Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНДНИ АРДОҚЛАГАН БУЮК ҚАЛБ

САМАРҚАНДНИ АРДОҚЛАГАН БУЮК ҚАЛБ

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали қаршисидаги ўйлар

“Самарқанд – халқимиз, миллатимиз довруғини бутун дунёга таратган, минг-минг йиллик тарихга эга илоҳий масканимиздир. Самарқанд – ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳардир”.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ана шундай латиф таъриф берган қадимий ва илоҳий кентнинг юраги дея эътироф этилувчи Регистон мажмуаси олд майдонидан ўтаётиб дилимни ажиб бир сархушлик эгаллади. Қувончдан қалбим энтикиб кетгандек бўлди гўё. Бу қутлуғ жойларга кўп бор келганман. Бу йўлаклардан ҳам биринчи марта ўтаётганим йўқ. Ҳар сафар Регистон қаршисида ҳайрат оғушида қолганим рост. Лекин бу галгиси олдингиларидан бошқача кечди. Атроф шунчалик жазибали ва мафтункор эдики, суқланиб боққанинг сайин сеҳрлангандек сезасан ўзингни. Бахмалдек товланаётган гуллар, ажиб манзарали дарахтлар, кўклам мисол товланиб ётган яшиллик дунёси Регистонга ўзгача зеб бериб турарди. Беихтиёр тўхтаб-тўхтаб қоламан, унинг бутун жозибасини илғашга интиламан. Кўрганларим олдида лол қолиб суратга олишга уринаман.

Шердорга туташ майдон орқали секин Регистон ёнидаги хиёбон томон одимлайман. Бир пайтлар бу жойлар баланд бинолар, ери бетон ва асфальт қопламалардан иборат эди. Ўтган қисқа давр ичида Регистонни қисиб ва тўсиб турган бинолар ўрнида гўзал бир боғ барпо этилдики, гўёки узукка кўздек ярашиб тушди. Хиёбонга яқин келишингиз билан боғ ўртасида ўрнатилган Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг салобатли ҳайкалига кўзингиз тушади. Оҳисталик билан зиёратчилар оралаб улуғ Инсон сиймосига яқин келаман. Нигоҳларим узоқ муддат ҳайкалга қадалиб қолади. Дилимни ҳаяжон қоплайди. Биринчи Президент хаёлимда ҳаёт бўлиб жонланади. Беихтиёр таъзимга бош эгиб, кўнгил мамнунлигини, миннатдорлик туйғуларимни унсиз изҳор этаман. Ёнимда турган бир отахон диққатимни бўлади ва ўзига тортади. Кузатаман: чол мамнун қиёфада ҳайкалга боққанича қўлларини очиб дуо қиляпти. Пичирлашларини эшитмадим, бироқ англадимки, отахон бугунги фаровон кунларимизга шукрона айтиб, шукуҳли ҳаётимизга замин яратиб кетган табаррук Инсоннинг охирати обод бўлишини Оллоҳдан тиламоқда. Меҳр ва садоқат, оқибат ва ҳурмат, қадрлаш ва хотирлашнинг оддий ва самимийси шу эмасми?!

Ислом Каримовнинг сиймосига боқиб, унинг болалик, ўқувчилик даври ҳақида устозининг дил сўзларини эшитганим ёдимга тушди. 1999 йилнинг 22 декабрь куни эди ўшанда. Самарқанд вилоят ҳокимиятининг мажлислар зали. Президентлик сайлови муносабати билан Ислом Каримов самарқандлик сайловчилар вакиллари билан учрашувга ташриф буюрган. Учрашув жуда самимий руҳда бошланди. Сўзга чиққанлар президентликка номзод Ислом Абдуғаниевич ҳақида, у кишининг ибратли ишлари хусусида тўлиб-тошиб гапирдилар. (Ушбу учрашув ёзилган видеокассетани ҳануз эҳтиёт қилиб сақлаяпман). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова Шаҳрисабзда таваллуд топган Амир Темур бобомизнинг қадимий Самарқандни пойтахт қилиб, обод ва гўзал шаҳарга айлантиргани ва йиллар ўтиб Самарқанд фарзанди Ислом Каримов Қашқадарёга биринчи раҳбар бўлиб боргани ва кейинчалик республика Президенти сифатида Қашқадарёни гуллаб-яшнатганини лирика ила лутф қилди. Айниқса, Самарқанд шаҳридаги 21-мактабнинг собиқ директори Ҳалим ота Абдураҳмоновнинг сўзлари ҳаммани жунбушга келтирди. Назаримда кекса муаллим гапираётган паллада залдагилар бутун вужуди билан қулоққа айланган, ҳаяжон уммони ичра ғарқ эди. Нутқ бир неча бор олқишлар билан бўлингани боиси ҳам шунда эди. “87 ёшим, оқ сочим, азиз бошимни эгиб, Сизга салом бергани келдим, деди устоз. Ислом Абдуғаниевич ўқиган 21-мактабда шу йили 3 та 10-синф ўқишни тамом қилди. Ислом Абдуғаниевич, худои таоло Сизга назар қилган экан, 10 йиллик олтин медаллик аттестатни мен Сизга 1953/54 ўқув йилини тамомлашда ўз қўлим билан топширдим.

Исломжон, менинг 63 йиллик ўқитувчилик стажим бор. Сиз мактабни битирган йилдан ушбу сурат ёдгорлик қолган экан. Орадан 45 йил ўтгандан сўнг мана шу суратнинг асл нусхасини Сизга топшираман. Бундан ёр-биродарларингизни, муаллимларингизни ёдга оласиз. Исломжон, менинг ёшим тўқсонга яқинлашди. Худодан тилагим, менга яна 90 йил умр берсин, шу умрни мен Сизга бағишлайман!”

Ислом Каримов муаллими хотираларини ниҳоятда диққат билан, берилиб тинглади. Балки болалик йилларини, ўқувчилик даврини эслай кетдими нигоҳлари устозига ўйчан термулиб қолди. Ўқитувчиси сўзини якунлаши билан президумдан тушиб, минбарга яқин келди. Тарихий суратни олиб, устозини меҳр билан бағрига босди ва миннатдорчилик билдирди. Бу устозни эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатишнинг ибратли намунаси эди.

Дарҳақиқат, шу куни айтилган барча гаплар юракларнинг таг-тубидан сизиб чиқди. Ҳар бир сухан меҳр билан изҳор этилди. Шу боис чеҳраларда самимият балқди, юракларда севинч жуш урди. Бутун зални қамраган қувонч ва ҳаяжон Ислом Абдуғаниевични ҳам оғушига олган эди. Ўша пайтда мамлакатнинг биринчи раҳбари кўп гапирмади. Ҳаяжон бунга изн бермади, деб ўйладик биз. Юраклар тўлиб тошганда шундай бўлиши табиий бир ҳол. Бундай пайтларда унсиз қарашларда, мамнун нигоҳларда кўп нарса акс этиб турарди. Ислом Абдуғаниевич қўлини кўксига қўйиб, ҳамюртларига, самарқандликлар вакилларига қайта-қайта таъзим бажо келтирди. Зални гулдурос ва давомли қарсаклар тутиб кетди.

Хиёбонга туташ Тошкент кўчаси бошланишдаги ўриндиқлардан бирида ўтириб яна кузатишда давом этаман. Ҳайкал олд томони одамлар билан гавжум. Кимдир диққат билан улуғ Инсон сиймосига боқиб турибди. Яна кимдир суратга тушяпти. Одамларнинг ёши ҳам турлича. Нуронийлар, табаррук отахон ва онахонлар, ёшларнинг вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Янглишмасам, ярим соат вақт ичида 20 нафардан зиёд келин-куёвлар, уларнинг ёри-биродарлари, дугоналари зиёратга келишди, гуллар қўйишди, эсдалик учун суратларга тушишди.

Дарвоқе, бу келин-куёвлар Мустақиллик фарзандлари – Истиқлолнинг илк йилларида таваллуд топган бахтли болаларимиз. Уларнинг эҳтиром ила бу ерга қадам ранжида қилишларида ҳам маъно бор. Ҳаётларидаги энг қувончли лаҳзаларда, бир умрга унутилмас бўлиб қолаётган дамларда зиёратга келиб, Мустақиллигимиз асосчиси, фаровон кунларимиз тамал тошини қўйган ҳазрати Инсон ҳайкали пойига гуллар қўйишаётгани улар қалбидаги чексиз меҳр-муҳаббат изҳорининг ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалини очилиш маросимида сўзлаган нутқида “Ишончим комил, Ислом Абдуғаниевичнинг ҳайкали қад кўтарган мана шу табаррук маскан халқимиз учун, юртимизга келадиган минг-минглаб азиз меҳмонлар учун муқаддас зиёратгоҳга айланади” деганида нақадар ҳақ эканлигини бугунги кун рўй-рост кўрсатиб турибди. Қалб даъвати, эҳтиром туйғуси ила бу ерга келаётганлар оқими бир зум бўлсада тўхтамайди.

