"Уйимизга раҳбарлар келишини кутмагандим!"

   Жамоат ташкилотлари вакилларининг оилалар билан мулоқотида шундай фикрлар кўп такрорланди. Самарқандда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" талабларининг бажарилишида жамоат ташкилотларининг ролини ошириш" мавзуида республика амалий семинари ўз ишини бошлади.

    Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган семинарга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар хотин-қизлар қўмиталари раислари, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, савдо-саноат палатаси ва бошқа жамоат ташкилотлар бўлимлари раҳбарлари ташриф буюрдилар.

   Семинар иштирокчилари дастлаб гуруҳларга бўлинган ҳолда Самарқанд шаҳридаги Кимёгарлар ҳамда Фарҳод шаҳарча фуқаролар йиғини, Каттақўрғон туманидаги Мўминхўжа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганди. Хонадонларга ташриф буюриб, аҳоли билан суҳбатлашди.

– 2017 йилнинг Президентимиз томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши аҳоли томонидан мамнуният билан кутиб олинди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. – Йил номланиши нафақат давлат идоралари, балки жамоат ташкилотларига ҳам бир қатор вазифаларни юклайди. Семинар доирасида ҳаётий тажрибага эга нуронийлар, хотин-қизлар, оилалардаги муаммоларни ҳал этишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаоллар, шунингдек, етакчи ёшлар оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиб, аниқланган муаммоларни ўша жойнинг ўзида ҳал этиш, амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрди.

    50 нафардан зиёд жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фаоллардан таркиб топган гуруҳни Каттақўрғон туманидаги Мўминхўжа маҳалласида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Раббимова, туман ҳокимлиги вакиллари кутиб олди. Семинар иштирокчилари кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда 800 дан зиёд хонадонларга кирдилар.

– Маҳалла маркази, бу ерда жойлашган қишлоқ врачлик пункти, савдо дўкони, нуронийлар чойхонаси намунавий лойиҳалар асосида қурилгани аҳоли учун жуда қулай экан, – дейди "Нуроний" жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси Топиволди Холдоров. – Хонадонларда саришталик, одамлар кайфиятида бугунги кундан шукроналик яққол кўриниб турибди. Шу билан бир қаторда нафақат ушбу ҳудуд, балки бошқа қишлоқларга ҳам хос бўлган айрим муаммолар мавжуд. Ушбу маҳалла аҳолиси томорқадан унумли фойдаланаётганини кузатдик. Асосан хотин-қизлар, фарзандлари билан қулупнай етиштириш орқали рўзғорига даромад киритаётган оилалар кўп экан. Шунингдек, ушбу маҳаллада уста-ҳунармандлар, автомобиль таъмирловчи усталар, ёлланма иш билан шуғулланаётганлар ҳам бор.

    Томорқасидан етарлича фойдаланмаётган оилаларга банк ходими чорвачиликни ривожлантириш, иссиқхона ташкил қилиш бўйича тавсия берди.

Тикувчиликка уқуви бор, аммо тикув машинаси олишга қурби етмайдиган оила бекасига ҳам амалий ёрдам кўрсатиш лозимлиги белгиланди. Пластик карточка билан савдо қилинаётган дўкон етарли эмаслиги ҳам муаммо. Бу борада нафақахўрларга банк томонидан имтиёзлар борлиги қайд этилди.

Р.Холовлар оиласи иш билан банд, оиладаги муҳит ҳам мўътадил. Турмушидан ажралган қизи фарзанди учун ўтган йили 7 ой мобайнида алимент тўловини олмаган.

М.Исматов оиласида эса тўрт нафар ўғил бор, ўғилларидан бири ўтган йили Россияга ишлаш учун кетган, аммо ҳанузгача дурустроқ иш тополмай қийналаётган экан. Самарқанд шаҳридаги маҳаллалардаги оилалар ҳам худди шу тартибда ўрганилди.

– Фарҳод шаҳарча фуқаролар йиғинидаги оилаларга ташриф буюрганимизда давлат идоралари ходимларининг хонадонма-хонадон юриши ҳеч қачон кузатилмаганлиги, бундай эътибордан жуда мамнунлигини билдирганлар кўп бўлди, – дейди Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова. – Оила бекалари билан ҳамсуҳбат бўлганимда фарзандлари учун етарли шарт-шароитларнинг мавжудлиги, яхши таълим олиши, қўшимча тўгаракларга қатнаши, мароқли дам олиши учун шаҳарчада қулай шароит яратилганидан рози эканликларини кузатдик. Бир неча хонадонларда ишламоқчи бўлган ёшларга кўрсатмалар берилди, патронаж ҳамширалар фаолиятини янада яхшилаш лозимлиги белгиланди, тадбиркорлардан бирига кредит олиши учун ёрдам кўрсатилди. Ушбу ўрганишлар натижаси бугун ўтказилиши режалаштирилган семинарда муҳокама этилади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.



Киритилган вақти: 21/01/2017 09:23.   Кўрилганлиги: 497

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 11

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг