
Яқинда бир танишим "Каттақўрғон туманига йўлингиз тушса, "Чиғатой файзли боғлари" фермер хўжалигига боринг, у ерда меваларнинг Америка, Европа, Осиёдан келтирилган ноёб турларини кўрасиз. Бу фермернинг боғдорчиликдаги ишларини кўриб, мана шундай хўжаликларни бошқаларга ҳам намуна қилиб кўрсатгингиз келади", деб қолди.
Фермер ҳамроҳлигида боғни айланарканман, қадам босишга ҳам жуда эҳтиёткорлик зарур бўлди. Хўжалик аъзолари ҳар қарич ерда уруғидан кўкартирилган, пайванд қилинган кўчатларни парваришлаётган экан.
Дастлаб ҳосилга кирган меваларни кўздан кечирдик. Бу ерда олма, олхўри, ёнғоқ ва гилоснинг серҳосил ва тезпишар навлари, қатор ораларига эса сабзавот экинлари экилган. Дарахтлар атрофида малина ўстирилмоқда. Бу ердан самарали фойдаланиш билан бирга, мева танасини турли зарарли ҳашаротлардан сақлар экан. Боғнинг этак қисмида эса водий вилоятларидан келтирилган 1,5 минг туп анор, Қирғизистондан олиб келинган "Ўрмон гўзали" ва бошқа навли 10 турдан ортиқ 20 минг туп нок, "Шпонка" навли олча, Ҳиндистоннинг данаксиз аноригача пайвандлаш усулида кўпайтирилмоқда. Боғда олманинг 20, гилоснинг 5, шафтоли, ёнғоқ, ўрикнинг 10 тадан, олхўрининг 7, нокнинг 16 ва узумнинг 18 хил навларидан 200 мингдан ортиқ мева кўчатлари ўстирилмоқда. Боғбонлар нок кўкартиришнинг машаққати ва 10-12 йилда ҳосилга киришини яхши билишади. Хўжалик аъзолари эса хусусиятига кўра нокка яқин бўлган олмурутга пайванд қилиш билан нокнинг ўсишини тезлаштириб, тезпишар ва серҳосил навини кўпайтиришмоқда. Бу нав июнь ойининг ўрталаридан октябрнинг сўнгига қадар ҳосил бериши билан аҳамиятли. Кўчат қаламчалари қаторидан ўтганда Америка ва Канададан келтирилган ёнғоқ, Грузия ноклари, Грециянинг олхўри, шафтоли, арча, Россиядан олиб келинган қарағай ниҳоллари, 1 тупида 2-3 хил ҳосил берадиган шафтоли навлари парваришланади. 5 сотихли табиий иссиқхонада анжир экилмоқда. Чунки одатий усулда анжир етиштиришда куз-баҳордаги кўмиб-очиш пайтида гул туганаклари кўп нобудгарчиликка учрайди, анжирнинг иссиқхонада ўстирилиши ҳисобига ҳосилдорликнинг юқори бўлиши синовдан ўтган.
– Бу ишларни бошлаганимизга ҳали кўп бўлгани йўқ, – дейди "Чиғатой файзли боғлари" фермер хўжалиги бошлиғи Тоҳир Ёрқулов. – 2007 йилда йўл бўйидаги 80 сотих қаровсиз ерни тозалаб, кўчат экдик. 2015 йилда эса 5 гектар ер олиб, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил этдик. 2016 йилда Қорадарё бўйларидаги 3,8 гектар ер ҳисобидан хўжалигимиз кенгайди. Отам билан кўп йиллар турли жойларда бирга ишлаган ҳамкасблари, шогирдлари, танишлари хорижий давлатларга борса, совға сифатида бирор ноёб мева кўчатидан келтиришади. Қолаверса, ўзлари ҳам боғдорчиликка қизиққани боис бирорта яхши мева ҳақида эшитса, бошқа давлатга бориб бўлса ҳам ўша мева кўчатидан топиб келиб экади. Хўжалигимиздаги меваларнинг аксарияти уруғидан экиб кўкартирилган. Отам уларни томорқамизда экиб, тажриба қилиб кўради, сўнг боғдаги илдизига мос меваларга пайванд қиламиз. Ҳозир хўжалигимизда Грециядан келтирилган шафтоли, нок, олхўрининг серҳосил навларидан 3 минг туп кўчат тайёр бўлди. Бундан ташқари, хўжаликдаги 20 сотих майдонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қуритиш ва қайта ишлаш цехи қуриляпти. Бунинг учун Эрон давлатидан замонавий ускуналар келтириш борасида келишувимиз бор. Агар хорижда экотуризм фаолиятини кузатадиган бўлсак, уларда сайёҳлар асосан фермерларнинг уйи ёки дала шийпонида қолишни лозим топишади. Биз ҳам келажакда шу ерда сайёҳлар учун меҳмонхона ташкил этиб, интернетда ўз имкониятларимизни ҳавола этамиз. Бу ҳам иқтисодий самарадорликнинг усулларидан бири.
Маълумотларга қараганда, Хитойнинг "Гожа" ўсимлиги мевасининг 1 килограми Европа давлатларига 100 доллардан сотилади. Бир йилда ҳосилга кирадиган бу ўсимликдан Германияда юрак, қон-томир, бел, оёқ, ошқозон, буйрак касалликлари учун дорилар тайёрланади. Водий вилоятларида эса бу ўсимликнинг кўчати 40-50 минг сўмдан сотиларкан. Фермер бир йилда бундай доривор ўсимликнинг 100 донасини кўпайтирди.
Замонавий интенсив боғдорчилик талабларига кўра, кўчат олиб келиш, мевалар устини тўр парда билан ёпиш, шпалер, сим тортиш ва бошқа ишлар учун гектарига 200 минг долларгача маблағ талаб этиларкан. Хўжаликда бунинг оддий ечими сифатида мева қатор ораларига янги ва серҳосил 1200 туп "Гигант" навли узум войиш усулида экиляпти. Бундай усул ердан оқилона фойдаланиш ва меваларга қуёш нури тўғри тушиши ва бошқа омиллар сабаб ҳосилнинг сифати пасайишидан сақлар экан.
Бундан ташқари, хўжаликда Англия атиргули, Япония қўнғироқ гули, тутнинг "Китоб", "Арча", "Чаппатут" каби турлари, араб мажнунтоли, бир йилда 5 метргача ўсадиган "Павлония" дарахтини ҳам учратдик. Маҳалладаги 5 оила бандлигини таъминлаган хўжаликда доим иш қизғин. Бугун ҳам ишчилар томорқадан келтириладиган янги кўчатлар учун жой тайёрлашяпти.
10 сотихли томорқани хўжаликнинг шахсий тажриба станцияси деса бўлади. Бу ерда Қува анорининг бир неча турлари, 20 га яқин узум, 7 хил нок, пакана ўрик, хурмо, анжир ва бошқа меваларнинг 10 мингдан ортиқ кўчатлари ўстирилмоқда. Экилганига чорак асрдан ошган унаби, бодом, пальма дарахтларини ҳам шу ерда учратиш мумкин. Ҳаттоки, уйнинг ҳовли қисмидаги пойдевори атрофида ҳам сабзавотлар ўстирилмоқда.
– Бундан 35 йил олдин томорқадаги мўъжазгина иссиқхонага 12 туп лимон эккандим, – дейди фермернинг отаси Мухтор Ёрқулов. – Вақт ўтиб, кўчатларнинг ҳар биридан 30 килограмдан ҳосил оляпмиз. Ҳозир иссиқхонада 1 туп узумдан йилига 2 маротаба ҳосил етиштиришни синаб кўряпмиз. Очиқ ҳолда узум етиштиришда кўчатлар кузда уйқуга кетади. Иссиқхонада эса доим мўътадил ҳароратда ҳосил туганаклари пайдо бўлаверади. 20 йил олдин Дубайдан киви кўчатини келтириб экканимда ҳам кўпчилик бу дарахтни қишнинг совуғига бардош беролмайди, деганди. Мен кивини айнан очиқ жойда ўстирдим. Тўрт йил ўтиб, ҳосил бера бошлади. Ҳозир 15-20 килограмм мева беради, яна кивининг иқлимимизга мос 45 туп кўчатини тайёрладим. Қаердаки, серҳосил ва тезпишар, экспортбоп ва харидоргир мева ҳақида эшитсам, топиб келиб, иқлимимизга мослаб, юртимизда кўпайтиришга ҳаракат қиламан.
Хонадонда ва хўжаликда боғдорчиликни ривожлантиришда ҳосилдор ва тезпишар навларни маҳаллийлаштириш бўйича талай ишлар амалга оширилган. Шу билан бирга, хўжаликда ягона тизимга бириктирилган интенсив боғ ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.