Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САНОАТ МАРКАЗИГА АЙЛАНАЁТГАН ТУМАН

САНОАТ МАРКАЗИГА АЙЛАНАЁТГАН ТУМАН

Жомбой – Самарқанд вилоятининг транспорт-коммуникация тизими ривожланган ҳудудларидан бири. Туман ҳудудидан халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўли, темир йўл, йирик электр энергияси ва табиий газ тармоқлари ўтган. Самарқанд шаҳригача масофа ҳам жуда яқин – 13 километр. 

Саноатни ривожлантириш учун мана шундай қулай имконият бўлгани ҳолда собиқ тузум даврида Жомбойда ушбу соҳага етарли эътибор қаратилмаган. Аксинча, бошқа ҳудудларга нисбатан об-ҳавоси мўътадил бўлишига қарамай, пахта етиштиришга зўр берилган. Мева-сабзавот майдонлари, боғлар қисқартирилиб, ҳамма ерга чигит экилган. Оқибатда туман деҳқонлари қиш остонасигача пахта йиғим-терими билан шуғулланишга мажбур бўлган. Туман иқтисодиёти ривожланиш ўрнига орқага кетаверган.

– Ҳар йили бир хил ҳолат такрорланарди – вилоятнинг деярли барча туманлари давлатга пахта топшириш режасини бажариб бўлганда ҳам Жомбойда терим давом этарди, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, тажрибали деҳқон Аваз Эргашев. – Кўп хўжаликлар мўлжалдаги ҳосилни етиштира олмасди ёки кўсаклар очилмай қолиб кетарди. Кейин сўров бошланарди: нега режани бажармадинг, нима учун пахта очилмай қолиб кетди? Лекин ҳеч ким юрак ютиб, Жомбойнинг табиати пахта етиштиришга қулай эмас, деб айтолмаган. Бундай гапни айтганларнинг бошига қандай кулфатлар ёғилишини ҳамма яхши биларди-да. Фақат мустақиллик туфайли, Президентимиз раҳнамолигида ҳар бир ҳудуднинг табиий иқлим шароити ва имкониятидан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган эътибор натижасида вазият тубдан ўзгарди. Туманда пахта майдонлари йилдан-йилга қисқариб борди ва бугун Жомбой мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган ҳудудга айланди. Энди туманимиз деҳқонлари ғалла ва полиз экинлари, мева-сабзавот, боғдорчиликда юқори ҳосилдорликка эришмоқда. Вилоятимиз бўйича энг катта интенсив боғлар ҳам шу ерда яратилди. “JV MAN Auto Uzbekistan”, “Амин инвест интернейшнл”, “Жомбой жавоҳири”, “Лаззат мева”, “Жомбой текст” каби йирик саноат корхоналари ташкил этилди.


Дарҳақиқат, бугун Жомбой туманида юздан ортиқ саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Йил бошидан буён 49 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 470 дан ошди. Меҳнатда банд аҳолининг асосий қисми ушбу тармоқда фаолият кўрсатмоқда. Яна ўнлаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

“Аслиддин” ишлаб чиқариш-тижорат фирмаси томонидан замонавий кушхона қуриш ва йилига 2,5 минг тонна терини қайта ишлаб, болалар ва катталар пойабзали ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бунинг учун хориждан замонавий технологиялар келтирилган.

Ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари асосан хорижга экспорт қилинаётган “Амин инвест интернейшнл” қўшма корхонасида жорий йилда Маҳаллийлаштириш дастури асосида каноэ ва байдарка болалар спорт кийимлари тайёрлаш йўлга қўйилади.

2012 йилда туманда интенсив боғ яратиш билан иш бошлаган “Галаосиё нон” масъулияти чекланган жамияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича саноат тармоғини ҳам ривожлантирмоқда. Корхона ўзининг беш минг тонналик музлаткичли омборига эга. Ушбу омборда маҳсулотни сақлаш учун зарур бўладиган махсус қутилар ҳам энди шу ердаги цехда тайёрланмоқда.

Ўтган йили корхона қошида мевани қуритиш ва қадоқлаш линиялари ўрнатилиб, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келтирилган маҳсулотларни ҳам қайта ишлаб хорижга экспорт қилиш йўлга қўйилди. Айниқса, бодом, ўрик, шафтоли ва бошқа меваларнинг данагидан ажратиб олинаётган мағзига чет эллик ҳамкорлардан буюртмалар кўп тушмоқда.