Ана 25-30 чоғлик бир гуруҳ ўқувчилар келишяпти. Ёнларида ўқитувчиси ҳам бор. Улар мураббий бошчилигида аввал ҳайкал пойига гуллар қўйишди, сўнгра биргаликда таъзим бажо келтирдилар. Ўқитувчиси уларнинг қуршовида нигоҳларини ҳайкалга қарата нималарнидир гапириб берди. Бари биргаликда эсдалик учун суратга тушдилар.

Ҳа, булар ҳам Мустақиллигимиз фарзандлари – келажагимиз эгалари. Ислом Каримов ёшларимиз ҳеч кимдан бўлмаслиги учун барча шароитларни яратиб берди. Бу ёшлар давлат раҳбарининг ана шундай меҳрига йўғрилган сиёсати оғушида ўлғаймоқда, камолга етмоқда. Уларнинг беғубор қарашларида, ҳаракатларида мўътабар Инсонга нисбатан беҳад миннатдорлик ҳисларини англаш қийин эмас эди.

Ислом Каримов сиймосида, унинг нигоҳларида худди ҳаётлик пайтидагидек Самарқандга меҳр акс этиб турганини англагандек бўлдим. Қадди Регистон тарафга юзланган. Нигоҳлари буюк соҳибқирон Амир Темур ҳайкали тарафга қараб турибди. Бунда ҳам қандайдир рамзий маъно бордек гуё. Буюклар сиймосидаги боқишларда эзгулик, хайрли ишларга, бахт-саодатга ундаш ифода топади. Дарвоқе, Регистондан унча узоқ бўлмаган Университет хиёбонига ўрнатилган Амир Темур ёдгорлиги ҳам Ислом Каримовнинг ташаббуси билан бунёд этилган эди. 1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросимида ўзлари иштирок этиб, нуқт сўзлаган ва Самарқанд шаҳар байроғига “Амир Темур” орденини тақиб қўйган эдилар. Ўша тарихий кун Самарқанд куни деб эълон қилинганди.

Бевосита Ислом Каримовнинг ташаббуси ва раҳбарлиги билан Самарқандда амалга оширилган ишларнинг кўлами ниҳоятда улкан. Уларни санаб адоғига етиш янада душвор. 1994 йилда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги, 1996 йилда Соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллиги, 1998 йилда Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги нишонланди. Пайариқ туманида Имом Бухорий мажмуаси барпо қилинди...

Ушбу сатрларни қоғозга тушириш асносида И.А.Каримовнинг Самарқанд ва самарқандликлар ҳақида айтган таърифлари билан қизиқдим. Мана, уларнинг баъзилари:

“Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона руҳи ва қиёфаси, бой тарихи, бу ерда сақланиб қолган ноёб, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида маълуму машҳурдир. Мовий гумбазлари миллионлаб сайёҳларни ўзига мафтун этадиган Самарқанднинг Рим билан бир қаторда “абадий шаҳар” деган ном билан бутун дунёда шуҳрат қозонгани бежиз эмас, албатта”.

“Самарқанд диёри умумбашарият цивилизациясининг Рим сингари қадимий бешикларидан бири сифатида бутун ер юзида тан олиниши, унинг беқиёс табиати, номлари жаҳон тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган мумтоз зотларни бергани билан барчамиз чексиз фахрланамиз”.

2007 йилда Самарқанднинг 2750 йиллиги кенг нишонланди. Байрам муносабати билан шаҳар янада ободонлашиб, бир чиройига ўн чирой қўшилди. Юбилейга тайёргарлик ва унинг ўтказилишига Ислом Каримовнинг ўзи раҳнамо бўлди.

Ислом Абдуғаниевичдаги Самарқандга бўлган меҳр шу замин тақдири учун куюнчаклик билан қоришиқ эди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг айрим навбатдан ташқари сессияларини жуда талабчанлик руҳида, қатъият билан ўтказганларини, аччиқ танқидий фикрлар билдирганларига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Аслини олганда ана шу танбеҳлар, дашномлар ортида ҳам Самарқанд ва самарқандликларга бўлган чексиз меҳр ётарди, десак ҳечам муболаға бўлмайди. Негаки, Ислом Абдуғаниевич Самарқанд вилоятини, қолаверса бутун Ўзбекистонни янада тараққий этишини чин дилидан истаб, бутун ҳаётини шунга бағишлаганини барчамиз яхши биламиз.

Ҳайкал рўпарасида ўтириб, Биринчи Президент билан боғлиқ яна бир ширин хотира ёдимга тушди.

2002 йил 15 октябрь куни Ислом Каримов амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Самарқандга ташриф буюрди. Самарқанд аэропортида давлатимиз раҳбарини вилоят ҳокими кутиб олди. Шундан сўнг Президент Жомбой туманига қараб йўл олди. Ташрифни ёритувчи тележурналистлар сафида мен ҳам бор эдим. Президент аввал Жомбой туманида, сўнгра Пайариқ туманидаги Алишер Навоий номли ширкат хўжалигида деҳқончилик ишларининг аҳволи билан танишди, пахта далаларини бориб кўрди, соҳа вакиллари билан суҳбатлашди. Шу мулоқотлар мобайнида ҳосилдорликни ошириш, сифатини яхшилаш, пахта навларига эътиборни қаратиш ҳақида гапирдилар. Айниқса аҳолининг турмуш фаровонлигин ошириш, ободончилик борасидаги ишларни кучайтириш бўйича қимматли маслаҳатларини бериб, раҳбарлар олдидаги вазифаларни белгилаб берди.

Ўша куни Ислом Каримов Самарқанд шаҳридаги янги қурилган “Суғдиёна” истироҳат боғига ҳам ташриф буюрди. Вилоят ҳокими мамлакат раҳбарига истироҳат боғи қандай бунёд этилгани ҳақида гапириб берди. Ислом Каримов боғнинг ўртасидаги йўлакдан аввал ўнг томонга диққат билан разм солди. Бу ердаги аквапарк у кишида қизиқиш уйғотди. Сўнгра кўл сувининг доимий янгиланиб туриши ҳақида фикр билдирдилар. Ўнг томондаги манзаралар ҳам Ислом Каримовга маъқул келди. “Яхши жой бўлибди, келгусида одамлар бу ерда мириқиб дам олишади” деди-да бизга, журналистларга юзландилар. Оралиқ жуда яқин, чамаси 2-3 метр эди. “Мана сиз ҳам самарқандликсиз”, дедилар маҳаллий ҳамкасбларимиздан бирига қараб. “Дунё тажрибасида ландшафт архитектураси деган гап бор. Қани айтингчи, бу нима дегани?” Президент жавобни кутиб турмай ўзи ландшафт меъморчилиги, ривожланган мамлакатларда, катта шаҳарларда бунга алоҳида эътибор қаратилишини тушунтириб бердилар ва буни албатта ҳисобга олиш лозимлигини таъкидладилар.

Мен шу истироҳат боғига яқин ҳудудда истиқомат қиламан. Кунига ёки кун ора эрта тонгда истироҳат боғига бораман. Доимий шерикларим бор. Бири кўп йиллар шифокорлик қилган Бахтиёр ака, иккинчиси узоқ йиллар қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчи бўлиб ишлаган Раимқул ака.

Бу ерда биз сингарилар кўпчилик. Улар орасида йигит-қизлардан тортиб, ўрта ёш ва кексалар ҳам бор. Боғни камида икки давра айланамиз. Ҳавоси тоза, ёқимли, айниқса эрта тонгда тамоман ўзгача бўлади. Баъзи дарахтлар, гуллардан таралаётган бўй кишига янада ёқимли туюлади, думоқларни қитиқлайди. Ранг-барг гуллар, турфа дарахтлар, болалар учун қурилган атракционлар кузингизни қувонтиради. Ўзимча ўйлайман, биринчи Президент айтган ландшафт меъморчилигининг амалдаги намунаси шу бўлса керак.

Бугун эслаганларимиз, хотирамиздан ўтказганларимиз улкан уммондан бир томчи, холос. Хиёбондан қайтаётиб руҳимда бир енгиллик, фахр ила ул зот сиймосига назар ташлайман. Назаримда, унинг салобатли туришида, нигоҳларида улуғ инсонлик белгилари, самимият, давлат ва жамоат арбобларига хос қатъиятлилик намоён бўлади. Бу қиёфада Ватан учун жонини ҳам аямайдиган фидойи юртпарвар, Мустақиллик асосчиси, тинчлик учун курашувчи дунё миқёсидаги кучли ва доно сиёсатчи, оламшумул ислоҳотлар назариётчиси ва амалга оширувчиси ҳамда туғилган жойига, юртига чексиз садоқат тимсолига айланган шахсни кўрамиз. Бу шу буюк зотнинг жасорати ва матонатига, халқни бунёдкорликка чорлаган улуғ инсон муҳаббатига қўйилган ҳайкалга ўхшайди.

 

Амрилло Аҳмедов, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси.

 


Охирги ўзгариш: 30/01/2018 19:26.   Кўрилганлиги: 463
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqandni-ardoqlagan-buyuk-qalb

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 6

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг