
Пахтачи туманида истиқомат қилувчи 53 ёшли Эсма Бекерова яқинда оғир аҳволда туман марказий шифохонасига келтирилди. Оилавий шароити оғир бўлганлиги сабабли онахон ўз вақтида шифохонада даволанмасдан келаётган экан. Лекин бир неча бор жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган.
Бу сафар унинг ҳаёти хавф остида қолган эди. Чунки ўсимта ёрилиб, унинг заҳри бутун тана бўйлаб ёйилиб кетган экан. Чекка туманда бу каби мураккаб операциялар ҳали ўтказилмаганлиги сабабли пахтачилик шифокорлар тиббий маслаҳат сўраб республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали мутахассисларига мурожаат қилишди.
- Бемордаги ўсимталар жарроҳлик йўли билан олиб ташланмаса, ёмон оқибатларга олиб келишини тушуниб турардик, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шавкат Шомирзаев. – Бу жуда хавфли бўлиб, туман шароитида бундай мураккаб амалиёт ҳали ўтказилмаган, қолаверса, онанинг ёши ҳам катта, бунинг устига ўсимта тананинг бир эмас, бир нечта жойини зарарлаган эди.
Ниҳоят барча тайёргарликдан сўнг республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг етакчи жарроҳлари О.Хўжамов, И.Шоназаров ва Й.Кулиевлар беморнинг жигар, талоқ, бачадон, қорин парда орти соҳаси, қорин бўшлиғининг барча соҳаларидан 21 та эхинококк ўсимталарини жарроҳлик операцияси ёрдамида олиб ташлашди.
- Бу жудаям мураккаб жарроҳлик операцияси бўлиб, шу пайтгача фақатгина пойтахтда ва Самарқанд шаҳридаги ихтисослашган шифохоналарда амалга ошириб келинган, – дейди тажрибали жарроҳ Олимжон Хўжамов. – Бу операция орқали нафақат беморнинг шаҳарга бормасдан саломатлиги тикланди, балки олис туманда ҳам қийин жарроҳлик амалиётларини ўтказишга имконият борлиги исботланди.
Бугунги кунда беморнинг аҳволи яхшиланиб, тикланиш жараёни тез ўтмоқда.
- Тан олишим керак, яшашдан умидимни бутунлай узиб қўйган эдим, -дейди Эсма Бекерова. – Икки марта операция қилингач ҳам аҳволим яхшиланмади. Самарқанд ёки Навоий шаҳридаги шифохоналарга бориб даволанай десам, жўжабирдай жонмиз, оилавий аҳволим кўтармайди. Бахтимга ўзимизнинг шифохонада ҳам барча шарт-шароитлар яратилибди. Жонимга оро кирган шифокорларга катта раҳмат.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 15
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.