– Цехимизда ўрнатилган замонавий технологиялар кунига 8-10 тонна мевани қуритиб, қадоқлаш қувватига эга, – дейди корхона иш юритувчиси Эркинбой Жўраев. – Маҳсулот асосан хорижга экспорт қилинади. Германия, Туркия, Россия давлатларидан буюртмалар кўп. Йил бошидан буён 1 миллион долларлик маҳсулотни хорижий ҳамкорларимизга етказиб бердик. Август ойида яна 500 минг долларлик шартномани амалга оширмоқчимиз. Бу йил мева ҳам, узум ҳам ҳар қачонгидан мўл бўлди. Шу боис фермерлар билан имзоланган шартномалар сони, қабул қилинадиган маҳсулот миқдори анча юқори. Бу фермер учун ҳам, корхонамиз ва ишчиларимиз учун ҳам ҳар томонлама манфаатлидир. Маҳсулот кўп бўлса, иш ўринлари кўпаяди, экспорт ҳажми ортади. Даромад ҳам шунга яраша бўлади. Буларнинг барчаси пировардида ходимларимизнинг моддий манфаатдорлиги ошиши, туманимиз иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади.

Тумандаги корхоналар ишлаб чиқариш қувватининг кенгайиши уларнинг экспорт салоҳияти ошишига ҳам хизмат қилмоқда. Туманни комплекс ривожлантириш бўлими маълумотларига кўра, жорий йилда туман бўйича 21,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.


“Жомбой агро экспорт” масъулияти чекланган жамияти 3 миллион 500 минг, “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалиги 3 миллион 100 минг, “Лаззат мева” қўшма корхонаси 1 миллион 100 минг долларлик маҳсулотни хорижий ҳамкорларига етказиб беришга киришган.

Бу борада улар Голландиянинг “Бейо-Заден” ва Украинанинг “Гелиос-1” компаниялари мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда, интенсив усулда сабзавот етиштириш бўйича тажриба алмашмоқда. Жумладан, “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалигида 350 гектар майдонда помидорнинг бир қатор интенсив навлари парваришланаётир. Италиядан келтирилган махсус сеялка ёрдамида уруғ тарзида экилган бу помидор 90 кунда пишиб етилади. Мутахассисларнинг айтишича, ундан гектарига 100 тоннадан ортиқ ҳосил олиш мумкин.

– Жомбойнинг боғдорчилик ва сабзавот экинлари етиштиришга ихтисослаштирилиши туманимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди Жомбой тумани ҳокими Ҳусан Бўриев. – Ғалла майдонларининг кенгайтирилиши натижасида мазкур тармоқда ўзига хос тажриба мактаби яратилди. Узумчилик, боғдорчилик ва ҳатто сабзавот маҳсулотлари етиштиришда интенсив технологияларнинг қўлланилаётгани туфайли маҳсулот етиштириш ҳажми бир неча баробар ошди. Айни пайтда мазкур тармоқлар бўйича туманнинг экспорт салоҳияти вилоятнинг бошқа ҳудудларига нисбатан юқори бўлмоқда. Замонавий иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, чорвачилик борасида ҳам катта тажриба тўпланди. Албатта, қишлоқ хўжалигидаги ривожланиш, етиштирилаётган маҳсулот тури ва миқдорининг ошиши уларни саноат асосида қайта ишлаш эҳтиёжини келтириб чиқарди. Натижада кейинги йилларда туманда амалга оширилган аксарият саноат лойиҳалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш технологияларини жорий этишдан иборат бўлди. Жомбойни 2017-2020 йилларда комплекс ривожлантириш дастурида белгиланган 218 лойиҳада ҳам ушбу йўналиш етакчи ўрин тутмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Бу иш ўринларининг 1300 дан ортиғи саноат йўналишига тўғри келади. Бу ҳам туман аҳолисининг бир пайтлар бўлганидек фақат қишлоқ хўжалигида эмас, балки замонавий ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қилиб, фаровон турмуш кечиришидан далолат беради. Бинобарин, бугун саноат марказига айланаётган Жомбойда бунинг учун имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли.

Ғолиб Ҳасанов.


Киритилган вақти: 16/08/2016 18:50.   Кўрилганлиги: 659
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/sanoat-markaziga-aylanayotgan-tuman

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг