
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими З. Мирзаев бошқарди.
23-Қорадарё сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати М.Ниязова сессия котиби этиб сайланди.
Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, вилоятда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг якунлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси О.Ахтамовнинг маърузаси тингланди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, мазкур жараён вилоятда юқори савияда ташкил этилди. 5 майдан 16 июнга қадар 1245 та фуқаролар йиғинларида 1245 нафар фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг 13073 нафар маслаҳатчилари сайланди. Сайланган маҳалла раисларининг 790 нафари ёки 63,5 фоизи биринчи марта мазкур вазифага киришди. Бу ўтган сайловга нисбатан 306 нафарга ёки 38 фоизга кўп, демакдир. Раис(оқсоқол)ларнинг 830 нафари (66,7 фоизи) олий маълумотли, 410 нафари (32,9 фоизи) ўрта махсус, 5 нафари (0,4 фоизи) ўрта маълумотли фуқаролардир. Сайлов натижаларига кўра, 103 нафар хотин-қизлар фуқаролар йиғинлари раислигига сайланди. Шунингдек, оқсоқолларнинг 35 нафарини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ташкил этади.
Маъруза юзасидан музокарада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси Ш.Йўлдошев сўзга чиқди.
Кун тартибидаги иккинчи масала – 2016 йилнинг биринчи ярмида маҳаллий бюджет ижроси тўғрисида вилоят ҳокимининг тақдимномаси ҳақидаги масала муҳокамаси чоғида ўтган даврда маҳаллий бюджет ижроси сифатли таъминлангани қайд этилди.
Натижада вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми прогноз режаси 100,3 фоизга бажарилган. Харажатлар қисми эса 94,1 фоизга ижро этилиб, 1069,3 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилган.
2016 йил биринчи ярмида ижтимоий-маданий тадбирлар учун 899,2 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган. Бу маҳаллий бюджет жами харажатларининг 84,1 фоизини ташкил қилади, жумладан, умумий таълим соҳаси бўйича 521,6 миллиард сўмлик, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 214,3 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилган.
“Соғлом она ва бола йили”
Давлат дастурининг 2016 йил биринчи ярмидаги ижроси ҳақидаги масалани кўриб чиқиш
давомида ўтган даврда вилоятда дастур асосида муайян ишлар амалга оширилгани
таъкидланди. Жумладан, вилоятнинг 12 туманида биттадан, Иштихон ва Ургут
туманларида
иккитадан лойиҳалар амалга оширилиб, маиший хизмат мажмуалари бунёд этилди.
Самарқанд шаҳридаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази
67 турдаги тиббий асбоб-ускуна билан жиҳозланди. 11 та тиббий профилактика
муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Вилоят Она ва бола скрининг маркази ва аҳоли репродуктив
саломатлик маркази вилоят филиали замон талаблари бўйича жиҳозланган бинога
жойлаштирилди. Вилоят бўйича 14 та қишлоқ врачлик пунктида таъмирлаш ишлари
давом этмоқда.
Депутатлар дастурнинг йилнинг қолган даврига белгиланган вазифаларини ўз вақтида, сифатли бажариш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Шундан сўнг 2016 йил биринчи ярим йиллигида иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси юзасидан вилоят меҳнат бошқармаси бошлиғи А.Усмоновнинг ҳисоботи муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Сўнгра халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни ижроси ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Қонун ижроси бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар самарасида кейинги йилларда Сибир куйдиргиси, сил, оқсил, чечак каби касалликлар учрамади. Юқумли касалликлар кириб келиши хавфи катта бўлган Булунғур ва Ургут туманларининг Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида барча турдаги ҳайвонлар махсус дастур асосида мунтазам эмлаб борилмоқда. 2015 йилда ветеринария бўлими ва лабораторияларини жиҳозлаш, капитал таъмирлаш учун 395 миллион сўм маблағ ажратилди. Иштихон ва Нурободда замонавий ветеринария шифохоналари қурилиб, мутахассисларга 125 та термосумка тарқатилган.
Жорий йилда Қўшработ, Пайариқ, Булунғур туман ветеринария бўлимлари таъмирланиши режалаштирилган.
Депутатлар қонун ижросини таъминлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалаларни қайд этиб, ўз тавсияларини билдирдилар.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш борасида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги масала юзасидан депутат Г.Қўчқорова маъруза қилди. Маърузада ушбу йўналишда вилоятда амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилиб, марказлар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Сессияда илк бор “Самарқандтранс маркази” директори И.Ҳамроевнинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатининг “Самарқанд шаҳридаги автобусларда йўловчиларнинг йўл кира ҳақини тўлашда пластик карточкалар орқали сотиб олинадиган жетонлар масаласи бўйича юборилган депутатлик сўрови тўғрисида”ги ахбороти кўриб чиқилди.
Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш чора-тадбирлари ҳақидаги масала мутасадди идоралар масъул ходимлари иштирокида атрофлича муҳокама этилди.
Вилоят Кенгашининг ижтимоий маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Б.Шарофовнинг маърузасида қайд этилишича, бугунги кунда вилоятда дори ва тайёр тиббиёт воситалари билан савдо қилиш ҳуқуқига эга бўлган 581 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги “Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Адлия вазирлигида 2000 йил 9 октябрда 974-сон билан рўйхатга олинган тартибга асосан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари улгуржи савдо учун 20 фоиздан, чакана савдо учун 25 фоиздан ортиқ бўлмаган устамалар қўлланилган ҳолда шартномавий нархларда сотилиши белгиланган.
Бу борадаги ҳақиқий аҳвол вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳлари томонидан ўрганилганда, аҳолини тиббий дори воситалари билан таъминлашда мавжуд тартибларга амал қилмаслик ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланди.
Дорихоналарда аҳолига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдаги буйруқлари ва йўриқномалари мавжуд бўлсада, унга амал қилинмасдан рецепт орқали сотиладиган дори воситалари оддий қоғоздаги кўрсатмага асосан сотилмокда. Айрим дори-дармонларнинг мувофиқлик сертификатлари йўқ.
Жумладан, Нарпай туманида фаолият кўрсатаётган 22 та дорихонанинг 9 тасида, Нурободда 8 та дорихонанинг 4 тасида, Қўшработда 8 та дорихонанинг барчасида ўтказилган мониторинг натижалари бу борадаги ишларнинг ўта қониқарсиз эканлигини кўрсатди.
Мазкур масала юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Эгамбердиев, вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари бирлашмаси раиси И.Ҳасанова, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, соҳадаги камчилик ва нуқсонларни бартараф этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритдилар.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. 43-Султонобод сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган Ботирова Розия Пайзиевнанинг депутатлик ваколати ўз аризасига асосан муддатидан илгари тугатилди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 11-Сарой, 12-Булунғур, 18-Митан ва 43-Султонобод сайлов округларида бўшаб қолган ўринларга 2016 йил 4 сентябрь, якшанба куни сайлов ўтказиш белгиланди.
Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 4
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.