Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Тараққиёт истиқболлари эркин иқтисодий зона сари дастлабки одим

Тараққиёт истиқболлари эркин иқтисодий зона сари дастлабки одим

Ургут ўзининг гўзал табиати, беғубор ҳавоси, сахий далалари ва албатта, меҳнаткаш одамлари билан азал-азалдан ном қозониб келган. Бу ерда ҳунармандчилик, халқ амалий санъати намуналарини ишлаб чиқариш айниқса, ривожланган.

Бой, унумдор ерларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилган. Тоғ ва тоғ ён бағирларида чорва боқилиб, хушҳаво масканлар сайёҳ ҳамда меҳмонларни чорлаб турган. Бироқ мустабид тузум даврида туман тамаки етиштиришга ихтисослашган аграр ҳудудга айлантирилди, боғ-роғлар, унумдор ерлар ўрнига қирларда, ҳатто томорқаларга тамаки экилди. Саноат, қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш, уста-ҳунарманд, тадбиркорларнинг ишини рўёбга чиқариш эса мамлакатимиз мустақилликка эришгач, амалга ошди.

Агар ўтган йигирма беш йил мобайнида Ургутда барча соҳада қилинган ишларни таҳлил қилиб, бугунги кунимиз билан таққосланса, ер билан осмонча фарқ борлигини кўриш мумкин. Бугун ҳудудда 143 та саноат корхонаси ишлаб турибди. Ёки маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 100 миллион сўмдан қарийб уч юз миллиард сўмга етди.

Хуллас, бугунги Ургутни кечагиси билан таққослаб бўлмайди. Туман қисқа вақт ичида обод, саноати тараққий этган ҳудудга айланди. Уни янада ривожлантириш истиқболлари эса бунданда кўп.

Шу йилнинг 5 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Ургут туманига ташрифи туманнинг ёрқин келажагини белгилаб берди. Ургутдаги мавжуд имкониятлар, жумладан, туманнинг ресурс базасидан самарали фойдаланиш, саноат ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш орқали Ургут эркин индустриал зонаси ташкил этиладиган бўлди.

Шунингдек, туманнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларидаги лалми, унумдорлиги паст ерларни аниқлаш, тоғ шароити ва туманнинг бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб, ушбу шароитга мослашган, тез ҳосилга кирувчи ёнғоқ, чилонжийда, бодом, узумнинг экспортбоп навларини экиш, иссиқхоналар ташкил этиш, ҳудудда чорвачилик, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш борасида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар билдирилди.

Туманда ушбу лойиҳалар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимининг фармойиши қабул қилинди. Комплекс ривожлантиришнинг уч йўналиши юзасидан дастурларни ишлаб чиқиш бўйича штаб тузилди. Биринчи йўналиш – туманда махсус индустриал зонани ташкил этиш, саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш, янги лойиҳаларни аниқлаш ва уларга талаб этиладиган ер майдонларини танлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган, тошлоқ ер майдонларига эътибор қаратган ҳолда тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Туманда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари жойлашган ҳудуд 31,2 гектарни ташкил қилиб, жорий йилда шу ҳудуддан 84 лойиҳа учун 53 гектар ер ажратилди. Бугунги кунда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Сариқтепа массивидаги 68 гектар яхлит ер майдонига лойиҳаларни жойлаштириш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Бугунги кунда 707 миллиард сўмлик 220 та лойиҳа шакллантирилди. Лойиҳаларни шакллантиришда туманда янги ишлаб чиқариш турлари, айниқса, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашга мўлжалланган йирик енгил саноат корхоналарини жойлаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Иккинчи йўналиш – хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасини ривожлантириш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар аниқланди. Тумандаги қишлоқ фуқаролар йиғинлари кесимида аҳоли талабидан келиб чиқиб, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳа ҳамда таклифлар умумлаштирилмоқда. Экотуризм ва туризм соҳасини ривожлантириш юзасидан Қоратепа – Омонқўтон ҳудудида 6 та лойиҳа-таклиф шакллантирилди.

Туманда мустақиллик даврида мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш, полиэтилен маҳсулотлари, одеал, полиестр тола, спорт пойабзаллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш янгидан йўлга қўйилди. Черепица, бўз, чит, электр печ ва плита, мотор мойи, пластмасса буюмлар каби халқ истеъмоли моллари тайёрлаш кенгайтирилди ҳамда йўлга қўйилди.

Эркин иқтисодий зонанинг шаклланишида ердан унумли фойдаланиш жуда муҳимдир. Шунга кўра, хусусан, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган, ҳосилдорлиги паст 11 минг гектар ер майдонлари фермер ва тадбиркорларга тақсимлаб берилмоқда. Тоғолди ҳудудлардаги шундай майдонларда ёнғоқ, писта, бодом, токзор барпо этиш эса уч мингга яқин фермер хўжаликларини ташкил этиш имконини беради. Натижада бундай эзгу ишлар ҳисобига тўққиз мингта янги иш ўрни очилади.

Булар дастурнинг учинчи муҳим йўналишидир. Ҳозирги кунда янгидан тузилган фермер хўжаликлар ўзларига ажратилган ерларда ёнғоқ, чилонжийда, бодом каби дарахтларни экиш, иссиқхоналар барпо этиш ишларини бошлаб юборганлар. Бунда тажрибали олим ва мутахассислар жалб этилиб, агротехник тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан ҳудуднинг табиий иқлимига қараб, жойларда Корея технологияси асосида 1,2 гектарлик иссиқхоналар барпо этиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, туманнинг тоғолди ҳудудларида чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик йўлга қўйилади.

Эркин иқтисодий зона ташкил этишдан асосий мақсад аҳолини мўл-кўл ва сифатли озиқ-овқат, халқ истеъмоли моллари билан таъминлабгина қолмай, уларни экспортга чиқариш ҳам кўзда тутилади. Бу борада туманда юқорида қайд этилганидек, саноат йўналишида ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Тумандаги 829 та фермер хўжалигининг 300 дан ортиғи кўп тармоқли хўжаликка айлантирилган. Айни пайтда мазкур хўжаликлар 810 гектар ерга ғалла, 2,087 гектар ерда сабзавот экинлари парваришламоқда. Ўнлаб фермер хўжаликлари эса тадбиркорларга яратилган имкониятдан фойдаланиб, савдо ва маиший хизмат соҳасида фаолият кўрсатмоқда.



Охирги ўзгариш: 19/12/2016 18:56.   Кўрилганлиги: 1506
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/urgut-dasturi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 14

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.