Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ТАДБИРКОРНИ ҚЎЛЛАШ УНИНГ МУРОЖААТИГА ЭЪТИБОРДАН БОШЛАНАДИ

ТАДБИРКОРНИ ҚЎЛЛАШ УНИНГ МУРОЖААТИГА ЭЪТИБОРДАН БОШЛАНАДИ

Самарқанд вилоят ҳокимлигида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, улар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокими З.Мирзаевнинг тадбиркорлар билан учрашуви ўтказилди.

– Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонларнинг эркин фаолият кўрсатиши учун жуда катта имкониятлар яратилгани барчангизга яхши маълум, – деди вилоят ҳокими учрашув аввалида. – Муҳтарам Юртбошимизнинг биргина 2015 йилда қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида соҳа субъектларига қўшимча имтиёз ва эркинликлар берилди. Тадбиркорларнинг иш бошлашларини қўллаб-қувватлаш баробарида айрим идоралар ва мансабдор шахсларнинг улар фаолиятига ноқонуний аралашувининг олдини олишнинг қатъий чоралари белгиланди. Бу, албатта, ўз бизнесини бошламоқчи ёки фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган тадбиркорлик субъектлари учун катта имконият, давлат томонидан берилаётган кафолатдир.


Аммо жойлардаги учрашувлар ва мурожаатлар натижаси ҳали ҳам айрим туман ва шаҳар ҳокимликлари, бошқарма ва идораларда тадбиркорлар билан ишлаш, уларнинг масаласини ўз вақтида ҳал этиш ёки сўровига жавоб бериш борасида сансалорлик, эътиборсизликка йўл қўйилаётганини кўрсатмоқда.

Учрашувда тадбиркорларнинг мурожаатлари туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, бош архитекторлар, ер ресурслари ва давлат кадастри, «Ягона дарча» марказлари ва бошқа мутасадди ташкилот, идоралар раҳбарлари иштирокида тингланди. Тадбиркорнинг муаммоси ёки сўрови нима сабабдан шу пайтгача ижобий ҳал этилмаганига мутасаддилардан изоҳ сўралди.


Аксарият мурожаатлар ер майдони ажратиш билан боғлиқлиги инобатга олиниб, бу борадаги тартиб-қоидалар тадбиркорларга аниқ ва содда қилиб тушунтириб берилди. Шунинг баробарида, тадбиркорларга ишлаб чиқариш ёки савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш учун бино, ер ажратишда ҳудуднинг инфратузилмаси, аҳоли учун қулайлиги каби жиҳатлар эътиборга олиниши алоҳида таъкидланди.

Жумладан, оқдарёлик Х.Самадова хусусий стоматология поликлиникаси қуриш учун, Иштихон тумани “Меҳнат роҳат” маҳалласида яшовчи Ш.Қувватов сунъий қопламали стадион ташкил этиш, нарпайлик Н.Пардаева гўзаллик салони очиш мақсадида ер ажратишни сўраган. Тегишли туманлар ҳокимлари ҳамда вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғига ушбу мурожаатларни кўриб чиқиб, фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилди.


Умуман, учрашувда 19 нафар фуқаронинг мурожаатига аниқ ва асослантирилган жавоб берилди.

– Бундай учрашувлар энди ҳар чоракда ўтказилади, – деди  вилоят ҳокими учрашув якунида. – Қаерда қандай бино қурилиши, қаерда қанча очиқ ер майдони борлиги ва ундан нима мақсадда фойдаланилиши, тендер танловлари ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш чораларини кўрамиз. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг масаласига ечим топишга туман, шаҳар ҳокимликлари, мутасадди идоралар ҳам ана шундай муносабатда бўлишлари шарт. Чунки бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вилоятимиз ялпи ички маҳсулотининг саксон фоизини ташкил этмоқда. Меҳнатда банд аҳолининг салмоқли қисми ҳам ушбу тармоқ ҳиссасига тўғри келади. Шундай экан, ҳам ўзи, ҳам давлат манфаати учун янги ғоя ва ташаббус билан чиққан ишбилармонга кўмак бериш, уни қўллаб-қувватлаш ҳар бир раҳбар, мутасаддининг бугунги кундаги энг муҳим вазифаси бўлмоғи лозим.


Ғ.Ҳасанов, С.Яҳёев (суратлар)


Киритилган вақти: 10/03/2016 18:24.   Кўрилганлиги: 1565
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/tadbirkorni-qollash-uning-murojaatiga-etibordan-boshlanadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.