Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ВИЛОЯТ ФАОЛЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ

ВИЛОЯТ ФАОЛЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ

2015 йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва жорий йил иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ҳамда устувор вазифалар ижросига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилди.

Йиғилишда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, иқтисодий дастурлар ижроси бўйича республикадан Самарқанд вилоятига бириктирилган вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этдилар.

Дастлаб жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда амалга оширилган ишлар натижаси таҳлил қилиниб, асосий эътибор Президентимизнинг шу йил 16 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирларига қаратилди.

Таъкидландики, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми ўтган 6 ой давомида 4 триллион 262 миллиард сўмни ёки ўсиш даражаси 110,5 фоизни ташкил этиб, белгиланган прогнозга нисбатан 0,9 бандга кўп бўлди.

Бунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 114, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 106,2, чакана товар айланмаси 112,6, қурилиш пудрат ишлари 111,1 ҳамда ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 106,5 фоизни ташкил этди. Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 36,3 фоизи озиқ-овқат, 22,1 фоизи енгил саноат, 21,8 фоизи машинасозлик ва метални қайта ишлаш, 4,4 фоизи химия ва нефть ҳамда 4 фоизи қурилиш материаллари саноати тармоқларига тўғри келди.

Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 71,9 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳаси улуши эса 54,3 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, аҳоли жон бошига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан саноат маҳсулотлари 101,8, истеъмол товарлари 14, жами кўрсатилган хизматлар 61,7 ва чакана товар айланмаси 121,3 минг сўмга ошди.

Бандлик масаласини ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли 47 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиб, уларнинг асосий қисми қишлоқ жойларда ташкил этилди. Эътиборлиси, иш ўринларининг асосий қисми тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш учун ажратилган кредитлар, касаначиликнинг барча шаклларини ва деҳқон-фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига тўғри келди.

Фаол инвестиция сиёсати ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш жорий йилнинг январь-июнь ойларида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 1 триллион 293,0 миллиард сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш имконини берди. Бундан ташқари, хорижий инвестициялар 10,1 миллион долларни ташкил этди.

Биринчи ярим йилликда 482 та хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилиб, улар негизида 1626 та янги иш ўринлари яратилди.

Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам қайд этилди.

Йиғилиш давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун қулай инфратузилмани ривожлантириш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2015-2016 йил куз-қиш мавсумига вилоят иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва коммунал соҳа, уй-жой фондини тайёрлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича кўрилаётган тадбирлар ҳам муҳокама этилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Очилов, вилоят прокурори Б.Дехқанов, вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи Н.Сулаймонов, вилоят ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи О.Бобоев, Самарқанд шаҳар ҳокими А.Шукуров, Ургут тумани ҳокими Ҳ.Оқбўтаев, Пастдарғом тумани ҳокими В.Раҳимов ва Каттақўрғон шаҳар ҳокими Ш.Раҳмонов ахборот берди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.


Охирги ўзгариш: 26/07/2015 17:48.   Кўрилганлиги: 524
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/viloyat-faollarining-yigilishi-2015-07

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг