Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ургут тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси

Ургут тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси

Халқ депутатлари Ургут тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вилоят ҳокими З.Мирзаев маъруза қилди. 

Вилоят ҳокими Ургут туманининг вилоятимиз, республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, мустақиллик йилларида Президентимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароит ва имкониятлар туфайли юқори суръатларда ривожланиб бораётганини қайд этди.

Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилди. Бундан 25 йил олдин туманда бор-йўғи иккита ишлаб чиқариш корхонаси – тикувчилик фабрикаси фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир 143 та саноат корхонаси барқарор ишлаб турибди. 1990 йилларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 100 миллион сўм бўлгани ҳолда, бугунги кунда 300 миллиард сўмга етди.

Вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик-қурилиш ишларида, саноатни ривожлантиришда, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасида, хомашё ҳамда тайёр маҳсулотлар экспорт ва импортида ҳам туманнинг улуши салмоқли.

Йилнинг биринчи ярмида туманда қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, енгил саноат, кимё ва нефт-кимё саноати, мебелсозлик ва қоғозни қайта ишлаш, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган 14 та лойиҳа амалга оширилган.

2016 йилда тумандаги 9 та корхона маиший газ баллони, газ плиталари, электродуховка, резинали ковралан (ифорли гилам), полимер елимлар, полиэстр тола, полэстр лента, кесиш ва текислаш учун дисклар, мотор мойи, пластмасса томёпмалар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан маҳаллийлаштириш дастурига кирган эди. Улар томонидан 19 та лойиҳа амалга оширилиши ва
98 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурига кўра, 2,9 млрд. сўмлик 50 та лойиҳа фойдаланишга топширилди.

Умуман олганда, йил якунига қадар туманда саноат соҳасида
129,3 млрд сўмлик 56 та, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда
11,4 млрд сўмлик 184 та лойиҳа амалга оширилади.

- Қишлоқ хўжалиги тармоғида илгари тамаки етиштириш асосий ўринда турган Ургутда бугун мева-сабзавотчилик, полиз ва боғдорчилик жадал ривожланмоқда, – деди З.Мирзаев. – Яқинда Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида тумандаги фермер ва тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари 106 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилиш бўйича шартнома имзолагани, жорий йил бошидан буён мазкур тармоқда 9,9 млрд сўмлик 17 та лойиҳа ишга туширилгани ҳам буни тасдиқлайди.

Кейинги йилларда Ургут шаҳри қиёфаси тубдан ўзгарди. Туман маркази билан боғловчи йўллар кенгайтирилиб, улар атрофида замонавий коммуникация тизимлари яратилди. Туман марказидаги буюм бозори шаҳардан ташқарига кўчирилиб, ўрнида замонавий истироҳат боғи, спорт иншоотлари барпо этилди.

Бундай бунёдкорлик ишлари туманнинг олис қишлоқларида ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, Тожикистон билан чегарадош бўлган “Гулистон”, “Мирзабоғлон-Чеп”, “Тўрткўл” маҳаллаларида улкан ҳажмда қурилиш, бунёдкорлик ва ободончилик ишлари бажарилди.

Жорий йил инвестиция дастурига мувофиқ, туманда 19 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 2 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 1 та касб-ҳунар коллежи, 8 та умумтаълим мактабида реконструкция, мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Битта болалар мусиқа ва санъат мактаби, 6 та умумтаълим мактабида спорт заллари қурилмоқда.

Муҳандислик коммуникация соҳасини ривожлантириш мақсадида йилнинг ўтган даврида 14,8 км ичимлик суви тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бюджет маблағлари ҳисобидан 6,6 км. электр, 2,5 км газ тармоғи реконструкция қилинган.

Сессияда аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, хизматлар кўрсатиш соҳалари ишини жонлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоялаш, улар учун муносиб турмуш ва меҳнат шароитлари яратиш каби масалалар ҳам таҳлил қилинди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ҳиммат Қўчқорович Оқбўтаев Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланиши муносабати билан туман ҳокими вазифасидан озод этилди.

Туман прокурори вазифасида ишлаб келаётган Маматжон Турдиев вилоят ҳокими тавсиясига кўра, Ургут тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессияда туман кенгаши депутатлари, фаоллар сўзга чиқиб, қайд этилган камчилик ва нуқсонларни ҳамжиҳатликда бартараф этишда, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, бунёдкорлик ва ободонлаштиришда ташаббускорликни янада ошириш кераклигига тўхталдилар.


Киритилган вақти: 09/08/2016 19:25.   Кўрилганлиги: 1764
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/urgut-tumani-kengashining-navbatdan-tashqari-sessiyasi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.