Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Телефон олиб киришга уринган абитуриент тестга киритилмайди

Телефон олиб киришга уринган абитуриент тестга киритилмайди

Вилоят Матбуот уйида 1 август куни олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган давлат тест синовларига тайёргарлик жараёнларига баҚишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Умаров, Давлат тест марказининг вилоятдаги доимий вакили Э.Исроилов ва Самарқанддаги олий ўқув юртлари қабул комиссиялари раҳбарлари 2011-2018 ўқув йили учун қабул жараёнлари, тест синовларини ўтказишга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида маълумот берди.

Таъкидландики, бу йил вилоятимиздаги 7 олий таълим муассасаси бакалавриат таълим йўналишларига 7014 нафар ёшлар ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган. Ушбу ўринлар учун 15 июндан 15 июлга қадар 63 минг нафар абитуриент олийгоҳлар қабул комиссияларига ҳужжат топширди. Бу ўтган йилгига нисбатан  8,3 фоизга кўпдир.

Бугунги кунда барча қабул комиссияларида абитуриентларга тест синовларига кириш учун бериладиган Давлат тест маркази гувоҳномалари тайёрлаб қўйилди ва тест имтиҳонлари ўтказиладиган биноларда 2017 йил 28 июль кунидан бошлаб тарқатилади.

Бу йил Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларининг 69 биносида тест синовлари ўтказилиши кўзда тутилган. Ушбу биноларнинг техник, хавфсизлик ҳолати ва бошқа жиҳатлар мутасадди идоралар вакиллари томонидан ўрганилиб, тест синовларини ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. 1854 та аудитория тайёр ҳолатга келтириб қўйилди.

Вилоятдаги олий ўқув юртлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва умумтаълим мактабларининг 11 минг нафар тажрибали педагог ва раҳбар ходимларидан иборат аудитория раҳбари ва назоратчилари шакллантирилди. Шунингдек, 580 киши Давлат тест маркази вакили сифатида жараённи бевосита кузатиб боради.

Тест синовлари ўтказиладиган бинолар атрофида жамоат тартибини сақлаш, ота-оналар учун қулайликлар яратиш юзасидан ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилди. 84 жойда автомобиллар тўхташ жойлари ташкил этилмоқда. Тест синовлари ўтказиладиган бинолар яқинидаги 279 та кичик кўчада транспорт қатнови вақтинча чекланиши муносабати билан муқобил йўналишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига маълумот берилади.

1 август куни Самарқанд шаҳар жамоат транспорти ҳам ўз фаолияти одатдагидан эрта бошлайди. Шунингдек, 100 дан ортиқ автобус жалб қилинган ҳолда қўшимча йўналишлар ташкил этилади.

30 июль куни тест синовлари ўтказиладиган барча биноларда абитуриентлар, аудиториялар раҳбар ва кузатувчиларига 1 август куни бўладиган жараёнлар, тест ўтказиш тартиблари кўргазмали тарзда тушунтирилиб, зарур тавсиялар берилади.

– Тест синовларининг адолатли ўтишини таъминлаш борасида барча чора-тадбирлар кўрилмоқда, –  дейди Давлат тест марказининг вилоятимиздаги доимий вакили Эсонбой Исроилов. – Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, синов ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалькулятор, уяли телефон ва бошқа телекоммуникация воситалари,  китоб, луғат, жадвал, “шпаргалка” олиб кирса ёки олиб киришга ҳаракат қилса далолатнома тузилиб тестдан четлаштирилади. Шунингдек, абитуриент имтиҳон давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки унга ёрдам берса, ажратилган вақт тугагандан кейин тест материалларини топширишдан бош тортса, саволларни аудиториядан ташқарига чиқарса, саволлар китобини йиртса ҳам тест жараёнидан чиқариб юборилади. Бундан ташқари, бу йил абитириентлар тест синовларини эрта топширганидан қатъий назар белгиланган вақт тугаганидан кейингина бинодан чиқарилади.

Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.




Киритилган вақти: 27/07/2017 19:18.   Кўрилганлиги: 1003
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/telefon-olib-kirishga-uringan-abiturient-testga-kiritilmaydi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.