
Вилоят ҳокимлигида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг устувор вазифалари ижросини тўла таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, муҳокама жараёнларини барча туман ва шаҳар студияларида маҳаллий кенгашлар депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари раҳбарлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликсубъектлари кузатиб борди.
Йиғилишда йилнинг биринчи ярмида вилоятда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари таҳлил қилиниб, асосий эътибор Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 15 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда йилнинг қолган даврида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларга қаратилди.
Ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, тасдиқланган дастур ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатларига эришилди. Яъни, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 4 триллион 715 миллиард сўмни ёки 109,5 фоизни ташкил этди. Бунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 112 фоиз, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 122, чакана товар айланмаси 113, қурилиш-пудрат ишлари 115 ҳамда ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари 107 фоизга бажарилди.
Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 72 фоиз, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 52 фоизга етди.
Йилнинг биринчи ярмида жалб қилинган инвестициялар 1 триллион 726 миллиард сўмни, хорижий инвестициялар 38,1 миллион долларни ташкил этди. Натижада режадаги 261 ўрнига 318 хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилиб, улар негизида 1572 та иш ўрни яратилди. Янги ташкил этилган 1231 та кичик бизнес субъектига жами 658,6 миллиард сўм кредит ажратилди.
Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва уларнинг сабаблари таҳлил этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Булунғур туманини комплекс ривожлантириш дастури ижроси устидан тизимли назорат ўрнатилиши лозим. Вазирлар Маҳкамасининг биринчи ярим йиллик якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилиши баёнига кўра, шундай дастур Нарпай тумани бўйича ҳам ишлаб чиқилади. Дастурни ишлаб чиқишга туман ҳокимлиги жиддий эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди.
Дастур лойиҳаларини молиялаштиришда айрим тижорат банклари томонидан турли хил бюрократик тўсиқларга йўл қўйилаётгани кузатилди. Хусусан, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 6 ойда 30 та лойиҳани амалга ошириш учун режалаштирилган 4 миллиард 102 миллион сўмлик банк кредитлари ажратилмади.
Президентимизнинг 2015 йил 28 апрелдаги қарори билан иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш бўйича берилган топшириқлар охирига етказилмаётгани қайд этилди.
Йиғилишда 2016 йилги инвестиция дастурига асосан амалга оширилаётган ижтимоий соҳа объектларидаги қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларнинг белгиланган муддатларда ўз эгаларига топширилишини таъминлаш, куз-қиш мавсумига барча тармоқ ва соҳаларда пухта тайёргарлик кўриш, 12-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган 1-Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида имзоланган экспорт шартномалари мажбуриятларини бажариш бўйича мутасадди ташкилотлар, туман ва шаҳар ҳокимлари олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи У.Назаров, Самарқанд тумани ҳокими Б.Қодиров, Пахтачи тумани ҳокими К.Қурбонов, Самарқанд шаҳар ҳокими А.Шукуров ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, дастурлар ижросини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Вилоят фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 10
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.