жамиятдаги барча ўзгаришлар ичида юрган инсон сифатида бундай хулоса қилишга ҳақлиман, деб ўйлайман. Бинобарин, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқнинг қалбига, дардига, умуман, ҳаётига ҳамоҳанг бўлаётганлигини кўриб, билиб турибмиз. Эндиликда давлат сиёсатининг устуворлиги у ёки бу минтақа ёки айрим соҳага эмас, балки халқнинг эркин ҳаётини таъминлашга, одамлар эҳтиёжини қондиришга қаратилаётганлиги мамлакатимизда демократик, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг мазмунан бутунлай янги босқичига қадам қўйилганлигини кўрсатмоқда. Ушбу фикримни вилоятимизда амалга оширилаётган халқчил тадбирлар мисолида шарҳлаб ўтмоқчиман.

Муҳтарам Юртбошимиз вилоятимизга ҳар гал ташриф буюрганида ҳаётимизни янада фаровон қилувчи янги вазифаларни ўртага ташлайди. Жойларда аҳоли билан суҳбатлашиш чоғида уларнинг муаммоларини диққат билан тинглаб, таҳлил этиб, муаммолар ечимини кўрсатиб, бизни ҳам ана шу тарзда ишлашга даъват қилмоқда. Шу сабабли вилоятимизда ишчанлик муҳити кундан-кунга кўзга яққолроқ ташланмоқда.

Мисол учун, давлатимиз раҳбари 17-18 март кунлари ташриф буюрганда қўйилган вазифалари асосида 146 банддан иборат 260 та топшириқ белгилаб олинди. Вилоят жамоатчилиги ушбу лойиҳа ва вазифалар қанчалик эрта амалга оширилса, турмушимиз шу қадар фаровон бўлишини тушуниб етди. Бу борада вилоят ҳокимлиги ташаббусни ўз қўлига олди.

1 апрель куни вилоят ҳокими Т.Жўраев Самарқанд шаҳридаги “Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази”да оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказди. 260 топшириқнинг моҳияти жамоатчиликка, раҳбарларга, тадбиркорларга етказилди. Президентимиз томонидан Самарқанд вилоятига янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун 500 миллион доллар қўшимча маблағ ажратилгани таъкидланди.

Жумладан, йил давомида қишлоқ хўжалиги корхоналарини такомиллаштириш орқали соҳада рентабилликни ошириш мақсадига 400 миллион доллар, ободонлаштириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш соҳасига 50 миллион, шунингдек, ҳар бир туманда барпо этиладиган кичик саноат зоналарини ривожлантиришга 50 миллион доллар миқдорида сармоя киритилади.

Бу шунчаки рақамлар эмас, “Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази”да белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши кечаю кундуз мониторинг қилиб борилади. Бу ерда вилоятимиздаги 18 та тижорат банки, туман ва шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, лойиҳаларни тасдиқлаш ва амалга ошириш учун дахлдор бўлган бошқарма ва идоралар масъул ходимлари фаолият кўрсатмоқда. Бошқача айтганда, тадбиркор ушбу марказга ўз ғояси ёки лойиҳаси билан келиб, уни мукаммал, амалга ошадиган лойиҳага айлантириб, кредит оладиган бўлиб чиқиб кетяпти.

 Эътироф этиш керак, халқаро молия ташкилотлари кредитларидан фойдаланиш бўйича салкам 400 миллион долларлик 300 дан зиёд лойиҳа ишлаб чиқилди. Барча лойиҳалар соҳани ривожлантиришга қаратилган истиқболли режалар асосида пухта ўрганиб чиқилиб, дастлабки ишлар бошлаб юборилди.

Қаранг, баён ижросига кўра, жорий йилда вилоятимизда қўшимча равишда қишлоқ жойларда 711 та янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар, шаҳарларда 840 та хонадонли 20 та кўп қаватли уйлар, 233 та боғча, ўнлаб меҳмонхоналар қурилади, борлари тубдан таъмирланади. Кам таъминланган оилалар, ногиронлар, узоқ вақт уй ололмай, навбатда турган аҳолига уй-жойлар берилади. Ҳарбийлар учун уйлар қурилиши кўпайтирилади. Йўлларимиз кенгайтирилиб, кўприклар бунёд этилади. 2018 йил дастурига қўшимча равишда шаҳар ва туманлардаги 87,1 километр ички хўжалик йўллари таъмирланади. Йўловчиларга қулай шароит яратиш мақсадида Каттақўрғон шаҳри, Пастдарғом, Пахтачи, Оқдарё, Пайариқ, Нарпай, Нуробод, Ургут туманларида 11 та янги йўловчи ташиш йўналишлари ташкил этилиб, 86 та автобус харид қилинади.

Бу вазифаларни бажаришга аллақачон киришилди. Муҳими, аҳоли бундай эзгу ишларни бажаришда фаол иштирок этмоқда. Демоқчиманки, давлатимиз раҳбарининг ташрифи нафақат вилоятимизнинг гуллаб-яшнашига, балки маънавиятимиз ривожига кенг йўл очди. Бундай юксак туйғулар бугун вилоятимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг қалбида жўш урмоқда, уларни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Бундай эзгу ишлар рўёбида биз, кекса авлод вакиллари ҳам асло четда турмаймиз.

 

Имом Бухорий мажмуаси халқаро зиёратгоҳ бўлади

 

Муқаддас Ислом динимизнинг поклиги, софлиги, тарбиявий салоҳияти учун амалга оширилган бир қатор ишлар жамиятимизда ўзига хос маънавий жўшқинлик яратди, дейишимиз мумкин.

Хусусан, Имом Бухорий  мажмуаси атрофида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш баробарида, Ислом дини салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилаётир. Зиёратгоҳга туташ ҳудудда Имом Бухорий халқаро тадқиқот марказида йил охирига қадар меҳмонхоналар, турар-жойлар, тамаддихона ва бошқа кўплаб хизмат кўрсатувчи объектлар қурилади.

Қувончлиси шундаки, нафақат Хартанг қишлоғи халқи, балки вилоятдаги кенг жамоатчилик бу эзгу ҳашардан четда турган эмас.

Яқинда бир гуруҳ фахрий отахону онахонлар мажмуада амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган қурувчию меъмор, устаю ҳунарманд, ишчилар билан дилдан суҳбатлашдик. Уларнинг шундай тарихий маскан бунёд этилишидек эзгу ишларда иштирок этаётганидан мамнунлигини кўриб, қувондик.

Суҳбатларимиздан аён бўлдики, йил охиригача ўнлаб замонавий меҳмонхона, бозор, гипермаркет, миллий ҳунармандлик устахоналари, спорт майдони, савдо-маиший, умумий овқатланиш, юқори даражада сервис хизмати кўрсатиш объектлари барпо этилади, ҳудуд ободонлашади. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида мажмуа яқинида маҳаллий ва вилоятлараро йўналишларда қатновчи автобуслар учун автовокзал ҳамда 700 ўринли автомобиллар тўхташ жойи қурилади, мажмуага олиб борувчи йўл бўйида қишлоқ аҳолиси учун икки қаватли турар-жойлар бунёд этилади.

Энди ўзингиз айтинг, мамлакатимиз обрўси, аждодларимиз руҳига ҳурмат, халқимиз фаровонлиги, келажакда яхшигина даромад келадиган бундай эзгу ишларни эътироф этмай бўладими?! Ахир бу ишлар амалга оширилгач, зиёратгоҳда бир вақтнинг ўзида 3-4 минг сайёҳга замонавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Бу – шу ерда яшовчи аҳоли учун иш ўрни, тадбиркорлик қилишга имконият, ризқ, насиба-ку. Шунинг учун ҳам бу ишларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишида ҳеч ким четда турмаслиги керак.

Бундай маънавий юксалиш, халқимизнинг азалий удумлари ҳар қандай лойиҳаларни рўёбга чиқаришда ҳокимликка мадад бўлмоқда. Буни Жом қишлоғидаги мисли кўрилмаган бунёдкорлик мисолида кўришимиз мумкин.

 

Жом обод қишлоққа айланмоқда

 

“Обод қишлоқ” дастурининг асосий мақсади одамларнинг ўз ҳаёти учун масъулиятини ошириш, уларда жамиятдаги ўзгаришларга фаол муносабатни шакллантиришдан иборатдир.

Ушбу ҳаётбахш дастур вилоятимизнинг олис Жом қишлоғидан бошланди. Одамлар бугунги ҳаётига мос намунавий маскан яратиш мақсадида, аввало, вилоят ҳокимлигида тегишли мутахассислар, ҳомийлар, ташкилот раҳбарлари, зиёлилар иштирокида қилинажак ишлар режалаштирилиб олинди, уйлар, кўчалар, боғларнинг янги лойиҳалари тасдиқланди. Жамоатчилик эса масала моҳиятини чуқур англаган ҳолда ҳашарга отланди. Бу эзгу ташаббус остида амалга оширилган тезкор ободончилик, бунёдкорлик ишлари одамлар ҳаётига, кайфиятига ижобий таъсир кўрсатди.

Жумладан, Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларида замонавий маҳалла марказлари, “Нуронийлар маскани” ва чойхона, иккита мактабгача таълим муассасаси қурилиши бошланиб кетди. Ҳудуддаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази атрофида замонавий истироҳат боғи, хотира майдони, ёзги амфитеатр, музей ва бошқа иншоотлар бунёд этилаётир. Жом бозори замонавий архитектура талаблари бўйича реконструкция қилинмоқда. Қишлоқ ҳудудидаги 5,4 километр йўлга асфальт ётқизилди, 22 километр ички йўлларга қум-шағал тўкилиб, текисланди. Қишлоқ ҳудудидаги таълим ва тиббиёт муассасаларини ҳам таъмирлаш эътибордан четда қолмади.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида иккита артезиан қудуғи қазилиб, сув миноралари ўрнатилди. Мавжуд сув тармоқлари таъмирланиб, 500 метр масофага янги қувур ташланди. Эски, яроқсиз симёғочлар янгисига алмаштирилди ва янги тармоқлар тортилди, замонавий, кичик трансформатор қўйилди, маиший газ баллонлар тарқатилди.

Бу ердаги аҳолининг барча қатлами малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллиги аниқланган фуқаролар йўлланма асосида ихтисослашган тиббиёт муассасаларида даволанди. Айни кунда эса “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида “Ором” қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси қурилиши бошланди. Бунинг учун 600 миллион сўм маблағ ажратилди.

Қўйингки, бугун Жомга борган киши уни таниёлмайди. Чунки қишлоқ кун сайин, соат сайин чирой очмоқда. Одамларни ҳаракатга чорлаган, халқимизни уйғотган ташаббусдан барча хурсанд. Ушбу ташаббус қишлоқда яшаётган ёшу қарининг фикрини ўзгартириб юборди. Улар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ободончилик ишлари инсон манфаатига қаратилаётганини юракдан ҳис этишяпти.

Бундай улуғвор, хайрли юмушлар, катта ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишларини кўриб, биз, кексалар ўтган оғир йилларни эсга олдик, бугунги дориламон кунларга шукрона келтирдик. “Ҳа, деган туяга мадад”, деганларидек, ҳар уч кунда ташаббускорлар ёнида бўлдик, озод ва обод юртимизга осойишталик, давлатимиз раҳбарига узоқ умр тиладик.

Шу билан бирга, Наврўз байрами арафасида қишлоқда яшовчи 31 нафар фронторти меҳнат фахрийларига “Нуроний” жамғармаси ҳисобидан 6 миллион 200 минг сўм пулни уйма-уй юриб, тарқатдик. Шу баҳона уларнинг яшаш тарзи, саломатлиги, муаммоларини ўргандик ва жойида ҳал этдик.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида соя ёғи харидоргир ва соғлиқ учун фойдали экани, уни асосий экин сифатида экиш ва вилоятда соя етиштирувчилар ассоциациясини тузиш бўйича кўрсатма берган эди. Мамлакатимизда соянинг сермаҳсул навларини яратган, уни кўпайтириш ва етиштириш бўйича илмий ишлар олиб бораётган олима, профессор Дилором Ёрматованинг жомлик экани ёхуд серқирра ёзувчи, таниқли жамоат арбоби Мурод Муҳаммад Дўст шу қишлоқда камол топгани бу ер ҳали яна ўнлаб иқтидор соҳибларига бешик бўлишидан дарак.

