“ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” ТУРЛИ МИЛЛАТ ВА ХАЛҚЛАРНИ БИРЛАШТИРАДИГАН АНЖУМАНГА АЙЛАНГАН

“Шарқ тароналари” турли миллат ва халқларни бирлаштирадиган анжуманга айланган Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивали ҳал қилувчи паллага кирди. 


Сох Сви Киат, ижодкор (Сингапур):

– Президент Ислом Каримовнинг фестиваль очилишига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи бизни ғоят тўлқинлантирди. Ўзбекистон раҳбарининг бугунги шиддатли даврда умримизга маъно-мазмун бахш этадиган маданият ва санъат олами билан яқиндан ошно бўлиш, жаҳонда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, гўзал ҳаётни қадрлаш, халқларимизнинг маданий бойликларидан бир-биримизни кўпроқ баҳраманд этиш зарурлигини ҳақидаги сўзлари оламшумул аҳамиятга эга.

Дунё санъаткорлари учун Регистон майдонида ўз халқининг мусиқаси, қўшиқлари ва рақс санъатини намоён этиш шарафга айланган. Чунки дунёнинг ҳеч бир ерида учрамайдиган ушбу муҳташам саҳнада ўзига хос тарихий-афсонавий муҳит бор. Бу ижодкорга катта илҳом бағишлайди, миллий мумтоз тароналарга янгича, бетакрор гўзаллик ва нафосат бахш этади, санъат мухлислари хотирасида ўчмас из қолдиради. Мен ҳам Регистонда ўз ижодимни намойиш этишдек улкан бахтдан масрур бўлганимдан қувончим чексиз.

 

Хироясу Кобаяши, “Мин-Он” мусиқа уюшмаси президенти (Япония):

– “Шарқ тароналари” фестивали чин маънода турли миллат ва халқларни бирлаштирадиган тинчлик анжуманига айланган. Фестивалнинг очилиш маросимида миллати, тили, дини ва ирқи турлича бўлган иштирокчи ва меҳмонларнинг санъаткорларни олқишлагани, қўлни қўлга бериб бирга рақсга тушгани бунинг ёрқин ифодаси бўлди.

Самарқанд азалдан Буюк ипак йўлидаги турли цивилизациялар туташадиган муҳим марказ бўлган, санъат ва маданият ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Юртингизда мусиқа санъати чуқур тарихий илдизларга эга экани, Амир Темур даврида дунёнинг турли ўлкаларидан келган етук санъаткорлар иштирокида мусиқа анжуманлари ўтказилгани тарихдан маълум. Ўзбек халқи ана шу анъаналарни давом эттириб, миллий санъатини дунёга намойиш қилмоқда. Фестивалнинг тантанали очилиш маросимидаги мусиқа оҳанглари ҳамон қулоқларимиз остида жаранглаб турибди. Бу бизнинг юртингиздан олган энг катта таассуротимиз бўлиб қолади.


Барт Луис Браекен, “Trio Hop” гуруҳи аъзоси (Бельгия):

– “Шарқ тароналари” ҳақида аввал ҳам эшитган эдик. Бу ерга келиб, иштирокчилар сони ва жўғрофияси билан танишиб, жуда ҳайратландик. Фестиваль аллақачон бутун дунё санъаткорлари қалбидан жой олганига, наинки Шарқ, балки жаҳон тароналари анжуманига айланганига гувоҳ бўлдик.

Самарқанд шаҳрининг бағрикенг, меҳмондўст халқи билан яқиндан танишиб, унинг ноёб меъморий ёдгорликлари ва тарихий обидаларини, афсонавий Шарқ тимсоли бўлмиш бозорларини кезиб, бу гўзал ўлканинг ўхшаши йўқ эканига ишонч ҳосил қилдик.

Регистон, Шоҳи Зинда мажмуалари, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси каби мўъжизаларни кўришга мушарраф бўлганимиздан ғоят бахтиёрмиз. Мамлакатингизда аждодларингизнинг бой меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, маданий ёдгорликларни таъмирлаш ва асраб-авайлаш, санъат, таълим, фан ва маданият соҳаларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таҳсинга сазовор.

 

Асеведо Баллон Жорже Освалдо, мусиқачи (Перу):

– Самарқанд дунёнинг албатта бориб кўриш керак бўлган элликта шаҳри қаторида туришини яхши биламиз. Фестиваль асносида ушбу улуғвор шаҳарда бўлиш, унинг жаҳонга донг таратган бебаҳо тарихий обидаларини томоша қилиш, бугунги фаровон ва осуда ҳаёти, асрлар давомида сайқал топган миллий қадрият ва анъаналари, тўкин бозорлари, меҳмондўст халқи билан яқиндан танишиш имконига эга бўлаётганимиздан бениҳоя бахтиёрмиз.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов айтганидек, айни кунларда буюк Шарқ тимсоли бўлган кўҳна Самарқанднинг замонлар руҳини ўзида мужассам этган ўлмас обидаларидан, мовий гумбазлари ва юксак минораларидан, маҳобатли пештоқларидан гўёки асрлар садоси таралаётгандек, шу муқаддас заминда яшаб, ижод қилган улуғ мутафаккирлар, аллома ва санъаткорларнинг овозлари янграб тургандек туюлмоқда.

ЎзА


Охирги ўзгариш: 30/08/2015 20:14.   Кўрилганлиги: 472

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 3

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг