Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“ТОЗА СУВ – МУСАФФО ҲАВО, СОҒЛОМ ҲАЁТ!”

“ТОЗА СУВ – МУСАФФО ҲАВО, СОҒЛОМ ҲАЁТ!”

Шу шиор остида ўтказилган “Фавворалар сайли” Самарқанд вилоятида кенг нишонланди.

“Подшоҳ саройида суви тепага отилиб турган фаввора бўлиб, унда қизил олмалар қалқиб турарди”.

Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо Соҳибқирон Амир Темурнинг Дилкушо боғида бўлганида ҳайрат билан ушбу таассуротларини баён этганига олти асрдан зиёд вақт ўтди. Самарқанд тарихи билан боғлиқ қадимий фавворалар Алишер Навоийнинг асарлари, “Бобурнома”га ишланган миниатюраларда ҳам акс этган.

Кўринадики, мамлакатимизда фавворалар бунёд этиш анъанаси узоқ тарихга бориб тақалади.

Бугун фавворалар ўзгача қиёфа касб этиб, ранго-ранг чироқлар ёғдусида ва мусиқа садолари уйғунлигида юртдошларимиз руҳиятига оромбахш ҳузур бағишламоқда. Эътиборлиси, мана иккинчи йилдирки, Самарқандда 1 май куни фавворалар сайли уюштирилаётир. Боғу хиёбонлар, майдонларда замонавий фаввораларнинг бунёд этилиши вилоятда амалга оширилаётган ободончилик, бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанглик касб этаётир.

Самарқанд вилоятида бугун 58 та фаввора мавжуд бўлса, уларнинг 12 таси нурли-мусиқали, 37 таси нурли, тўққизтаси оддий фавворалар ҳисобланади. Ҳозирда вилоятда нафақат бетакрор фаввора яратиш, балки уларнинг атрофини ободонлаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, майсазор ва гулзор барпо этиш, дарахтларга шакл бериш, каштан, япон сафораси, лола дарахти, қрим қарағайи, қора қарағай кўчатларини экиш, парваришлаш тажрибаси шаклланди.

Биргина, Самарқанд шаҳрининг ўзида 105 гектар кўкаламзорлаштирилган майдон, 910 минг квадрат метр яшил майсазорлар ташкил этилди. 300 минг тупдан ортиқ манзарали ва игна баргли дарахтлар парваришланмоқда.

Беш йилча бурун хориждан келтириб экилган лола дарахтлари бу йил биринчи бор гулга кириб, юртдошларимиз ҳамда сайёҳлар кўнглига ҳузур бағишламоқда.

Самарқандликларнинг меҳри тафти билан ўсаётган дарахтлар, ям-яшил майдонлар, гулу гулзорлар, рангин ва ўйноқи фавворалар дилларга қувонч, шодлик улашиб, шаҳар ва туманлар чиройига чирой қўшмоқда.


Самарқанд шаҳрининг Кўксарой, Амир Темур ва Театр майдонлари, Университет ҳамда Йўлбарслар хиёбони, Шоирлар боғи, аэропорт ва темир йўл вокзали олдидаги фавворалар атрофида ўтказилган “Тоза сув – мусаффо ҳаво, соғлом ҳаёт!” шиори остидаги сайлда ана шундай эътирофли фикрлар халқимиз тилида, дилида янгради.

– Мутахассислардан эшитганман, дов-дарахтлар, фавворалар ёзнинг иссиқ кунларида ён-атрофга салқинлик таратиб, ҳаво ҳароратини 3-6 даражагача пасайтириб турар экан, – дейди Навоий вилоятидан ташриф буюрган Равшан Шарипов. – Бугун турмуш ўртоғим, набираларим билан Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган фавворалар сайлини томоша қилиб бунга гувоҳ бўлдик. Кундан-кун чирой очиб, дунё аҳлини ўзига ром этаётган бу шаҳарга мана шундай мусаффолик, байрам холдек ярашибди. Барчанинг юзида қувонч, кўзида табассум. Буларнинг барчаси юртимизнинг шукрона келтиришга, қадрига етиб яшашга арзигулик тинчлиги, осойишталигидан далолат.

