Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқандлик фермер: “Президентимизнинг гаплари қаддимизни ҳам, қадримизни ҳам оширди”

Самарқандлик фермер: “Президентимизнинг гаплари қаддимизни ҳам, қадримизни ҳам оширди”

Президентимизнинг ғаллачилик бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида айтган гапларини эшитиб, тўғриси, ўзимда йўқ хурсандман,

гўё осмонда учиб юрибман. Чунки бир неча йилдан буён фермерлик қилиб, ердан ризқимизни териб юриб, ғалланинг қандай харажат, машаққат билан яратилишини яхши биламан. Ерни экишга тайёрлаш, уруғлик, минерал ўғит, ишлов бериш, турли зараркунандаларга қарши курашиш, кейин ўрим-йиғим ишлари, ишчиларга меҳнат ҳақи – эҳҳе, харажати катта бўлади.

Бошқаларнинг кўзига ям-яшил ғаллазор, тонна-тонна дон мўмай даромаддек кўринса ҳам бу қанча сарф-харажат, меҳнат эвазига етиштирилгани ўзимизга аён эди. Ишонасизми, ғаллага қилган харажатимизни охир оқибат сомонни сотиш билан қоплардик. Давлат буюртмаси, хариди бўлгани учун экардик. Ғалла экиб даромад қилиш жуда қийин эди. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг, бир тонна ғалла учун 1 миллион 550 минг сўм ҳақ тўланарди. Бу бугунги бозор нархлари билан тақосласак, нореал-да. Агар бир гектар ерда ўртача 40 центнер ҳосил етиштирилганда 4 тонна ғалла олинади. Лекин бир гектар ерни экин экишга тайёрлашнинг ўзига камида 500 минг сўм сарфланади. Бундан бошқа харажатлар-чи? Йил бўйи меҳнат қилиб, бундан манфаат кўрмасангиз, даромадингиз аранг харажатни қопласа, фермер хўжалиги қандай ривожланади?

Шунинг учун фермерлар ғалладан кўра, бошқа сабзавот экинлари экишга эътибор қаратаётган эди. Ўзимиз ҳам ўтган йили 110 гектарга ғалла эккан бўлсак, бу йил 90 гектарда дон етиштиряпмиз. Худога шукр, ғалла ривожи ёмон эмас, камида 60-70 центнерни мўлжаллаб турибмиз. Агар Президентимизнинг кечаги гаплари мавсум аввалида айтилганида борми, 100 центнерлик натижа учун ҳаракат қилардик. Керак бўлса, дала четларигача, увот ва ариқ бўйларигача ғалла экардик, туну кун далада бўлардик. Тўғрисини айтишимиз керак-да манфаатдорлик қанча юқори бўлса шунга яраша интилиш бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг “буғдойнинг ҳақиқий эгаси фермер ва кластерлар. Бундан буён, туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди” деган гаплари бизнинг қаддимизни ҳам қадримизни ҳам ошириб юборди. Кечанинг ўзида олдимга аниқ мақсад қўйдим – келгуси йил ҳосили учун яна ҳам кўпроқ майдонда дон экаман. Ҳар бир гектар, ҳатто ҳар бир туп ғалла ривожига алоҳида эътибор қилиб, 150-160 центнерлик маррани кўзлаб ишлайман. Бунинг учун хориждан замонавий, илғор технологияларни олиб келиш ва қўллашга ҳам тайёрман.

Ботир НАЗАРОВ,

Самарқанд вилояти,

Жомбой туманидаги “Yodgor Nazarov yerlari”

фермер хўжалиги раҳбари

ЎзА.


Киритилган вақти: 13/05/2022 12:04.   Кўрилганлиги: 53
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqandlik-fermer-prezidentimizning-gaplari-qaddimizni-ham-qadrimizni-ham-oshirdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.