
Самарқанд вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят ва туманлар кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда вилоят ва туманлар кенгашлари депутатлари, шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли бошқарув идоралари раҳбарлари, туманлар прокурорлари, Ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, Фермерлар кенгашлари раислари иштирок этди.
Халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси, вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган мажлисда туман кенгашларининг фермер хўжаликларининг ер участкаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш, фермерларнинг молиявий ҳолатини янада яхшилаш мақсадида уларнинг ер участка ҳажмларини мақбуллаштириш юзасидан қабул қилинган қарорлари ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Даставвал, барча туманлар кенгашлари раислари – ҳокимлар ҳисобот берди. Шундан сўнг вилоят Кенгаши раиси ҳисоботи ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Тоштемир Останоқуловнинг маърузаси тингланди.
Таъкидландики, ўтган хўжалик йилида фаолият кўрсатган 6705 фермер хўжаликлари томонидан 703 минг тонна дон, 3128 фермер хўжаликлари томонидан 228,4 минг тонна пахта хомашёси, 3353 минг тонна мева-сабзавот, 1322 минг тонна чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
Бироқ, айрим фермер хўжаликларида ердан фойдаланиш самарадорлиги пастлиги, оқибатда қишлоқ хўжалик экинларидан норационал фойдаланилиши, контрактация шартномаларини бажармаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Шу жиҳатдан, ҳар бир туманда тегишли вилоят раҳбарлари, адлия, давлат солиқ бошқармаси, хўжалик суди, банк, суд ижрочилари ва Фермерлар кенгашлари раисларидан иборат махсус ҳудудий ишчи гуруҳлари ташкил қилинди. Гуруҳлар режа асосида жойларда ҳар бир фермер хўжалиги фаолиятини таҳлил қилиб, тегишли ташкилотлар билан таққослама далолатномалар тузди.
Шартнома шартларини бажармаётган, иқтисодий ночор, қарздорлиги кўпайиб бораётган, агротехник тадбирлар белгиланган муддатда бажарилмаслиги сабабли ҳосилдорлиги пасайиб бораётган 24 та фермер хўжалиги бўйича хўжалик судининг қарорлари чиқди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ хулосаси асосида 927 та фермер хўжалиги самарасиз деб топилди.
Қайд этиш лозимки, илгари фермер хўжаликларини ташкил этишда талабгорнинг иқтисодий аҳволи, техникаси, тажрибаси, мутахассислиги деярли эътиборга олинмаган. Ҳокимлар ва соҳага масъул 2-3 шахс томонидан фермерларнинг юзаки танлаб олиниши, қарздор фермер хўжаликлари тугатилиб, уларнинг қарзлари осилиб қолиш ҳолатлари кўпайган.
Бундан ташқари, фермерларга пировард натижа, яъни даромад олиш орқали давлат таъминот ташкилотлари ва бюджет олдидаги қарзларини тўлаш масъулияти шакллантирилмаган. Бу борада таъсирчан усулларни қўлаш масаласи эътибордан четда қолган.
Ҳозирги мақбуллаштиришда биринчи марта туман ер участкаларини бериш комиссияси ва туман фермерлар кенгашлари томонидан фермер хўжаликларининг нима учун ер ижара шартномаси тўлиқ ёки қисман бекор қилинаётганлиги сабаблари ўрганилди.
Ўрганиш натижалари ишчи гуруҳларнинг таҳлилий маълумотлари халқ депутатлари туманлар кенгашларининг қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссиялари томонидан муҳокама қилиниб, халқ депутатлари туман кенгашларига, сўнгра вилоят ва туман кенгашларининг қўшма сессияларига киритилди.
Бунда депутатлар, кенг жамоатчилик, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тажрибали оқсоқоллар иштирокида ер ижара шартномаси тўлиқ ёки қисман бекор қилинаётган фермерлар ва янги талабгорлар номма-ном ўрганилиб, муҳокама қилиниб, туман ҳокимларига тавсия қилинди. Сессия хулосаси билан туман ҳокимларининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, ер ижара шартномалари тузилди.
Янгидан фермер хўжалигини ташкил қилиш учун даъвогар бўлганларни танлаб олишда туманларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳоли сони ва бошқа омиллар ҳисобга олинган ҳолда ёндашилди.
Айни пайтда вилоятдаги 12641 та фермер хўжалигига (олдингидан 1689 та кўп) 390,8 минг гектар экин ер майдони бириктирилди. Уларда 21651 та қўшимча янги иш ўринлари ҳамда ердан самарали фойдаланишга имконият берувчи шароитлар яратилган.
Мақбуллаштиришдан сўнг ҳосилдорликни ошириш эвазига пахтачиликда 91,5 минг гектар майдондан қўшимча 2 центнердан, жами 18,3 минг тонна, ғаллачиликда 108,7 минг гектар майдондан қўшимча 5 центнердан, жами 54,3 минг тонна қўшимча ғалла етиштирилиши кўзда тутилмоқда.
Шунинг ўзидан фермер хўжаликлари пахтачиликда 22,6 миллиард сўм, ғаллачиликда 24,4 миллиард сўм қўшимча даромад олади.
Қўшма мажлисда муҳокама этилган масала юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.