Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Нарпай тумани Кенгашининг сессияси 10 март куни халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Нарпай тумани Кенгашининг сессияси 10 март куни халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.


Сессияда вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев маъруза қилди.


Маърузачи Нарпай туманининг вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўринга эга эканлигини таъкидлаб, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳудудда катта тажриба тўпланганини қайд этди. Буни туман деҳқонларининг ўтган йил 53 минг тонна Ғалла, 33 минг тонна пахта етиштириб, вилоят хирмонига салмоқли ҳисса қўшгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бундан ташқари, 2016 йил якуни билан туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2015 йилга нисбатан 10 фоиз, халқ истеъмоли моллари 14, хизматлар ҳажми 13 фоизга ошган. Бандлик дастури асосида 5 минг 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Йил давомида 654 та кичик бизнес субъектлари рўйхатга олинди. Жорий йилда туманда 55 миллион долларлик йирик лойиҳа – цемент заводи бунёд этилмоқда.

Вилоят ҳокими қўлга киритилган натижаларни эътироф этиш билан бирга йўл қўйилган камчиликлар, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаганига эътибор қаратди.

Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга ер ажратишда сансалорликка йўл қўйилган. Жорий йил дастурига киритилган лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилмагани оқибатида биринчи чоракка мўлжалланган тўрт лойиҳа бажарилмай қолмоқда. Хусусийлаштирилган бинолардан фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш борасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар жуда кўп. Вазирлар Маҳкамаси топшириғига кўра, ўтган йил туманда 220 гектар майдонда тўқсонбости усулида қишлоқ хўжалига экинлари экилиши керак эди. Амалда 72 гектар ерга сабзавот экинлари экилган, холос.

Туманнинг коммунал хизматлардан дебитор қарздорлиги ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Бу борада туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай таъсирчан амалий ишларга қўл урилмаган, ташаббускорлик етишмаяпти.

Нарпайда ижтимоий соҳада ҳам кейинги йилларда қатор камчиликларга йўл қўйилган. Таълим, соғлиқни сақлаш тизимида тўпланиб қолган муаммолар аҳоли турмуш тарзи, жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этмоқда. Бунинг натижасида айрим ҳуқуқбузарлик ва жиноят турлари кўпайган, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ариза, шикоятлари сони аввалги йилларга нисбатан ошган.

Вилоят ҳокими ушбу камчиликларни бартараф этиш, ислоҳотлар самарасини ошириш борасида депутатлар ва туман фаоллари олдидаги вазифаларга алоҳида тўхталди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Баҳодир Юсупов ўз аризасига биноан Нарпай тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.

Вилоят ҳокими тавсиясига кўра, шу пайтгача “Ўзстандарт” агентлиги Самарқанд стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Жабборов Ботир Шукурович Нарпай тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессияда туман Кенгаши депутатлари, фаоллар сўзга чиқиб, вилоят ҳокими маърузасида қайд этилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун барча имкониятларни ишга солиб, меҳнат қилишларини билдирдилар.

 

Самарқанд вилояти ҳокимининг ҚАРОРИ

ЖАББОРОВ Ботир Шукуровични Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисида

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига биноан ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. ЖАББОРОВ Ботир Шукурович Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокими этиб тайинлансин.

2. Ушбу масала халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилсин.

Вилоят ҳокими                      ХҚБЎТАЕВ.

2017 йил 10 март



Киритилган вақти: 11/03/2017 16:14.   Кўрилганлиги: 1772
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/sessiya10092017

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 5

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.