
Самарқанд шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган «Сиз қонунни биласизми?» кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг саралаш босқичлари республикамиздаги 1542 академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўртасида ўтказилиб, 200 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшларни қамраб олди.
Биринчи босқичда 3517 жамоа иштирок этди. Танловнинг иккинчи босқичи эса 193 та туман (шаҳар)ларда 1542 жамоа ўртасида ўтказилди.
Кўрик-танловнинг учинчи босқичида беллашган 193 жамоадан 14 таси ғолиб бўлиб, республика босқичига йўлланма олди.
Танлов шартларига мувофиқ жамоалар ўзи таҳсил олаётган таълим муассасасида яратилган шароитлар, илмий ижод ва малакавий изланишлар учун мавжуд имкониятлар, сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб беришди, шунингдек, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган таклифларни кўргазмали тарзда намойиш этишди.
«Ҳуқуқий билимлар савиясини аниқлаш» шартида ўқувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, Меҳнат кодексининг ёшларга оид бандлари ҳамда Олий Мажлис ва маҳаллий органларга сайловлар, сайловчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларига оид меъёрий ҳужжатлар, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида», «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари бўйича билимлари синовдан ўтказилди.
Ёшлар ижросидаги саҳна кўринишларида мамлакатимизда демократик ҳуқуқий жамият қуришнинг амалий натижалари, ёшларимизга яратиб берилган имкониятлар ва ушбу имкониятлардан онгли равишда фойдаланиш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва турли ноқонуний оқимлар гирдобига тушиб қолишнинг олдини олиш каби ижтимоий-ҳуқуқий мавзулар намойиш этилди.
– Мазкур кўрик-танловнинг Андижон вилоят босқичида биринчи ўринни олиб, республика босқичида иштирок этяпмиз, – дейди «Олтинкўл» иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Барчиной Қобулова. – Танлов таҳсил жараёнида олаётган билимларимизни мустаҳкамлаш ҳамда республикамизда амалдаги қонунлар моҳиятини чуқурроқ тушунишимизга ёрдам беради. Шунингдек, бошқа вилоятлардаги тенгдошларимиз билан танишдик, ўзаро фикр алмашдик.
Кўрик-танлов натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг «Истиқлол қанотлари» жамоаси 1-ўринни, Жиззах вилояти педагогика институти қошидаги 2-сон академик лицейнинг «Статус» жамоаси 2-ўринни ва Қашқадарё вилояти Нишон саноат ва энергетика коллежининг «Миранда» жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Танловнинг барча иштирокчиларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.