Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими З. Мирзаев бошқарди.

21-Ўртақишлоқ сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Ш.Кенжаева сессия котиби этиб сайланди.

Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, 2016 йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджет ижроси тўғрисида вилоят ҳокимининг тақдимномаси ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидландики, жорий йил биринчи чораги давомида вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми прогноз режаси 100,7 фоизга бажарилди ёки режадаги 266513,9 миллион сўм ўрнига 268411,1 миллион сўм даромад туширилди. Харажатлар қисми эса 94,4 фоизга ижро этилиб, 494849,3 миллион сўмлик харажатлар амалга оширилди. Жумладан, ижтимоий-маданий тадбирлар учун 416817,1 миллион сўм маблағ молиялаштирилди. Бу маҳаллий бюджет жами харажатларининг 84,2 фоизини ташкил қилади.

Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ харажатларга ўзини-ўзи бошқариш органлари орқали 43281 миллион сўм ажратилди.

Кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурининг ижроси ҳақида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси З.Шодиеванинг ахбороти тингланди.

Ахборотда дастур ижросини таъминлаш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар билан бирга эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, мутасадди ташкилотлар олдида турган вазифалар қайд этилиб, зарур тавсиялар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 10 мартда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуни ҳақидаги масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ф.Тошев сўзга чиқиб, мазкур қонуннинг аҳамияти, мазмун-моҳиятига тўхталди. Қонун нормаларини ҳаётга татбиқ этишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари масъулияти ҳақида фикрларини билдирди.

Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги «Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг Иштихон туманидаги ижроси ҳақидаги масалани муҳокама қилдилар. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, сенатор З.Бердиева фармон ижросининг ўрганиш жараёнлари ва унинг хулосалари ҳақида маълумот берди.

Маълумотда келтирилишича, Иштихон туманида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, шу асосида иш олиб борилмоқда. Туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими, молия бўлими, меҳнат маркази ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда туманда кичик мутахассисликларга эҳтиёжи мавжуд бўлган корхона ва ташкилотлар рўйхатлари шакллантирилган. 2015-2016 ўқув йилида 11 та касб-ҳунар коллежини 34 мутахассислик бўйича жами 4416 нафар ёшлар битириши аниқланиб, битирувчиларни ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва келгусида ишга жойлашиши учун 1123 та корхона ва ташкилотлар билан 4379 нафар битирувчилар ўртасида (тўрт томонлама) шартномалар тузилган.

Депутатлар ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, иш берувчилар, ота-оналар ва коллежлар раҳбариятининг масъулиятини ошириш, ушбу масалани ҳар бир касб-ҳунар коллежи мисолида ўрганиш ва таҳлил этиш юзасидан ўз тавсияларини билдирдилар.

Сессияда вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисида қўмита раиси З.Жамоловнинг ҳисоботи тингланди. Ҳисоботда қайд этилишича, 2015 йил давомида 54 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар бўйича маълумотлар таҳлил қилиниб, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган 27 минг субъект хатловдан ўтказилган. Атмосфера ҳавоси, ер, сув ресурсларини ва биологик хилма-хилликни сақлаш, атроф-муҳит ифлосланиши ҳамда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2500 дан ортиқ тезкор назорат тадбирлари амалга оширилган. Атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш бўйича 238 миллион сўмлик жарималар ундирилган. Рекультивация ишлари олиб борилиши натижасида 29,4 гектар бузилган ерлар қайта тикланиб, маҳаллий ҳокимликлар захирасига олинган.

Ҳисобот юзасидан депутатлар қўмита раисига саволлар билан мурожаат қилиб, жавоблар олдилар.

Шундан сўнг, халқ депутатлари вилоят Кенгашига «Адолат» социал-демократик партиясидан сайланган депутатлар гуруҳининг партия депутатлик гуруҳи таркибига ўзгартириш киритиш ҳақидаги мурожаати кўриб чиқилди. Мурожаатга кўра, депутат Юлдуз Жуманазарова партия депутатлик гуруҳи раҳбари этиб сайланганлигини инобатга олиш ҳақида вилоят Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Сессия кун тартибидаги навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2016 йил 25 апрелдаги «Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2015 йилдаги ижроси, давлат дастурларининг бажарилиши юзасидан ўтказилган текшириш натижалари ҳақида»ги маълумоти юзасидан Ҳисоб палатаси бош инспектори А.Ҳамроқуловнинг ахбороти тингланди.

Таъкидландики, ўтказилган назорат тадбири давомида, бюджет даромадларини ошириш ва харажатларини оптималлаштириш манбалари мавжудлиги ҳамда ҳудудни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари бажарилишида камчиликларга йўл қўйилган. Давлат бюджети даромадларини ошириш бўйича ташқи манбалардан олинган маълумотлар асосида солиқ тўловчи юридик шахсларнинг 2015 йил учун тақдим этилган солиқ ҳисоботлари танлов асосида камерал назоратдан ўтказилганда вилоятдаги 139 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бюджет ва мақсадли жамғармаларга 955,1 миллион сўмлик солиқ ва мажбурий ажратмалар кам ҳисобланганлиги аниқланиб, қайта солиқ ҳисоботи олинган. Халқ таълими муассасалари томонидан ота-оналар бадал пулларини сарфлашда белгиланган тақсимотларга амал қилинмаслиги натижасида 142,8 миллион сўм маблағ мақсадсиз сарфланишига йўл қўйилган.

Маълумотномада қайд этилган камчиликларни бартараф этиш ва кўрилган чора-тадбирлар ҳақида вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи А.Каримов, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Р.Йўлдашев ахборот бердилар.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2015 йил 28 декабрдаги «2015 йил вилоят маҳаллий бюджетининг кутилаётган ижроси ҳамда 2016 йилги маҳаллий бюджет параметрлари тўғрисида»ги қарорининг ижроси тўғрисидаги масала юзасидан Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссиясининг ахбороти кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарларининг ўзига бириктирилган ҳудуддаги фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг профилактика инспекторлари лавозимига тавсия этилган номзодлари бўйича тақдимоти масаласи юзасидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси О.Ахтамов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ф.Қувондиқов маълумот берди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Назаров Умиджон Орифович вилоят ҳокимлиги ҳудудни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи этиб тасдиқланди.

Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди. 


Киритилган вақти: 13/05/2016 18:25.   Кўрилганлиги: 1273
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/viloyat-kengashining-sessiyasi-2016-05-13

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.