Тадбирларни қадим ва навқирон шаҳримизга ташриф буюрган 500 нафарга яқин сайёҳлар ҳам бевосита томоша қилишди. Тарихий асарларда битилган фаввораларимиз ҳақида билимларини замонавий талқиндаги маълумотлар билан бойитдилар.

– Самарқандда ўтаётган “Фавворалар сайли”да иштирок этаётганимдан мамнунман, – дейди америкалик сайёҳ Эндрю Мобз. – Бизда ҳам фавворалар кўп, аммо бундай байрам йўқ. Фаввораларга сизлардагидек эътибор берилмайди. Юртингизда туну кун фавворалар атрофи одамлар билан гавжумлиги ҳам эътиборимни тортди. Бу албатта, одамларнинг бугунги кунидан кўнгли тўқлиги, эртанги кунга ишончини билдиради.

– Аввало, дунёга донғи кетган азим Самарқанд шаҳрида эканлигимдан хурсандман, – дейди шри-ланкалик сайёҳ Рамзан Ҳамид. – Саёҳатимиз шаҳарда ўтказилаётган фавворалар сайлига тўғри келгани бизга мароқли бўлди. Амир Темур мақбарасидан чиққанимизда Регистон майдонига бориш учун машинага чиқишни истамадик. Ахир бундай тарихий шаҳарни пиёда айланганга нима етсин! Йўл-йўлакай фавворалар атрофида ташкил этилган концерт дастурларидан баҳраманд бўлдик. Бизда бундай сайл ёки фестивал йўқ. Бошқа давлатларда ҳам бундай тадбирнинг борлигини эшитмаганман. Сайл тадбирлари давомида Самарқандга нисбатан ҳайратимиз ва меҳримиз янада ошди.

Сайлларда вилоятнинг таниқли санъаткорлари, ёш ижрочилар, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари, театр ижодкорлари томонидан тайёрланган саҳна асарлари намойиш этилди. Номдор рассомлар ҳаваскор мусаввирлар учун мастер-класс машғулотлари ўтдилар. Шоирлар тадбир мазмунига мос ижод намуналари билан чиқиш қилди. Турли спорт мусобақалари, интеллектуал танловлар, расмлар кўргазмалари, Шарқ ширинликлари савдоси ташкил этилди.

Худди шундай сайллар вилоятнинг Ургут, Пастдарғом, Пайариқ ва Нуробод туманлари маданият ва истироҳат боғларида бунёд этилган фавворалар атрофида ҳам уюштирилди.

– Барча жойларда бўлгани каби туманимиз истироҳат боғида ҳам фаввора барпо қилиниши бу ерни энг сўлим, хушҳаво масканга айлантирди, – дейди Ургут туманидаги 5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳ.Раҳматов. – Бу ўз навбатида, ҳудуднинг мўътадил ҳаво ҳароратини, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда.

Нуробод туманида ўтказилган сайлда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари иштирокида мусобақалар, “Нуробод” газетаси қошидаги “Гулшан” адабий тўгараги аъзолари томониданшеърхонлик кечаситашкил этилди. Туман таълим муассасалари ўқувчилари жалб этилиб, фаввораларнинг инсон саломатлигига ижобий таъсири, ҳузур бахш этиши, чарчоқни чиқариши, кайфиятни кўтариши каби хусусиятлари ҳақида маърузалар қилинди.

Шифокорларнинг таъкидлашича, фавворалар асабни тинчлантириб, кайфиятни кўтариш хусусиятига эга экан. Кечқурунлари фаввора жилосига тикилган, ундан баҳра олган кишининг қон айланиш тизими ва мия фаолияти яхшиланади, сув бўйида ором олган киши енгил тортиб, тетиклашади.

Шу боис бўлса керак, шу куни эрта тонгдан, тун ярмига етгунча фавворалар атрофи юртдошларимиз ва меҳмонлар билан гавжум бўлди.


Киритилган вақти: 02/05/2016 18:36.   Кўрилганлиги: 813
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/toza-suv-musaffo-havo-soglom-hayot

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 9

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг