Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНДЛИК ОЛИМЛАР НУФУЗЛИ МУКОФОТ СОҲИБИ БЎЛДИ

САМАРҚАНДЛИК ОЛИМЛАР НУФУЗЛИ МУКОФОТ СОҲИБИ БЎЛДИ

Француз-ўзбек ҳамкорлигига қўшган ҳиссаси учун олти нафар юртдошимиз Франция ҳукумати томонидан таъсис этилган “Академик Пальма” ордени соҳиби бўлди.

Франциянинг юртимиздаги элчихонаси тавсиясига биноан мукофотланганлар орасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти директори Амриддин Бердимуродов ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институти француз тили ўқитувчиси Дилфуза Атауллаева ҳам бор.

Мазкур орден Франция ёки хориждаги таълим ходимлари ва илмий-тадқиқотчиларни ўз соҳаларидаги буюк хизматларини тақдирлаш учун бериладиганфахрий мукофотдир. Чет эллик номзодларни аниқлашда уларнинг француз тили ва маданиятини тарғиб этишдаги фаол иштироки ёки Франция ва ўз мамлакатлари ўртасидаги университетлараро ҳамкорлик ва илмий лойиҳаларда яқиндан иштироки инобатга олинади.

Францияда юқори нуфузга эга бўлган ушбу орден кавалери Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшган Амриддин Бердимуродов 1994 йилдан буён Париждаги “Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси” вице-президентидир. У бир неча марта Парижда ушбу ассоциация аъзоларига темурийлар тарихи ва маданиятига оид маъруза қилган. Ассоциация нашри – “Темурийлар” журналида қатор мақолалари чоп этилган. 1992 йили Париждаги ЮНЕСКО штаб-квартирасида ўтказилган халқаро илмий конференцияда Самарқанд тарихи бўйича маъруза қилган.

Амриддин Бердимуродов раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти билан ҳозирда Франциянинг бешта халқаро экспедицияси ўз фаолиятини олиб бормоқда. Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон–Франция экспедицияси Самарқанд шаҳридаги Афросиёб ва Пайариқ туманидаги Кўктепа ёдгорликларида улкан кашфиётларга эришган.

Дилфуза Атауллаева ҳам 1997 йилдан буён ўзбек-француз маданий ҳамкорлиги ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. У институтда француз тилидан талабаларга сабоқ бериш билан бирга 2003 йилдан 2013 йилгача Француз маданият маркази вилоят филиалига раҳбарлик қилди. Ўтган давр мобайнида Франциядаги ва ушбу мамлакатнинг юртимиздаги элчихонаси томонидан ўтказилган ўқув-услубий семинарларда фаол қатнашган.

Д.Атауллаева 2005 йилда Франциянинг Лимож шаҳридаги Франкофон мультимедия кутубхонасида кутубхона тузилиши бўйича малака оширди. Ўша йили Франция ташқи ишлар вазирлиги томонидан Париждаги “Salon du livre”, яъни “Китоблар ярмаркаси”га таклиф қилиниб, бир ҳафта давомида турли маданий тадбирларда иштирок этган.

Анвар Мустафоқулов


Киритилган вақти: 13/02/2015 11:12.   Кўрилганлиги: 1657
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqandlik-olimlar-nufuzli-mukofot-sohibi-boldi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.