Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Сенатор ва депутатлар аҳоли ҳузурида

Сенатор ва депутатлар аҳоли ҳузурида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати раҳбарияти, депутатлар, сенаторларга шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишни таклиф этганди.


Шунингдек, ҳар ойда 10-12 кун давомида сенаторлар ва депутатлар  туманларда, ўзлари сайланган ҳудуддаги ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши ва тегишли хулоса бериши, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни, уларнинг мурожаатларини қандай ҳал қилинаётганлигига алоҳида эътибор қаратишлари лозимлигини таъкидлаганди.

Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда кеча Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари Иштихон туманига ташриф буюрди. Бундан кўзланган мақсад ўн кун давомида халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти, давлат органлари томонидан амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим тизимидаги аҳволни ва халқни қийнаётган муаммоларни ўрганишдир.

Бу Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги бажарилиши лозим бўлган вазифалар, долзарб масалалар йўлида қўйилган амалий қадам бўлди, десак адашмаймиз.

Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев туманда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, фермерлар, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан учрашди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда вилоят ҳокимлиги, прокуратура, адлия, ички ишлар, божхона, солиқ бошқармалари, туман бўлимлари раҳбарлари, банклар ходимлари ва бошқа идоралар вакиллари ҳам иштирок этди.

– Президентимиз парламент аъзолари жойларга чиқиб, муаммоларни ўрганиши ва таҳлил қилиши зарурлигини таъкидлаганди, – дейди Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев. – Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар ойнинг ўн кунида сенатор ва депутатлар республика бўйича туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш бўйича иш олиб борадилар. Бугун биринчи марта ушбу тизимни Иштихон туманидан бошладик.

Тадбирда тадбиркорлар ва фермерлар ўзларини қийнаётган муаммолар, фаолиятидаги мавжуд тўсиқлар ва бошқа қатор масалалар бўйича фикрларини баён этишди. Жумладан, "Замин ёшлари" оилавий корхонаси раҳбари Бекзод Ҳакимов, "Фарид-инвест" МЧЖ раиси Даврон Тожибоев, "Мегастар-инвест" корхонаси бошлиғи Жамолиддин Ҳусанов ва бошқалар тўлов терминалларида юз бераётган техник носозликлар, хорижий валютада кредит расмийлаштириш, маҳаллий хом ашёни сотишдаги муаммолар ҳақида сўз юритишди.

Ушбу мурожаатлар ва муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли идоралар вакилларига аниқ вазифалар белгилаб берилди. Якунда тадбиркорлар ва фермерлар ўзларини қизиқтираётган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Шу куни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев "Халқобод" қишлоқ фуқаролар йиғинидаги маҳаллалар, аҳоли хонадонлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларига ташриф буюриб, мавжуд аҳвол билан яқиндан танишди.

* * *

   Тадбирлар доирасида туман ҳокимлигида Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан Иштихон тумани Кенгаши депутатлари учун семинар-тренинг ташкил этилди.

Унда комиссия раиси Толибжон Мадумаров ва Олий Мажлис Сенати девонининг юридик бўлими мудири Алишер Маҳмудов қонунлар, дастурлар моҳиятини кенг оммага етказиш ва улар ижроси юзасидан депутатлик назоратини таъминлаш, халқ билан мулоқотни йўлга қўйишда сенатор ва депутатларнинг давлат ва нодавлат тузилмалар билан ҳамкорлигининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритди.

– Ушбу семинар-тренингда депутатлик юзасидан маълумотларга, билим ва кўникмаларга эга бўлдик, – дейди туман Кенгаши депутати Яхшибой Ҳасанов. – Муҳими, зарур тавсияларни олдик. Келгусида фаолиятимизни шу тавсиялар ва ўрганганларимиз асосида ташкил қилиб, сайловчилар ишончини оқлаймиз.

                                                                                       Ғолиб АБДУСАЛОМОВ


Охирги ўзгариш: 03/02/2017 10:47.   Кўрилганлиги: 476
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/senatorlar-aholi-bilann

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 2

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг