
Самарқандда ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби мавзусида республика анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент Ислом университети, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси Ж.Иноғомов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланаётгани, инсон қадр-қиммати улуғланаётганини алоҳида таъкидлади.
Бугун дунёнинг турли мамлакатларида кечаётган мураккаб жараёнлар, диний эсктремизм ва терроризм хавфининг тобора кучаяётгани ҳар биримиздан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишни, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асрашни тақозо этади. Ақидапараст оқимларнинг муқаддас ислом динини ниқоб қилиб, унинг ғоя ва мақсадларини нотўғри талқин этаётгани, ёш авлод онгига ёт ғояларни сингдиришга уринаётгани ташвишланарлидир. Ваҳоланки, ислом дини таълимоти бағрикенг, меҳр-оқибат, одоб-ахлоққа йўғрилган тинчликпарвар ғоялари билан барқарорликка раҳна солувчи ҳар қандай иллатни кескин қоралайди ва уларга қарши маърифат билан курашишга чақиради. Инсонларни эзгулик йўлида бирлашиб, ҳамкор ва ҳамнафас бўлиб яшашга даъват этади.
– Дунёда глобаллашув жараёнлари кучайган, ниҳоятда тезкор бугунги замонда ер юзида тинчликни асраш, барқарор ривожланишни таъминлаш инсоният олдидаги энг муҳим вазифа бўлиб турибди, – дейди Фарғона вилояти бош имом-хатиби Турсунтоҳир Эрбўтаев. – Зеро, тинчлик-осойишталик йўқ жойда фаровон турмуш, тараққиёт ҳақида ўйлаб ҳам бўлмайди. Буни дунёнинг турли минтақаларидаги нотинч вазият кўрсатиб турибди. Шукрки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Халқимиз бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз кун сайин обод бўлиб бораётир. Ана шу ободликни кўрганимизда “кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол кўнглимиздан ўтади. Ва бундай фаровон кунларга етказгани учун шукрона келтирамиз. Бу кунларга осонликча эришилмаганини бир лаҳза бўлсин унутмаслигимиз, тинчликнинг қадрига етиб, уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини англамоғимиз лозим.
Диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашнинг долзарб йўналишлари, аҳоли орасида диний ақидапарастлик ғоялари тарқалишининг олдини олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг роли, жамиятда ижтимоий барқарорликни сақлаш, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишда имом-хатибларнинг ўрни каби масалалар юзасидан маърузалар ўқилди.
– Инсон жамиятда ўз ўрнини топиши учун шу жамиятдаги қонун-қоидаларга риоя қилиши лозим, – дейди Тошкент шаҳридаги “Минор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматулла Сайфиддинов. – Бу қонун-қоидалар гўзал ахлоқ, тартиб-интизомдир. Динимизнинг бош ғояси ҳам шу – гўзал ахлоқ, намунали ҳаёт тарзи. Лекин бугун ер юзининг турли минтақаларида муқаддас динимиз ғояларига мутлақо ёт бўлган ишлар ислом дини номи билан амалга оширилаётгани фитнадан бошқа нарса эмас. Буни халқимизга, айниқса, ёшларга тушунтириш, динимизнинг асл моҳияти тинчликпарварлик, инсонпарварлик, юртсеварлик эканлигини айтиш барчамизнинг бурчимиздир.
Анжуман қатнашчилари Президентимиз ташаббуси билан кўркам масканга айланган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳамда Имом Бухорий халқаро марказида бўлиб, улуғ алломаларимиз номини қайта тиклаш, муқаддас қадамжоларини обод этиш, уларнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ғолиб Ҳасанов
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.