Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” ФЕСТИВАЛИ – ЖАҲОН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ НИГОҲИДА

“ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” ФЕСТИВАЛИ – ЖАҲОН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ НИГОҲИДА

Дунё миқёсида анъанавий маданият ва санъат байрамига айланиб бораётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали нафақат соҳа вакиллари, балки оддий куй-қўшиқ ихлосмандлари қалбидан ҳам чуқур жой эгалламоқда.

Мазкур фестивалнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган ўнинчи – юбилей анжумани яқинлашгани сайин унга тайёргарликнинг боришига оид хабар-мақолалар жаҳон оммавий ахборот воситаларида тез-тез кўзга ташланаяпти.

Хусусан, Германиянинг “Fair-news.de” ва “Berliner blatt.de” ахборот порталлари, Латвиянинг “Болтиқбўйи йўналиши” журнали, “Baltic News Servise” янгиликлар хизмати, Бельгиянинг “Uzbekistan Profile” бюллетени ҳамда бошқа кўплаб оммавий ахборот воситалари ушбу мавзуга мурожаат этган.

Улар мазкур фестивалда нафақат дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатидан келадиган иштирокчилар, балки турли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашаётганини ўқувчиларига маълум қилган. Масалан, 2013 йилги анжуманда ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова, Халқаро маданият ва санъат уюшмаси бош котиби Куо Ли Мин, Халқаро фольклор ижодиёти ташкилоти бош котиби Мун Хюнг Сук, Осиё халқаро санъат фестиваллари уюшмаси раиси Чен Шенглай, Корея Республикаси Президентининг маданият ва санъат сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Хюнг Ван Ли иштирок этгани бунинг тасдиғидир.

Латвия оммавий ахборот воситалари эса жорий йилги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида Латвия, Литва ва Эстония мусиқа гуруҳлари ҳам қатнашишини маълум қилмоқда.

Шунингдек, Озарбайжон оммавий ахборот воситалари ҳам бу мавзуга тез-тез мурожаат этаётир. Мисол учун, “АМИ Trend”, “Gumilev-center”, “Day.az”, “EthnoGlobus”, “Turkish Forum” сингари электрон порталлар саҳифаларидаги ўндан зиёд хабар-мақолаларда Ўзбекистонда ушбу халқаро анжуманга кўрилаётган қизғин тайёргарлик, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг аҳамияти, унинг халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, асрий мусиқа анъаналарини асраш ҳамда маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришдаги ўрни хусусида атрофлича фикр юритилган.

“Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган бу фестиваль санъат ва маданият тараққиётига, турли миллат ҳамда элатлар вакилларининг жипслашувига, халқлар ўртасидаги тинчлик ва дўстликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Фестиваль нуфузи унинг иштирокчиларига кўтаринки кайфият, ижодий илҳом бахш этаётир”, дея таъкидланади Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида.

Шу билан бирга, юртимизда кўҳна тарих ва замонавийликнинг ўзаро уйғунлигига алоҳида аҳамият қаратилган. Хусусан, ёзилишича, “Самарқанддаги Регистон майдонининг ноёб меъморий обидалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Мадрасалар деворларидаги ёзувларда эса мўъжизалар яширин”.

Тобора яқинлашиб келаётган ушбу халқаро форум Ҳиндистон ва Хитой оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборидан четда қолгани йўқ. Масалан, Ҳиндистондаги “NRI Achievers” журналининг электрон саҳифасидан жой олган мақолада “Шарқ тароналари” жаҳоннинг нуфузли мусиқа форумлари орасида муносиб ўрин эгаллаши алоҳида қайд этилган.

“Женьминь жибао” газетаси, “Синьхуа” ахборот агентлиги, Хитой Ахборот-интернет маркази, Хитой халқаро радиоси сингари оммавий ахборот воситаларида эса “Шарқ тароналари” фестивалининг иштирокчилари сони йилдан-йилга ортиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилган.

“Агар “Шарқ тароналари”нинг 1997 йили бўлиб ўтган биринчи анжуманида Регистон майдонида 31 мамлакат вакиллари йиғилган бўлса, 2013 йили мазкур фестивалда дунёнинг 53 давлати санъаткорлари қатнашди. Жорий йилда эса бу ерга дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан санъат намояндалари келиши кутилаётир”, дея ёзилади Хитой оммавий ахборот воситаларида.

“Жаҳон”ахборот агентлиги


Охирги ўзгариш: 19/07/2015 16:59.   Кўрилганлиги: 857
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/sharq-taronalari-festivali-jahon-ommaviy-axborot-vositalari-nigohida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 6

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг