Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят Кенгашининг сессияси

Вилоят Кенгашининг сессияси

26 ноябрь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарди. 31-Лойиш сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати С.Аҳмедов сессия котиби этиб сайланди.

Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, 2016 йилнинг учинчи чорагида маҳаллий бюджет ижроси тўғрисида вилоят ҳокимининг тақдимномаси ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидландики, ўтган даврда вилоят маҳаллий бюджети ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Натижада, вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми прогноз режаси 100,4 фоизга бажарилган. Яъни, режадаги 918,9 миллиард сўм ўрнига, 922,6 миллиард сўм даромад туширилган. Харажатлар қисми эса 96,8 фоизга ижро этилиб, 1 триллион 622,5 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилган.

2016 йилнинг 9 ойида ижтимоий-маданий тадбирлар учун 1 триллион 358 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган. Бу маҳаллий бюджет жами харажатларининг 83,7 фоизини ташкил қилади, жумладан, умумий таълим соҳаси бўйича 772,9 миллиард сўмлик, соғ­лиқни сақлаш соҳаси бўйича 335,5 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилган.

Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ харажатларга ўзини ўзи бошқариш органлари орқали 119,1 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Шундан сўнг 2016 йил учинчи чорагида иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли банд­лигини таъминлаш дастурининг ижроси юзасидан вилоят меҳнат бошқармаси бошлиғи А.Усмоновнинг ҳисоботи муҳокама этилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, вилоят бўйича жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 74 минг 828 та, жумладан, хотин-қизлар учун 30 минг 256 та, ёшлар учун 39 минг 587 та, меҳнат мигрантлари учун 9 минг 792 та иш ўринлари ташкил қилинган бўлиб, дастур ижроси 102,1 фоизга бажарилган.

Ташкил этилган иш ўринларининг 20 минг 241 таси мақсадли дастурларга мувофиқ, тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш учун ажратиладиган кредитлари ҳисобига 25 минг 813 та, якка тартибда тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 9 минг 239 та, уй меҳнати ва касаначиликда 9 минг 812 та, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига 9 минг 543 та иш ўринлари яратилган.

Кун тартибидаги учинчи масала – Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг вилоят Кенгашидаги депутатлар гуруҳи томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси "Шаҳарсозлик Кодекси" нормаларининг ижроси юзасидан ахбороти муҳокамаси чоғида вилоятда мазкур кодекс ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилгани таъкидланди. Депутатлар гуруҳи ушбу масалани тайёрлашда кодекс нормаларидан келиб чиққан ҳолда вилоятда архитектура ва қурилиш, шаҳарсозлик ва ободонлаштириш борасидаги ишларни ўрганиб, бир қатор муаммоларни ҳам аниқлаган ва уларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини киритган. Шундан келиб чиқиб, вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ва туман, шаҳар архитекторларига зарур тавсиялар берилди.

Сессияда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг ижтимоий соҳа объектларини 2016-2017 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва мавсумни беталофат ўтказиш бўйича амалга оширган ишлари юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ў.Абдуллаевнинг ҳисоботи эшитилди.

Ҳисоботда мавсумга тайёргарлик юзасидан шаҳардаги ижтимоий соҳа объектларида муайян ишлар амалга оширилгани қайд этилган бўлса-да депутатлар ҳали ечимини кутаётган кўплаб муаммолар борлиги, мавсумни беталофат ўтказиш бўйича бажарилган ишлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермаслигини таъкидладилар. Шу боис халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши, вилоят ўрта махсус, касб ҳунар таълими, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бош­қармалари, коммунал хизмат кўрсатиш идораларига мавсумга тайёгарлик кўриш ва уни кўнгилдагидек ўтказиш юзасидан тавсиялар берилди.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг вилоят Кенгашидаги депутатлар гуруҳи томонидан тайёрланган "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ички хўжалик йўлларига оид нормаларини Жомбой ва Тайлоқ туманларидаги ижроси юзасидан ахбороти ҳақидаги масала ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

Депутатлик гуруҳининг ахбороти бўйича гуруҳи аъзоси Ю.Жуманазарова сўзга чиқиб, Жомбой ва Тайлоқ туманларида қонун ижросини ўрганиш жараёнларида аниқланган камчилик ва муаммоларга эътибор қаратди. Иккала туманда ҳам ички йўлларни таъмирлаш, улардан фойдаланиш борасида кўплаб муаммо ва нуқсонлар бўлса-да мазкур масала халқ депутатлари туман Кенгашларида муҳокама этилмагани таъкидланди. Бу борада жамоатчилик назорати ҳам тизимли йўлга қўйилмаган.

Шундан сўнг "Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушаётган ҳар бир мурожаатнинг ижобий ҳал этилиши ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслар томонидан келаётган мурожаатларни кўриб чиқиш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига 24 ноябрга қадар вилоят бўйича 3194 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 2171 таси кўриб чиқилган ва натижаси электрон дастурга киритилган. Киритилган жавобларнинг 2082 таси республика ишчи гуруҳи томонидан қабул қилинган, 89 таси ўрганилмоқда. Мурожаатларнинг 105 таси вилоят ҳокимлигида, 918 таси эса туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларида ўрганилган.

Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаат этган 1200 нафардан ортиқ фуқароларнинг шаҳар ва туманлар студияларидан иштироки таъминланиб, видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ижтимоий аҳволи туфайли моддий ёрдам сўраб мурожаат этган, кам таъминланган фуқароларни уй-жой билан таъминлаш, қиш мавсуми олдидан уй-жойини таъмирлаш, саломатлигини тиклаш ва бошқа масалаларда мурожаат этган фуқароларнинг эҳтиёжини қондириш учун 1 млрд. сўм моддий ёрдам ажратилиши белгиланди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Худойбердиев Шунқор Фармонович вилоят ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тасдиқланди.

Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.

* * *

Шу куни халқ депутатлари вилоят, Пайариқ ва Оқдарё туманлари Кенгашларининг қўшма мажлиси ҳам ўтказилди.

Мажлисда "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Пайариқ ва Оқдарё туманларидаги ижроси муҳокама этилди.

Мазкур масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Т.Остонақулов маъруза қилди.

Маърузада қайд этилишича, "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси юзасидан Пайариқ ва Оқдарё туманларида муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, Пайариқ туманидаги 48 минг гектар ерни сув билан таъминлаш учун 164,8 километр, Оқдарё туманидаги 28,7 минг гектар майдон сув таъминоти учун 96,2 километр магистрал ва хўжаликлараро каналлар, 400 дан ортиқ гидротехник иншоотлардан фойдаланилади.

Давлат дастурлари асосида суғориш иншоотларида таъмирлаш, реконструкция ишлари бажарилиб, сув таъминоти яхшиланмоқда. Аммо хўжаликларнинг ички имкониятлари ва ресурсларини ишга солиб иригация тизимларини таъмирлаш, сувдан самарали, замонавий илғор технологияларини қўллаб фойдаланишда ҳудудларда эътиборсизлик, камчиликлар кузатилмоқда. Бу эса айрим хўжаликларга сувнинг етиб бормаслиги, экинларни суғоришда қийинчиликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Қўшма мажлисда депутатлар, мутасадди идоралар раҳбарлари томонидан билдирилган фикрлар асосида қонун ижросини тўла таъминлаш юзасидан зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган ҳолда қўшма қарор қабул қилинди.


Киритилган вақти: 28/11/2016 17:56.   Кўрилганлиги: 1304
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/viloyat-kengashining-sessiyasi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.