Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Симпозиум қатнашчилари – Самарқандда

Симпозиум қатнашчилари – Самарқандда

Пойтахтимизда ўтказилган “Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар” мавзуидаги халқаро симпозиум иштирокчилари Самарқандга ташриф буюрди.

Халқаро форум қатнашчилари – Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 та давлатнинг етакчи олимлари кўҳна шаҳардаги тарихий қадамжо ва обидаларни томоша қилдилар.

Дунёнинг нуфузли олимлари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, ҳурмат бажо келтирдилар.

Буюк Юртбошимиз руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди.

Шунингдек, Самарқанддаги Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ва Мирзо Улуғбек обсерваториясига уюштирилган саёҳат давомида Амир Темур ва темурийлар даврида амалга оширилган улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари, илм-фан, маданият ривожи учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

“Афросиёб” музейи, Хўжа Дониёр мажмуаси, маҳобатли Регистон майдони ва бошқа масканлар билан танишув ҳам хорижлик олимларда катта таассурот қолдирди.


Миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ва турли миллатлар куй-қўшиқларидан тузилган концерт дастури меҳмонларга манзур бўлди.

Карл ХОФФМАНН, Бавария фанлар академияси президенти (Германия):

– Физика-математика фанлари мутахассисиман, шу билан бирга астрономиядан ҳам хабардорман. Самарқандга ташрифимиз давомида Улуғбек обсерваториясида ўзим учун астрономия фани тарихида кашфиётга эришдим.

Гап шундаки, аждодларингиз томонидан ўрта асрлардаёқ осмон жисмларига оид чиқарилган хулосалар бугунги фан хулосаси билан айнан бир хил. Мирзо Улуғбек томонидан қурилган обсерватория мўъжизанинг ўзи.

Тьерри ДАУКСОИС, Эколь Нормаль де Лион Физика лабораторияси директори (Франция):

– Самарқанд шаҳри тарихига олдиндан қизиқиб, кўплаб тарихий маълумотлар тўплаганман. Айниқса, мени Афросиёб тарихи ўзига оҳанрабодек тортарди. Халқаро симпозиум сабаб орзуимдаги шаҳарга келдим. Буюк бобокалонларингиз қурдирган обидаларни томоша қилиб, Самарқанд ҳақидаги билимларимни янада бойитдим.

“Афросиёб” музейи менда катта таассурот қолдирди. Музейдаги экспонатлар бамисоли шаҳарнинг тадрижий ривожланиш босқичлари ва олис мозий манзараларини кўз олдингизда намоён этади.

Викрам СОНИ, Жавоҳарлал Неру номидаги университет ва назарий физика маркази профессори (Ҳиндистон):

Бобур асарларини мутолаа қилиш асносида Самарқандга мўъжиза, деб таъриф берилганига дуч келганман. Табиийки, бу шаҳарга бўлган қизиқишимни янада кучайтирган. Бугун кўҳна шаҳарга келиб, буюк аждодингизнинг таърифи бежиз эмаслигига гувоҳ бўлдим. Самарқанд том маънода мўъжиза ва Шарқнинг дурдонаси экан. 


Киритилган вақти: 15/11/2016 17:23.   Кўрилганлиги: 1218
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/simpozium-qatnashchilari-samarqandda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.