Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” ДА ИШТИРОК ЭТИШ – ҲАР БИР САНЪАТКОРНИНГ ЭЗГУ ОРЗУСИ

“ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” ДА ИШТИРОК ЭТИШ – ҲАР БИР САНЪАТКОРНИНГ ЭЗГУ ОРЗУСИ

Самарқанд шаҳрида 28 август куни “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Ислом Каримов иштирок этди ва фестиваль иштирокчиларига табрик сўзи билан мурожаат қилди. Давлатимиз раҳбарининг нутқи етмишга яқин мамлакатдан келган санъат аҳлида катта таассурот қолдирди. 


Мигел Араужо, мусиқачи (Португалия):

– Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этгани “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа анжуманининг нуфузини янада оширди. Халқаро фестивалнинг барча иштирокчилари сингари мен ҳам Ўзбекистон Президентининг нутқини катта қизиқиш билан тингладим ва ўзим учун кўплаб янги маълумотлар олдим. Ушбу форумнинг очилишида намойиш этилган театрлаштирилган томошалар халқингизнинг бой маданият ва санъат соҳиби эканини намоён этди.

Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган беқиёс ишлар таҳсинга сазовор. Мустақиллик йилларида ўнлаб музейлар, санъат галереялари ва саройлари, маданият муассасалари, консерватория барпо этилгани ҳавас қилса арзигуликдир. Буларнинг барчаси давлатингиз раҳбари томонидан халқ фаровонлиги, юрт равнақи, миллий маданият ва санъат ривожи, энг муҳими, миллат келажагини таъминлаш йўлида кўрсатилаётган улкан ғамхўрлик самараларидир. Ўзбекистон халқи ана шу беқиёс эътибор мевасидан баҳраманд бўлаётган бахтли халқдир. Бундай эътибор ва ғамхўрликнинг қадрига етиш улкан саодат. Ўзбекистоннинг меҳр-оқибатли, меҳмондўст, бағрикенг халқига шу жиҳатдан ҳам ҳавас қилса арзийди.

 

Устад Важаҳат Ҳусайн Хон, хонанда (Ҳиндистон):

– “Шарқ тароналари” аллақачон дунё мусиқа аҳлининг ноёб мулкига, унда иштирок этиш ҳар бир санъаткорнинг эзгу орзусига айланган. Ушбу нуфузли анжуманда иштирок этиш санъаткорлар учун наинки шараф, балки катта масъулият ҳамдир.

Президент Ислом Каримов фестивалнинг тантанали очилиш маросимида анжуман қатнашчиларини “тинчлик элчилари” деб атагани, кўнглимизга ғурур-ифтихор туйғуларини солиш билан бирга, бизни янада улкан ижодий парвозлар сари руҳлантирди. Биз ижод аҳли бундай юксак эътирофга сазовор бўлганимиздан жуда бахтиёрмиз.

Фестиваль азалдан жаҳоннинг маданият ва санъат бешикларидан бири бўлиб келган Самарқандда ўтказилаётгани анжуманнинг файзига файз қўшмоқда. Зотан, Самарқанд тупроғининг ҳар бир заррасида катта ҳикмат бор, ҳар бир кўчаси, майдон ва хиёбонида салобат, файзу тароват бор. Бу қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг ҳар бир ғиштида бунёдкор халқингизнинг буюк истеъдоди ва маҳорати мужассам. Самарқанддан ҳали кетмай туриб, бу ерга яна ва яна келгим келмоқда.

 

Баҳ Оулд Салек, фестиваль ҳакамлар ҳайъати аъзоси (Мавритания):

– Дунёда санъат соҳасида кўплаб фестиваль ва анжуманлар ўтказилади. Лекин ер юзининг барча қитъаларидан вакиллар қатнашадиган бундай улкан санъат байрами кам. “Шарқ тароналари”да етмишга яқин мамлакатдан келган юзлаб созанда ва хонандалар ўз миллий санъатини намойиш этиши ҳам шундан далолат беради. Фестивалда иштирок этаётганлар учун юксак савиядаги шарт-шароит яратиб берилган. Турли мамлакатдан келган санъаткорлар бу ерда мусиқа, қўшиқ воситасида бир-бирлари билан яқиндан танишади, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлайди.

Албатта, бундай нуфузли фестивалда ҳакамлик қилиш катта шараф бўлиши баробарида, улкан масъулият ҳамдир.

Самарқанд нафақат қадимий, балки замонавий шаҳар сифатида ҳам бизда унутилмас таассурот қолдирмоқда. Миллий ва замонавий архитектура мезонлари асосида бунёд этилган бино ва иншоотлар Ўзбекистоннинг жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради. Самимий меҳмондўстлик учун тадбир ташкилотчиларига, халқингизга миннатдорлик билдирамиз.

 

Ҳассан Али, хонанда (Покистон):

– “Шарқ тароналари”да иштирок этиш имконига эга бўлганимиздан фахрланамиз. Дунёнинг таниқли санъат намояндалари билан бир саҳнада қўшиқ куйлаш, улар билан беллашиш биз учун улкан шарафдир. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида қатнашиш асносида ўзбекистонлик ёш санъаткорлар ижросини томоша қилиб, жуда таъсирландик. Мамлакатингизда санъат соҳасидаги таълимни ривожлантириш, ёш санъаткорларнинг ижодини қўллаб-қувватлаш, иқтидор эгаларини кашф қилиш ва уларни ҳар томонлама рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик. Бундай қулай шарт-шароитга эга Ўзбекистон ёшларига чин дилдан ҳавас қилдик.

ЎзА


Охирги ўзгариш: 29/08/2015 21:44.   Кўрилганлиги: 1404
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/sharq-taronalari-da-ishtirok-etish-har-bir-sanatkorning-ezgu-orzusi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 14

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.