Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНДГА ЖАНУБИЙ КОРЕЯЛИКЛАРНИНГ ҚИЗИҚИШИ КАТТА

САМАРҚАНДГА ЖАНУБИЙ КОРЕЯЛИКЛАРНИНГ ҚИЗИҚИШИ КАТТА

Қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг жорий йил 9 ойдаги сайёҳлик салоҳияти таҳлил қилинганда шундай хулосага келинди.

Вилоят туризмни ривожлантириш департаменти маълумотларига кўра, ўтган даврда 1 миллион 560 мингга яқин маҳаллий ва 239 мингдан ортиқ хорижий сайёҳ Самарқандда бўлган.

Хорижий сайёҳлар географияси таҳлил қилинганда Жанубий Кореядан 9,4 минг, Япониядан 8,3 минг, Франциядан 6,3 минг, Германиядан 5,5 минг, Италиядан 5,4 минг, Испаниядан 4,5 минг, Туркиядан 3,9 минг нафар сайёҳ келгани маълум бўлди.

Хорижлик сайёҳларнинг катта қисми ҳалиям Россия Федерацияси ва МДҲ мамлакатларидан – 76,3 минг киши. Марказий Осиё давлатларидан эса 49,6 минг киши Самарқандни томоша қилган.

Зиёрат туризми бўйича юртимизга қизиқиши катта бўлган Малайзия ва Индонезия давлатларидан эса 1,6 минг, 1,7 минг фуқаро ташриф буюрган.

Бутун дунёдаги мусулмонлар зиёрат қилишга интиладиган Имом Бухорий мажмуасида айни пайтда 60,4 гектар майдонда туризм инфратузилмаси объектлари барпо этилиши белгиланган. Жумладан, бу ерда 27 меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган. Индонезиянинг “Sahid group” компанияси Самарқанддаги илк 5 юлдузли меҳмонхонани ҳам ушбу масканда қуриш ниятида. Мазкур ҳудудда объектлар фойдаланишга топширилгач, бу ерда йилига 250 минг нафар хорижий зиёратчиларни қабул қилиш имконияти яратилади.

Дунёнинг нариги бурчакларида ҳам Самарқандни кўришни истаганлар бор экан. Шу сабабли Австралия ва Бразилиядан бу йил 800 нафардан, олис Канададан эса 1000 нафар сайёҳ юртимизга келиб, унинг бетакрор тарихий обидалари ва гўзал табиатидан баҳраманд бўлибди.

– Дунёнинг 129 давлатидан келган 239 минг нафар туристнинг 28,6 минг нафари сайёҳлик визаси расмийлаштирган бўлса, бошқа сайёҳлар давлатимиз раҳбарининг фармони билан бир қатор давлатлар фуқароларига юртимизга туристик ташрифлари учун виза режими бекор қилиниши имкониятидан фойдаланган, – дейди Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Д.Нарзиқулов. – Вилоятда туристик оқимнинг сезиларли даражада кўпаяётгани ҳисобга олиниб, жорий йилда 28 та янги инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ.


Киритилган вақти: 08/11/2018 18:19.   Кўрилганлиги: 67
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqandga-janubiy-koreyaliklarning-qiziqishi-katta

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 5

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг