Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма иккинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарди. 

9-Ватанпарвар сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Л.Ҳайдарова сессия котиби этиб сайланди.

Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, дастлаб вилоят прокуратурасининг “2015 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолият тўғрисида”ги ахбороти ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Бу ҳақда вилоят прокурори Б.Деҳқанов ахборот берди.

Таъкидландики, 2015 йилда вилоят прокуратура органлари томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, меҳнат ва бандлик, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, соғлиқни сақлаш, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, мурожаатларни кўриб чиқишга оид қонунлар, Президент Фармонлари, ҳукумат қарорлари, давлат дастурлари ҳамда Республика Бош прокурорининг соҳавий буйруқ, кўрсатма ва топшириқлари ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган 354 та текширишларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этишга қаратилган 2074 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Прокурорларнинг қарори ва тақдимномаси бўйича 2811 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Жиддий қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 139 та жиноят иши қўзғатилди. Айбдор шахслар томонидан 76,2 млн сўм моддий зарарнинг ихтиёрий қопланиши таъминланди, судларга 2 млрд 236,3 млн cўмлик 897 та ариза киритилди. Шулар асосида 1635 нафар жисмоний ва 163 та юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ахборот юзасидан депутатлар О.Ахтамов, Г.Қўчқорова ўз муносабатини билдириб, қайд этилган камчиликларни бартараф этишда депутатларнинг ҳам фаол иштироки муҳимлигини таъкидлади.

Сессия кун тартибидаги иккинчи масала – вилоятда ахборот соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши, бу борада вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси фаолиятини ривожлантириш, китоб дўконлари ташкил этиш, маҳаллий кенгашлар даврий нашрларининг муассислари масъулиятини янада ошириш ҳақида вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Б.Шарофов сўзга чиқди.

Ушбу масала муҳокамасида вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Н.Турдибоев, вилоят Кенгаши депутати Б.Шукуров иштирок этдилар.

Шундан сўнг халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг “Туризм ҳақида”ги Қонуни ижроси юзасидан вилоятда туризмни ривожлантириш ва сайёҳларга сервис хизматлари кўрсатишни яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар аҳволи тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда вилоят Кенгаши депутати С.Санақулов маълумот берди.

Маърузачи вилоятда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш лозимлигини қайд этди.

Кун тартибидаги тўртинчи масала - Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) минтақавий вакиллигининг 2015 йилда амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама этиш чоғида депутатлар фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давлат ва жамоат ташкилотлари олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритдилар.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссияларининг 2015 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботлари ҳамда вилоят Кенгаши ва доимий комиссияларининг 2016 йилга мўлжалланган иш режаларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Сессияда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ижроия ҳокимият тизимига ишга ўтганлиги муносабати билан 11-Сарой сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Фаррух Камолов ҳамда 12-Булунғур сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Санақуловнинг депутатлик ваколати муддатидан олдин тугатилди.

Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.


Киритилган вақти: 20/01/2016 10:29.   Кўрилганлиги: 1455
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/viloyat-kengashining-sessiyasi-2016-01-19

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.