Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ВИЖДОН АМРИ, ҚОНУН ТАЛАБИ ФАОЛИЯТИМИЗНИНГ АСОСИ БЎЛИШИ ЛОЗИМ

ВИЖДОН АМРИ, ҚОНУН ТАЛАБИ ФАОЛИЯТИМИЗНИНГ АСОСИ БЎЛИШИ ЛОЗИМ

Самарқанд вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Зойир Мирзаевнинг “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари мухбири билан суҳбати

– Зойир Тоирович, кириб келган 2016 йил муборак бўлсин!

Одатда, раҳбарлар билан ўтказиладиган суҳбатларда эркин фикр, мулоҳазалардан кўра кўпроқ рақамлар тилга олинади. Агар рози бўлсангиз, суҳбатимиз давомида хулоса ва сабоқлар ҳақида фикрлашсак.

– Маъқул. Аслида, ҳар бир инсоннинг, айниқса, раҳбарнинг кўнглида тугиб юрган гаплари, ҳар бир йил, ҳатто ҳар бир кун натижасидан хулосаси бўлади. Бугун ана шу фикрларни баён этишга қулай фурсат пайдо бўлди, деб биламан.

– Янги йил арафасида ўтказилган тадбирлар, йиғилишларда 2015 йилда вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида жуда кўп маълумотлар берилди. Бу оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга ҳам етказилди.

Дастурлар ижросига оид кўрсаткичлар, соҳаларда эришилган натижалар, қурилиш-бунёдкорлик ишларини назарда тутадиган бўлсак, вилоят раҳбари сифатида, бундан кўнглингиз тўладиган жиҳатлар кўп бўлса керак. Лекин уларни йил бошида ўз олдингизга қўйган мақсад ва режаларингиз билан таққослаганда, том маънода кўнглингиз тўлдими?

– Ҳақиқатан ҳам 2015 йил кўп синовлар билан кечган бўлса-да юртимиз, хусусан, вилоятимиз учун баракали, файзли йил бўлди, дейишга асосларимиз етарли. Муҳтарам Президентимизнинг 2015 йил 16 январда Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил якунларига бағишланган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари бўйича вазифаларининг бажарилиши натижасида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш, умуман, барча тармоқларда ўсиш, ривожланишга эришилди.

Туман ва шаҳарларимизда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, аҳоли турар-жойлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари, янги йўллар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилди.

Самарқанд шаҳрида ҳар йилгидан кўпроқ йирик халқаро анжуманлар, расмий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, ўнинчи бор ўтказилган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида дунёнинг етмишга яқин давлатидан вакиллар иштирок этди. Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида муҳтарам Юртбошимиз иштирок этиб, қатнашчиларни табриклади.

Юртимиздаги тинчлик-осойишталик, давлатимиз раҳбариятининг оқилона сиёсати самараси бўлган бу ишлар мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон кўнглида шукрона уйғотиши, қалбига фахр ва ифтихор бағишлаши табиий. Лекин инсон фақат бугунги кун билан яшамайди, эртасини ўйлайди, яна ҳам улкан мақсадлар сари интилади. Қолаверса, амалга оширган бир ёки иккита иши билан қониқиш ҳосил қиладиган раҳбар бугуннинг раҳбари эмас.

Кўряпмиз, замон шиддат билан илгарилаб бормоқда. Янгиликка интилмаган одам замондан орқада қолиб кетиши табиий. Шунинг учун ўтган йилнинг энг муҳим сабоғи, хулосаси шуки – Самарқанднинг имкониятлари, самарқандликларнинг азму шижоати янада улкан ишларни амалга ошириш, пировардида вилоятимизни обод этиш, турмушимиз фаровонлигини бугунгидан-да юксалтиришга қодир.

2016 йил дастурларидаги вазифалар салмоғи бултургидан анча юқори белгилангани ҳам бежиз эмас. Демак, бугун олдимизга яна ҳам улкан мақсадлар қўйиб, яна ҳам шижоат билан меҳнат қилишимиз лозим.

– Кейинги пайтда вилоят ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётига оид муҳим масалаларда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳам фаол иштироки кўзга ташланмоқда. Лекин барча депутатлар ҳақида ҳам бу фикрни айтиш қийин. Вилоят Кенгаши раиси сифатида депутатларнинг бир йиллик фаолиятига қандай баҳо берасиз?

– 2015 йилда янги чақириқдаги депутатларнинг фаолияти бошланди. Ушбу чақириқнинг сайлов жараёнларида, депутатликка номзод кўрсатиш ва уларни сайлашда ҳам халқимизнинг фаоллигига, ҳар бир номзод фаолияти, дастурига бефарқ қарамаганига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, бу гал вилоят Кенгашида 25 нафар, шаҳар ва туманлар кенгашларида 127 нафар хотин-қизлар депутатликка сайланди. Депутатлар, кенгаш доимий комиссиялари ва партия депутатлик гуруҳлари янгича асосда иш бошлади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши фаолияти мисолида айтадиган бўлсам, сессияга киритиладиган масала доимий комиссиялар томонидан тайёрланиши йўлга қўйилди. Ҳар бир масала бўйича партия депутатлик гуруҳлари, доимий комиссиялари нуқтаи назари ҳисобга олиниб, муҳокама ва баҳс-мунозаралар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Кенгаш иш режасига кўра, йил давомида халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари билан биргаликда қўшма мажлислар ўтказилди ва муҳим масалалар муҳокама этилди. Йил якунида эса барча туманларда вилоят Кенгаши билан биргаликда қўшма сессиялар ўтказилиб, фермер хўжаликларини мақбуллаштириш масаласини кўриб чиқдик. Чунки эндиликда фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларни мақбуллаштириш масаласи туман кенгашлари қарори билан амалга оширилади. Ана шу жараёнда, афсуски, кўплаб туманларда депутатларнинг ўз ваколат ва мажбуриятларини теран тушуниб етмаётгани, сайловчилар олдидаги масъулиятини унутиб қўйганига гувоҳ бўлдик. Бунга тегишли кенгашлар, партиялар муносабат билдиради. Шу билан бирга, муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузаларида халқимиз, фуқароларимиз онгу тафаккуридаги ўзгаришлар бу, аввало, уларнинг ҳуқуқий онги ўсганлигидан далолат эканлигини таъкидладилар. Шундай экан, раҳбарми, депутатми, унинг фаолиятига халқ ўзининг муносиб баҳосини беради.

Иккинчидан, ўз устида ишламайдиган, одамлар дардини эшитмайдиган ёки эшитганда ҳам уни енгиллаштириш учун ҳаракат қилмайдиган раҳбар, депутатни замоннинг ўзи четга чиқариб қўяди.

Бир сўз билан айтганда, энди бепарво ва лоқайдларнинг ёки масъулиятсизларнинг даври тугади.

– “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботи эшитилади.

Демак, 2016 йилда илк бор бундай амалиёт йўлга қўйилади. Сизнингча, бу мажлиснинг ҳар йили ўтказиладиган йил якунларига бағишланган фаоллар йиғилишидан фарқли томонлари нимада бўлади? Бу ҳокимларнинг масъулиятини оширадими ёки маҳаллий кенгашнинг?

– Ҳар қандай ўзгариш бу, энг аввало, давр талаби. Шу ўринда ҳокимларнинг ҳисобдорлиги ёки депутатлар ва фаоллар олдида ҳисобот беришининг қонунан мустаҳкамланиши, айтиш мумкинки, ҳозиргача муайян ишни бажариб, бундан хулоса чиқарган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишга ёрдам беради.

Кейинги йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган йиғилишларга доимий равишда депутатлар ҳам таклиф этилмоқда. Ислоҳотларнинг бориши, юзага келаётган муаммо ва нуқсонлардан улар хабардор бўлмоқда. Энди эса депутатлар бевосита ҳоким ҳисоботини эшитади.

Бу – икки томон учун ҳам катта масъулият. Чунки ҳоким ҳисоботини эшитган депутат ўз навбатида сайловчиларига ҳисобот бериши, ўзи аъзо бўлган депутатлик гуруҳи, доимий комиссия фаолиятида ҳисоботдан келиб чиқиб, вазифа ва мақсадларни белгилаб олиши зарур. Бу фақат ҳисобот тинглаш дегани эмас, ислоҳотлар боришини таҳлил қилиш ва уларнинг изчиллигини таъминлашга ҳисса қўшиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш деганидир.

Ҳокимлар, яъни ижро ҳокимияти эса ўз фаолияти депутатларнинг, демакки халқнинг эътибори, назоратида эканлигини ҳис қилиб, меҳнат қилади, ислоҳотлар изчиллигини таъминлашга интилади. Яна ҳам содда қилиб айтадиган бўлсак, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қўйилган вазифаларни, халқимиз олдидаги бурчини англаб ишлаган раҳбаргина депутатлар, фаоллар олдига чиқиб гапира олади, ҳисобот беради.    

– Вилоят телевидениеси орқали мунтазам равишда очиқ мулоқотлар ўтказяпсиз. Жойларда, аниқроғи, қишлоқларда қабуллар уюштиряпсиз, электрон мурожаатларга жавоб беряпсиз. Бу тадбирни барча тоифадаги раҳбарлар учун жорий этиш пайти келмадимикан?

