Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ВИЛОЯТ ФАОЛЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ

ВИЛОЯТ ФАОЛЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ

Вилоят ҳокимлигида 2015 йилнинг биринчи чорагида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган йиғилиш сим орқали, мулоқот тарзида ташкил этилиб, муҳокама жараёнларини барча туман ва шаҳар студияларида маҳаллий кенгашлар депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари раҳбарлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, таълим муассасалари кузатиб бориш ва ўз фикрларини билдириш имкониятига эга бўлдилар.

Йиғилишда йилнинг биринчи чорагида вилоятда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари таҳлил қилиниб, асосий эътибор Президент Ислом Каримовнинг 16 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларининг биринчи чоракдаги ижросига қаратилди.

Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 1 триллион 657 миллиард сўмни ташкил этиб, ўсиш даражаси 110,5 фоизга етди. Бунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 113,8, халқ истеъмоли моллари 105,2, чакана товар айланмаси 114,9, қурилиш-пудрат ишлари 110,2 ҳамда ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 106,2 фоизни ташкил этди.

Аҳоли жон бошига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан саноат маҳсулотлари 48,1, истеъмол товарлари 20,2, жами кўрсатилган хизматлар 11,2 ва чакана товар айланмаси 56,5 минг сўмга ошди.

Жалб қилинган инвестициялар ҳажми 370 миллиард сўмни, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 7,8 миллион долларни ташкил этди.

Маҳаллийлаштириш дастуридаги 34 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида импорт ўрнини босувчи 38 миллиард сўмлик тайёр маҳсулотлар ва материаллар ишлаб чиқарилди.

Дастлабки уч ой давомида 197 та хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилиб, 589 та янги иш ўринлари яратилди.

Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бандлик дастури доирасида 16 627 та, жумладан қишлоқ жойларида 13,4 мингта иш ўринлари очилди.

Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 67,6 фоизни ташкил этди. Биринчи чоракда 733 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 15,6 мингтага етди. Ушбу тармоқ субъектларига 221 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.

Йиғилишда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка янада эркинлик бериш ва рағбатлантириш ҳамда хусусий тадбиркорларнинг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишга йўл қўяётган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари ҳақида вилоят прокурори Б.Дехқанов сўз юритди.

Шунингдек, кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Хўжаёров, Каттақўрғон тумани ҳокими С.Азимов, Пахтачи тумани ҳокими К.Қурбонов ва бошқаларнинг ахбороти тингланди.

Фаоллар йиғилишида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди ва уни вақтида бажариш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Вилоят фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.


Охирги ўзгариш: 07/05/2015 21:04.   Кўрилганлиги: 490
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/viloyat-faollarining-yigilishi-may

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 10

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг