Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“ТАЯНЧИМ ВА СУЯНЧИМ, ФАХРУ ИФТИХОРИМСАН, МУҚАДДАС ВАТАН!”

“ТАЯНЧИМ ВА СУЯНЧИМ, ФАХРУ ИФТИХОРИМСАН, МУҚАДДАС ВАТАН!”

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 24 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди.

Тадбирлар Амир Темур мақбарасида Қуръон тиловати ва хотира майдонида Мотамсора Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.

Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги ва жамоат ташкилотлари вакиллари Самарқанд шаҳридаги ҳарбий госпиталда саломатлигини тиклаётган ҳарбий хизматчилар ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан табрикладилар.

Байрам тадбири Самарқанд шаҳридаги “Диёра” мажмуасида давом этди.


Вилоят ҳокими З.Мирзаев ҳарбий хизматчилар ва байрам қатнашчиларини Ватан ҳимоячилари куни билан қутлаб, ўтган 24 йил давомида миллий армиямизни шакллантириш, жанговор шайлигини ошириш борасидаги ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек, Қуролли Кучларимизни босқичма-босқич ва тизимли равишда шакллантиришда юртмизнинг геостратегик ва геосиёсий ўрни, хавфсизлигимизга қарши қаратилган жиддий таҳдид ва хатарлар, айниқса, халқаро терроризм, экстремизм, наркоагрессия, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши каби омиллар ҳисобга олинди.


Пировардида, бугун Қуролли Кучларимиз ихчам ва тезкор армия сифатида тўласинча шаклланиб, мамлакатимиз сарҳадларини ишончли қўриқлаш, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини муҳофаза қилишда ҳақиқий қалқон бўлиб турибди.

Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари доимий эътиборда. Хусусан, биргина касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вилоят кенгаши томонидан ҳар қандай шароитда ориятни устун билиб, юртига содиқ қолган 26 нафар ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам пуллари берилди.


…Булунғурлик Аҳмад ота Ражабов ўғли Маъруфжон хизмат бурчини бажараётган вақтида ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабарни эшитганда дафъатан «дод», деб юборди. Тақдирнинг кутилмаган бу зарбаси унинг қаддини букди. Аммо ўғли юрт ҳимояси, Ватан тақдири учун азиз жонини аямагани унга юпанч бўлди. Қайсики, қалбини ғурурга, фахрга тўлдирди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вилоят ҳокими номидан ёзилган ташаккурнома ҳамда совға-салом кўтариб кириб келганда бу туйғулар яна жўш урди. Юртимизнинг асл фарзандлари, фидойилик ҳеч қачон эътиборсиз қолмаслигига яна бир бор амин бўлди.


Аслида ҳам халқимизда азалдан юрт посбонлари, осуда ҳаёт қалқонларига алоҳида эҳтиром кўрсатиб келинган. Бу азалий қадрият истиқлол йилларида янгича асосда давом этаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Жумладан, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг моддий, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Мисол учун, 2015 йилда қурилган кўпқаватли уйларнинг Самарқанд шаҳрида 20 таси ва Каттақўрғон шаҳрида 4 таси ҳарбийлар оилаларига берилди. Бундан ташқари, ўтган йил вилоятимиз қишлоқларида намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларнинг 10 тасига Ватан ҳимоячиларининг оила аъзолари кўчиб ўтди.


Кейинги йилларда Тайлоқ туманининг чегара ҳудудидаги Чўбот, Ургут туманининг Гулистон ва Мирзабоғлон-Чеп маҳаллаларида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, маҳалла аҳли учун бир қатор қулайликлар яратиб берилди. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом этади. Бундай қулайликлар бошқа туманлар ва ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда ҳам яратилмоқда.

Ушбу масканларда билим ва малакасини ошираётган офицер ва сержантлар бугун Миллий армиямизнинг асосини ташкил этади. Бу каби ўзгаришлар армиямизнинг том маънода тинч ва обод Ватанимизнинг мустаҳкам қалқони бўлишини таъминламоқда. Бу, табиийки, Ватан ҳимоячилари куни юртимизда ўзгача бир руҳ билан, кенг миқёсда умумхалқ байрами сифатида нишонлашнинг бош омили бўлаётир.


Вилоятда ҳам мазкур айём олдидан таълим муассасалари. ҳарбий қисм ва ташкилотлар, маҳаллаларда Ватанпарварлик мавзусида қатор тадбирлар уюштирилди.

Албатта, миллий армия салоҳиятини юксалтиришда Қуролли Кучларимиз сафларини яхши тайёрланган, бақувват ва мард йигитлар билан тўлдириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда, табиийки, чақирилувчиларни сифатли тиббий кўрик ва синовлар асосида саралаб армия сафларига олиш асосий ўрин эгаллайди. Шу жиҳатдан, туман ва шаҳарлардаги чақирув пунктлари бугунги кун талаблари асосида замонавий тиббий жиҳозлар, ўқув-методик анжомлар билан таъминланяпти.


Байрам тадбирида хизматда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбийларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, тизимда ўтказилган "Энг яхши мутахассис" кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.

Самарқандлик ва пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури йиғилганларга хуш кайфият улашди.


Охирги ўзгариш: 14/01/2016 21:18.   Кўрилганлиги: 537
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/tayanchim-va-suyanchim-faxru-iftixorimsan-muqaddas-vatan

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 1

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг