Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

СОҒЛОМ БОЛА – СОҒЛОМ ОИЛА МЕВАСИ

СОҒЛОМ БОЛА – СОҒЛОМ ОИЛА МЕВАСИ

Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг илк йиллариданоқ тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Мамлакатимиз тиббиётида мутлақо янги тизим бўлган перинатал, скрининг хизматлари, репродуктив саломатлик марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Замонавий тиббий жиҳоз ва ускунлар билан таъминланган туғруқ мажмуалари барпо этилди, оналик дастури ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда ўсмир қизлар, туғруқ ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ёш оналарнинг саломатлигини доимий назорат қилиб бориш, уларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилди. Ҳомиладор аёлларга махсус витаминлар берилмоқда.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида энг сўнгги русумдаги ташхис ва даволаш ускуналари билан таъминланган йигирмадан ортиқ туғруқ мажмуаси, вилоят она ва бола скрининг маркази, перинатал марказ, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа замонавий тиббий муассасалар фаолият кўрсатмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Гулноза Ҳожиметова. – Бунда аввало аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган тарғибот-тушунтириш тадбирлари, тиббий кўрик ва саломатлик ҳафталиклари ўтказишга эътибор қаратилмоқда.

2015 йил бошидан буён 865 минг фертиль ёшидаги аёллар, 800 минг бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ҳомиладорларнинг антенатал парваришини яхшилаш, оналар ўлимининг олдини олиш мақсадида вилоят перинатал марказининг малакали мутахассисларидан иборат тиббий бригадалар ташкил қилиниб, ҳомиладор аёлларнинг саломатлиги ўрганилди ва зарур тавсиялар берилди.

Пайариқ, Тайлоқ, Ургут, Қўшработ, Пахтачи, Нарпай ва Каттақўрғон туманларининг олис ҳудудларидаги қишлоқ врачлик пунктларида туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир-қизларни соғломлаштириш ҳафталиги ташкил этилди. Ушбу тадбирлар давомида аниқланган ҳомиладор аёллардаги камқонлик, ҳомила ривожланишидаги нуқсонларни бартараф этиш мақсадида қишлоқ жойларида ҳисобга олинган ҳомиладор аёлларга давлат бюджети ҳисобидан витамин ва минералларнинг махсус комплекси тарқатилди.

Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар мутахассислари томонидан ҳамда жойларда ташкил этилган кўрикларда берилган тавсиялар асосида жорий йилнинг ўтган даврида 25 минг ҳомиладор аёл вилоят она ва бола скрининг марказида скирининг текширувидан ўтказилди.

Президентимиз таъкидлаганидек, соғлом бола – соғлом ва аҳил оиланинг меваси. Ҳар томонлама соғлом ота-онадан баркамол фарзанд дунёга келади. Шунинг учун мамлакатимизда оила қурувчиларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиши соғлом оила яратишнинг муҳим шартларидан бири сифатида белгилаб қўйилган. Ана шу тартибга кўра, вилоятда йил бошидан буён 44 минг никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтказилган. Кўрик натижасида касаллик аниқланган ёшлар соғломлаштирилган.

Юртимизнинг эртанги куни, халқимизнинг келажагини ўйлаб амалга оширилаётган бундай эзгу саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда аёлларнинг ҳомиладорлик билан боғлиқ кўплаб касалликлари, ногирон болалар туғилиши, оналар ва болалар ўлими сезиларли даражада камайди. Кўпгина юқумли касалликларга барҳам берилди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинган 2016 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайиши ва самарадорлиги ортиши шубҳасиз.

Ғ.Ҳасано


Киритилган вақти: 11/12/2015 18:20.   Кўрилганлиги: 1669
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/soglom-bola-soglom-oila-mevasi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 14

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.