Дарвоқе, “Ташаббуснинг қаноти бор”, дейишади. Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармонига кўра вилоятимизда ушбу дастур бўйича бошланган ишлар изчил давом эттирилади. Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари ўз ҳудудларидан муаммолари кўп, шароити оғир бўлган иккитадан қишлоқни танлаб, уларни намунали масканга айлантиришга киришдилар. Йил охиригача вилоятимиздаги 30 дан ортиқ қишлоқ Жом каби обод масканга айланади, иншооллоҳ.

 

Оқдарёнинг келажаги

 

Шу ўринда муҳтарам Юртбошимизнинг Оқдарё туманига ташрифи чоғида шундоққина оёқ остидаги имкониятлардан ҳаётимиз учун қандай тарзда  фойдаланишимиз кераклиги тўғрисидаги маслаҳатларига тўхталиб ўтмоқчиман. Президентимиз аҳволни ўргангач, нуронийлар ва тажрибали деҳқонлар билан суҳбатлашгач, тошлоқ ва зах ерлардан иборат бўлган туманда бундан буён пахта экмаслик тавсиясини берди. Биргина шу тавсия йиллар давомида туман аҳлига ечимсиз бўлган муаммони бартараф этди.

Оқдарё энди бозорбоп, истеъмолбоп экинлар экишга ўтади. Бундан руҳланган оқдарёлик деҳқонлар ҳозирги кунда ўз даласида сердаромад экинлар парвариши билан шуғулланмоқда. Қай бир хўжалик ёки томорқага борманг, одамлар белни маҳкам боғлаб, боғ ташкил қилмоқда, мева-сабзавот, полиз экинлари етиштирмоқда.

Биргина “Даромад бахт омад” масъулияти чекланган жамияти аъзолари Президент ташрифидан руҳланиб, гидропоника усулида барпо этган мавжуд иссиқхона майдонини яна 20 гектарга кенгайтиришга киришди. Шунингдек, туманда шу йилнинг ўзида 100 гектар, келгуси йил эса 200 гектар майдонда ана шу истиқболли усулда иссиқхона ташкил этилади. Бу қанча маҳсулот, қанча фойда ва қанча янги иш ўринлари дегани.

Бундан ташқари, вилоятда балиқ етиштириш ҳажми 2018 йилда 10 минг тоннага етказилади, шу пайтгача самарасиз фойдаланилган Қўшработ туманидаги тоғолди ва адирликларда писта, бодом, ёнғоқ плантациялари барпо этилади. Вилоятимизга четдан 1500 бош қоракўл зотли ва 1500 бош ҳисори зотли қўй, 1500 бош наслли эчки олиб келинади,

Пахтачи туманида “Чоштепа Шукур чорва” фермер хўжалигида 1000 бош наслли қорамолга мўлжалланган чорва комплекси ташкил этилади, Тойлоқ туманидаги “Орзу Олим Дилмурод асаллари” фермер хўжалиги ўрнида асаларичилик комплекси ишга туширилади.

Бу каби истиқболли лойиҳалар туфайли одамларимиз турмуши нечоғлик ўзгаришини тасаввур қилаверинг.

 

Самарқанд барибир Самарқандда

 

Тўғри, туризм соҳасидаги тезкор ибратли ислоҳотлар туфайли вилоятимизга хорижлик сайёҳларнинг келиши кўпайди. Тарихий обидаларда сайёҳлар учун шарт-шароит яратилмоқда. Шунинг баробарида, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам халқаро андазаларга мослаштирилмоқда. Хорижлик сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармасида махсус бўлим ташкил этилди. Бошқача айтганда, Самарқанд хавфсиз туризм шаҳрига айланмоқда.

Жорий ва 2019 йилнинг охирига қадар кўҳна кентда 25 та уч юлдузли ва ундан юқори даражадаги меҳмонхоналар барпо этилади. Шаҳар марказидаги собиқ “Интурист” меҳмонхонаси ўрнида эса замонавий янги меҳмонхона қад кўтаради.

Суғдиёна истироҳат боғида аквапарк, катта бассейн, шайбали хоккей, замонавий меҳмонхоналар қурилиб, хорижлик ҳамда маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатади. Айни кунларда боғ ҳудудидаги 6,3 гектар майдонда “Картинг клуби”, “Муз саройи” қурилмоқда. Маскан табиий иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда, шарқона усул ва халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, замонавий муҳандислик коммуникациялари билан уйғун равишда барпо этилмоқда, йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш кўзда тутилган.

Энг муҳими, бу оддий истироҳат боғи эмас, меҳмонхона, ресторан ва кафеларни жойлаштириш, янги аттракцион ва ўйин қурилмаларини ўрнатиш орқали замонавий инновацион истироҳат боғи сифатида аҳоли ва сайёҳларга хизмат кўрсатади.

 

Юксак баҳо эзгу ишга чорлайди

 

Тўғрисини айтсам, муҳтарам Юртбошимизнинг жойлардаги суҳбатлар ва Пастдарғом туманидаги йиғилиш давомида вилоятда амалга оширилаётган ишлардан қониқиш ҳосил қилганлиги мени тўлқинлантириб юборди. Аслида йиллар давомида “Самарқанд ибрати”, “Самарқанд тажрибаси” деган илиқ гапларга ўрганиб қолганимиз ва кейинги пайтларда бундай мақтовни эшитмаганимиз учунми, Президентимизнинг самимий тилак ва баҳолари юрагимда илиқлик уйғотди.

Албатта, бу таърифнинг асоси бор, чунки вилоятда сектор раҳбарлари аллақачон ўз идораларини қишлоқ ва маҳаллага кўчиришган. Сайёр қабуллардаги масалаларнинг аксарияти ҳал бўляпти, ойига бир марта тадбиркорлар билан ишлаш куни мавжуд.

Шунинг учун бўлса керак, жорий йилда вилоят бўйича камида 120 мингта янги иш ўрни яратилади. Бу ҳар йилгига қараганда 30 мингтага кўпдир.

- Кўз – қўрқоқ, қўл – ботир, - деди вилоят ҳокими фаоллар йиғилишида. – Мутахассислар билан ҳисоблаб чиқдик, агар бир-биримизни алдамасдан, ҳалол-покиза ишласак, ҳар бир топшириққа масъулият билан ва онгли ёндашсак, бу кўрсаткич янаям юқори бўлиши мумкин. Кўпчилик бу фикрни маъқуллади.

Шу ўринда яна бир мулоҳазамни айтиб ўтмоқчиман. Президент Шавкат Мирзиёев вилоят жамоатчилиги билан мулоқот чоғида ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратди. “Соғлом, билимли, тилни биладиган, замонавий технологиядан хабардор ёшларгина Ватани учун арзигулик иш қила олади”, – деди у киши. Шу сабабли Қўшработ, Нуробод, Ургут, Оқдарё ва бошқа туманлардаги шифохоналарга 4,5 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди. Вазифалар рўйхатида тиббиёт ва фармацевтика бўйича ўнлаб лойиҳа ва 29 та умумтаълим мактабларини таъмирлаш ҳам кўзда тутилган.

Университет хиёбонида буюк хитой файласуфи Конфуций ҳайкали қад ростлайдики, бу алоҳида эътирофга лойиқ ташаббус саналади. Чунки юнон фалсафасида Суқротнинг ўрни қай даражада бўлса, Хитой фалсафаси ҳам Конфуций номи билан машҳурдир. Орадан қанча вақт ўтмасин, унинг пурмаъно ҳикматлари янги қирралари билан жилоланмокда. Бу ташаббус ўзбек-хитой дўстлигини янада мустаҳкамлайди. Ёшларни илм олишга, заковатли бўлишга ундайди. Зеро, Конфуций ёзиб қолдирганидек, агар бир йил яхши яшай десанг, буғдой эк, агар ўн йил яхши яшай десанг, мевали дарахт эк, агар юз йил бахтли яшай десанг, билим ол!

Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифи вилоятда янгича кўтаринкилик пайдо қилаётир. Муҳими, биз ҳар бир дастур ва лойиҳа одамларнинг эҳтиёжидан, талабидан келиб чиқиши зарурлигини тушуниб етдик. Ҳар бир раҳбар халқ учун ишлаши кераклиги ва унинг фаолиятига халқнинг ўзи баҳо бериши амалиётга кирди. Бу эса қадимий воҳада миллий қадриятлар, қадимий анъаналар асосида ривожланишнинг янги, нурафшон босқичларига йўл очмоқда.

 

Ҳасан Нормуродов, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби.

 


Охирги ўзгариш: 25/04/2018 21:52.   Кўрилганлиги: 1081
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/xalq-ishonchi-buyuk-qudratdir

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.