Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САЙЁР СУДДА 13 ОИЛА ЯРАШДИ

САЙЁР СУДДА 13 ОИЛА ЯРАШДИ

Тарафлар бир-бири билан ярашишга тайёр эканлиги, аммо қатор шартлари борлигини маълум қилди.

Эр: «У уйга боргач, онамга гап қайтармасин, аввало, онамдан узр сўрасин, ишламайман, деб ваъда берсин», - деса, хотин: «Ишлашимга рухсат берсин, мени ҳадеб оёқости қилавермасин», - дея талаб қўя бошлади. Судьялар, кўпни кўрган онахонлар иккаласига ҳам бу гапларнинг ҳаммаси ўткинчилиги, эр-хотиннинг оиладаги вазифаларини тушунтира бошлашди. Аммо бир неча йиллик адоватни бир кунда тарқатиб бўлармиди? Ахир икки нафар вояга етмаган фарзанди бор оилада келишмовчилик икки йилдан бери давом этар, бир йилдирки, аёл онасиникида яшаётган экан. Арзимас келишмовчиликлардан чиққан бу можаро аллақачон жойида бартараф этилиши лозим  эди. Аммо икки нафар қоракўзнинг келажагини ўйлаш ўрнига эр-хотин ажрашиш учун судга ариза бераётир.

15 йил бирга яшаган оила ҳам худди шу даъво билан судга ариза берган. Аёл «Эрим билан ортиқ яшай олмайман», - дейди, сабабини айтишни истамайди. Қайнонанинг келинига ялиниб-ёлворишларини шу ерда кўрдим. “Ҳамма шароитингизни қилиб бераман, ишланг, майли, кундалик ишларингизга ҳам ўзим қарашаман, фақат, келинжон, ажрашманг, икки болани тирик етим қилманг”, - дея йиғлаб турган онанинг кўз ёшлари ҳам келиннинг кўнглини юмшата олмади.

Ушбу ишлар Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган семинардан сўнг сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш масалаларига қаратилган йиғилишда Олий суд судьяси О.Маткаримов, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М.Тожибоев, “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бўлими раҳбари З.Шодиева ушбу масалада вилоятдаги кўрсаткичлар бўйича маълумот берди. Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари, судьялар, ФҲДЁ бўлимлари вакиллари иштирок этган йиғилишда иштирокчиларга оилавий низоларнинг оқибатлари юзасидан видеоролик намойиш этилди. 

- Оилавий ажралишларнинг оқибати икки-уч йилда эмас, ўн йиллардан сўнг ҳам билинади, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Гулнора Парпиева. - Шошиб чиқарилган қарор, аввало, фарзандлар тақдири, шунингдек, эр-хотиннинг кейинги ҳаётида ҳам ўзининг ножўя таъсирини кўрсатади. Шундай бўлишига қарамай, оилавий ажралишлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Айниқса, кейинги йилларда ажралиш учун ариза бераётганлар орасида аёлларнинг сони ошгани жуда ачинарли. Ажралишларни таҳлил қилганимизда ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, сабрсизлик, оилавий қадриятларни ҳис этмаслик ажрашиш учун асосий сабаб экани аниқланмоқда.

Cайёр судларда ажрашиш учун ариза берган 20 га яқин оиладан 13 таси яраштирилди, қолганларига ўйлаш учун муҳлат берилди.

 

Гулруҳ Мўминова.


Охирги ўзгариш: 03/05/2018 08:24.   Кўрилганлиги: 884
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/sayyor-sudda-13-oila-yarashdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.