– Бу – бугунги кун раҳбари олдига қўйилган энг асосий талаблардан бири. Муҳтарам Президентимиз ҳар бир чиқишларида раҳбар доим одамлар орасида бўлиши, халқни тинглай билиши, энг муҳими, оёғи ердан узилмаслиги керак, деб таъкидлайдилар. Раҳбар халқ орасида бўлса, одамларнинг қувончу ташвишини ўзиники деб билса, ҳузур-ҳаловатдан кечса, қусурлардан ҳоли бўлади. Афсуски, мансаб курсисига ўтиргач, босар-тусарини билмай қолаётган, элдан узилган, одамларни тингламай қўйган раҳбарлар ҳам учрайди. Бундайлар лавозимдан ҳам, одамлар назаридан ҳам жуда тез мосуво бўладилар.

Шунинг учун, қайси даражада бўлишидан қатъи назар, ҳар бир раҳбар, қўл остидаги ходимлар, унга ишонч билдирган кишиларни тинглай билиши, уларнинг кўнглига қулоқ тутиши, одамлар билан гаплаша олиши керак. Бу виждон иши бўлиши баробарида раҳбарнинг энг муҳим вазифаси, бурчларидан бири ҳисобланади.

Кейинги йилларда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ва «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунларда ҳам бу борада аниқ қоида ва нормалар белгиланган.

Телевидение орқали мулоқот ўтказиш ва жойларда кўчма қабуллар ташкил этишда биринчи навбатда аҳолининг манфаатлари кўзда тутилади. Биринчидан, юртдошларимизнинг вақти тежалса, иккинчидан ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилади. Телевидение орқали мулоқотлар ўтказиш, фаолияти тўғрисида аҳолига ҳисобот бериш қонун талаби ҳисобланади ва бу йилдан-йилга кўпайиб, такомиллашиб бораверади.

Жойларда кўчма қабул уюштириш ўзим учун ҳам, фуқароларимиз учун ҳам фойдали бўлмоқда. Вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари томонидан 2014 йил давомида туман ва шаҳарларда 37 марта қабул уюштирилган бўлса, 2015 йилда фуқароларимиз билан 94 марта юз кўришдик. Ҳар бир учрашув якунида аҳолининг мурожаатлари назоратга олиниб, натижаси бўйича шахсан ўзим қизиқиб бордим.

Фурсати келганда айтиб ўтишим керак, кўчма қабул ўтказиш энди бошланган пайтларда баъзида сунъийлик, маҳаллий раҳбарлар томонидан қўйилган тўсиқлар ёки ҳайбаракаллачилик сезилиб турарди. Бу ҳолга ҳозир барҳам берилган, фуқаролар билан очиқчасига, самимий гаплашамиз, уларнинг ҳар қандай дардлари, керак бўлса, таклифларини тинглаймиз.

Халқимизга раҳмат, мулоқотларда дилдан гапиришади, тўғри тушунтирсангиз, ҳақиқатни гапирсангиз, муаммоларга албатта ечим топилишига ишонади, керак бўлса, бунда ўзлари ташаббус кўрсатишади. Президентимиз кўп таъкидлаганларидек, халқимиз ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди. Буни қайси даражада бўлмасин, барча раҳбарлар билиши керак.

Бундан ташқари, қишлоқларга борганимда, маҳаллаларни айланганимда ҳам одамлар билан суҳбатлашаман, уларнинг хонадонига кириб, турмуш шароити билан қизиқаман. Очиғини гапиришади, дардларини тўкиб солади. Агар одамлар орасида бўлсангиз, улар билан тез-тез суҳбатлашиб турсангиз, ойлик қабулни ҳам тез ва осон ўтказиш мумкин экан. Ҳуда-беҳуда эмас, аниқ таклиф, муаммо билан келадиганлар кўпаяди.

Дарвоқе, 2014 йилда фуқаролар томонидан ягона портал орқали 84 та мурожаат келган бўлса, 2015 йил якунида 179 та электрон мурожаатга жавоб қайтарилди.

– Дунёдаги глобаллашув жараёнлари, интернет ва бошқа замонавий ахборот технологияларининг оммалашиши барча халқлар, миллатлар турмуш тарзини ҳам ўзгартирмоқда. Замонавийлик пардаси ортидаги «оммавий маданият» таъсири кундалик ҳаётимизнинг турли йўналишларида кўриниб қолмоқда.

Бундай вазиятда, Президентимиз таъкидлаганларидек, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим. Сиз бу курашнинг эътиборли ва заиф томонларини нималарда кўрасиз? Бунда, аввало, катта ёшдаги инсонларнинг, раҳбарларнинг ўрни қандай бўлиши керак?

– Шу кунларнинг оғриқли масалаларидан бири ҳақида гап очдингиз-да. Ёшлар онгу тафаккурини асраш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, «оммавий маданият» таъсиридан ҳимоя қилиш бугун дунёдаги кўплаб халқларнинг асосий вазифасига айланган. Шу ҳақда ўйлаганимда муҳтарам Президентимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарини қайта-қайта ўқиб, кўп саволларимга жавоб топаман, вазифаларни белгилаб оламан. Ушбу китобда таъкидланганидек, бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади.

Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунда ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишга интилаётганлар жуда кўп. Бунинг учун улар эркинлик, демократия деб жар cолмоқда, динни ниқоб қиляпти, дунёни ягона маданият билан бирлаштиришдек пуч ғояни илгари сурмоқда. Ўзини, ўзлигини англаган инсон албатта, бундай сафсаталар ортида қандай мақсад-муддаолар борлигини яхши билади, ҳар хил ваъдаларга учмайди.

Аммо катта ҳаётга кириб келаётган ёшлар-чи? Улар бу борада етарлича билим ва тушунчага эга эмас-ку. Шунинг учун ёшлар таълим-тарбиясига оилада, таълим муассасасида, маҳаллада алоҳида эътибор қаратиш лозим. Президентимиз китобида санаб ўтилган маънавиятни шакллантирадиган омиллар – халқимизнинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари, тарихи, маданияти, санъати, буюк аждодларимиз мероси, оила, маҳалла ҳаёти, бир сўз билан айтганда, жамики эзгу фазилатларни фарзандларимизга ёшлигидан сингдиришимиз зарур. Ўсиб келаётган ёш авлод биз кимларнинг авлоди эканимизни билсин, юракдан ҳис қилсин ва аждодларга муносиб ворис бўлишга интилсин.

Мана шу ўринда ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшлар Президентимизнинг Самарқандда ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциядаги маърузалари мазмун-моҳиятини яна ҳам чуқурроқ ўрганишлари, анжуман иштирокчиларининг эътироф ва ҳайратларини билишларини истардим.

Катталарнинг, раҳбарларнинг бу борадаги ибрати ҳақида гапирганда, аввало, ёшларга “Бизнинг давримизда унақа эди, биз бундай эдик”, деб эмас, балки бугунги замон талаби, ҳар куни бўлаётган янгиланиш ва ўзгаришларни қалбдан ўтказган ҳолда улар билан кўпроқ суҳбатлашиш, кўнглига йўл топиш зарур, деб биламан.

Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингач, ҳокимлар, бошқа раҳбарларнинг ёшлар билан учрашувлари мунтазамлик касб этмоқда. Самарқанд шаҳрида ҳам вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар билан бир неча марта учрашувлар ўтказдик. Ана шу тадбирлар чоғида йигит-қизларнинг фикри, ғоя ва ташаббусларини тинглаб, уларнинг кенг дунёқараш ва тафаккур билан камолга етаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай шижоатли ёшларни қўллаб-қувватласак, руҳлантира олсак, улар билан катта ишларни амалга ошириш мумкин.

Яна ҳам муҳими, шахсий ибрат. Ҳеч шубҳасиз, уйида газета, китоб ўқиган, маърифатли суҳбат қурган ота-онанинг фарзандларига ҳам бу хислат ўтади. Ёки хизмат сафаридан фарзандлари учун китоб олиб келган, уларнинг туғилган кунига китоб совға қилган отанинг ҳаракатини ҳам олқишлаш керак. Жаҳолатга қарши курашишнинг энг яхши усули маърифат деб кўрсатилиши бежиз эмас.

Яқинда муҳтарам Юртбошимиз таклифи билан республика ҳукумати йиғилишида ҳар бир туман ва шаҳарда замонавий китоб дўконлари қуриш ташаббуси илгари сурилди. Бу борада вилоятимизда ҳам амалий ҳаракатлар бошланди. Бундан ташқари, жамоатчилик кучи билан ҳар бир хонадонга вақтли матбуот нашрлари мунтазам келиб туриши чоралари кўриляпти.

– Зойир Тоирович, самимий суҳбат учун ташаккур билдирган ҳолда вилоятимиз аҳлига тилакларингизни билмоқчи эдик…

– Самарқандда яшаш – бахт, Самарқандда ишлаш – масъулият. Самарқандликман, дейиш фахр. Ниятим – барчамиз шу улуғ юртга, шу фаровон, тинч ҳаётга, шу буюк элга муносиб бўлишга интилиб яшайлик.

Ғолиб Ҳасанов суҳбатлашди


Киритилган вақти: 15/01/2016 18:50.   Кўрилганлиги: 657
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/vijdon-amri-qonun-talabi-faoliyatimizning-asosi-bolishi-lozim

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 4

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг