Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

22 январь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма учинчи сесияси бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими З.Мирзаевнинг 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи ҳақидаги масала кўриб чиқилди. 

Сессияни вилоят Кенгашидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари Б.Шарофов бошқарди.

13-Килдон сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Ф.Бурхоновсессия котиби этиб сайланди.

Сессия ишида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари билан бирга вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, гуруҳ раҳбарлари, котибият мудирлари, вилоят ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари етакчилари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни 251-моддаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши регламентининг янги VI1 бобида вилоятҳокимининг вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш тартиби белгиланган.

Вилоят Кенгаши регламентининг 541-моддасига мувофиқ, вилоят ҳокимининг вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи ҳар йили халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади.

Мазкур мажлис вилоятда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилиши белгилаб қўйилган.

Бу йил мазкур тартиб асосида илк бор вилоят Кенгаши сессиясида вилоят ҳокимининг ҳисоботи эшитилди.

Вилоят ҳокими З.Мирзаев 2015 йилда вилоятда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ҳақида маълумот бериш билан бирга Президентимизнинг жорий йил 15 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга эътибор қаратди.

Таъкидландики, 2015 йилда вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 11 триллион 248 миллиард сўмёки 110,5 фоизни ташкил этди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,8, ҳудудий саноат 19,1, чакана товар айланмаси 14,8, қурилиш пудрат ишлари 12,4 ҳамда ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари 7,3 фоизга кўпайди.

Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, саноат маҳсулотлари 250,4 истеъмол товарлари 54,6, жами кўрсатилган хизматлар 181 ва чакана товар айланмаси 293,2 минг сўмга ошди.

Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 77,9 фоизни ташкил этиб, 2014 йилга нисбатан 0,5 бандга кўпайди. Ҳисобот йилида уларга 972 миллиард сўмлик банк кредитлари ажратилди. Айни пайтда вилоятда банд аҳолининг 84,1 фоизи ушбу тармоқда меҳнат қилмоқда. Умуман, бандлик дастури доирасида йил давомида 94639 та, жумладан, қишлоқ жойларда 80 мингта иш ўрни яратилди.

Маҳаллий, чет эл инвестициялари ва кредит маблағларини жалб этиш ҳисобига 2015 йилда вилоятда 471 та саноат корхонаси ишга туширилиб, 12,5 мингта иш ўрни ташкил этилди. 52 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун 54,6 миллион доллар жалб этилди. Натижада 5,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида пахтачиликда ўртача ҳосилдорлик 24,3 центнерни ташкил этиб, давлатга 228,5 минг тонна ҳосил сотилди. Пахтачиликнинг ўзидан 223 миллиард сўмдан ортиқ даромад олинди.

Ғаллачиликда сувли майдонлардаги ҳосилдорлик 62 центнерни ташкил этиб, 2005 йилга нисбатан 8,6 центнерга кўпайди. Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик тармоқларида ҳам жадал ўсиш суратлари кузатилмоқда.

Бугун вилоятда республикадаги энг кўп – 7968 гектар интенсив боғлар мавжуд. 2015 йилнинг ўзида 1968 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилди.

2015 йил бошида вилоятда 11 мингга яқин фермер хўжалиги фаолият кўрсатган бўлса, йил охирида ўтказилган оптимизация натижаларига кўра, фермер хўжаликлари сони 1689 тага ошди ва натижада 12641 та иш ўрни янгитдан ташкил этилди.

Инвестиция дастурига асосан давлат бюджети ҳисобидан 2,8 триллион сўмлик маблағ ажратилиб, 195 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 57 та умумтаълим мактаби капитал таъмирланди. 9 та соғлиқни сақлаш объектида капитал таъмирлаш ва бино қуриш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, 40 та мактаб учун спорт заллари қуриб, фойдаланишга топширилди.

112 аҳоли пунктларида ичимлик сув объектлари қурилиши учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 8,6 миллиард сўм маблағ ажратилди, 76,2 километр сув тармоқлари, 62 та резервуар ва сув миноралари, қудуқлар қазилди. Натижада 78,1 минг аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланди.

36 километр халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди, қишлоқ жойлардаги 74,9 километр хўжаликлараро ички йўллар таъмирланди. Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида 1235 та уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ва у асосида ишлаб чиқилган ҳудудий дастур доирасида уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионерларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун вилоят бўйича 1 миллиард 48 миллион сўм маблағ сарфланди.

Ҳисоботда эришилган натижалар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил этилди. Ўз навбатида, 2016 йилда амалга ошириладиган ишлар тилга олинди.

Хусусан, 2016 йилда Инвестиция дастури асосида жами 3,1 триллион сўмлик инвестиция жалб қилиниб, 157 та ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирланади.

37 та қишлоқ массивларида 1327 та намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилади.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига мувофиқ 2016 йилда қиймати 909,3 миллиард сўмга тенг бўлган жами 1872 та лойиҳа амалга оширилади ва 17 993 та иш ўрни яратилади.

2016 йилда 434,1 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспортини амалга ошириш кўзда тутилган. Бандлик дастури асосида 95 мингта янги иш ўринлари яратиш вазифаси белгиланган.

Умуман, 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 9,1, саноат ишлаб чиқаришини 11,7, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 6,5, қурилиш-пудрат ишларини 12,1, чакана савдони 14,2, хизматлар кўрсатишни 15,5фоизга кўпайтириш режалаштирилган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ҳисоботни тинглагач, ўз сиёсий партиялари мақсад ва ғоялари ҳамда электорат манфаатлари нуқтаи назаридан вилоят ҳокимига мурожаат қилиб, саволларига атрофлича жавоб олдилар.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов сўзга чиқиб, вилоят ҳокими ҳисоботида қайд этилган вазифаларни амалга ошириш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дастурлар ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда депутатларнинг ўрни ва масъулиятига тўхталди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари У.Розуқулов иштирок этди.

Сессияда муҳокама этилган масала юзасидан Кенгашнинг қарори қабул қилинди.


Киритилган вақти: 25/01/2016 12:01.   Кўрилганлиги: 471
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/viloyat-kengashining-sessiyasi-2016-01-22

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг