Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқандда яна дўстлик ва тинчлик тароналари янграйди

Самарқандда яна дўстлик ва тинчлик тароналари янграйди

Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.


Фестивал матбуот хизмати раҳбари С.Остонов, фестивал ижрочи директори Т.Холиқов, Республика «Тавирий ойина» ижодий уюшмаси раиси И.Латипов, вилоят ҳокими ўринбосари А.Умаров, Самарқанд шаҳар ҳокими В.Раҳимов Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йилда ташкил этилиб, ҳар икки йилда Самарқандда ўтказилиб келинаётган «Шарқ таронлари» халқаро мусиқа фестивали бугунга келиб, дунё миқёсидаги энг нуфузли анжуманга айланганини эътироф этдилар. Халқлар ўртасидаги дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига нисбатан очиқлиги, бағрикенглигини намоён этиш, бой тарихимиз, бетакрор маданиятимизни тарғиб қилишни мақсад қилган бу галги фестивалга ҳар қачонгидан қизғин ҳозирлик кўрилаётгани хусусида маълумотлар берилди.

Таъкидландики, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри йирик қўшалоқ байрамга ҳамоҳанг - ўзгача гўзаллик ва тароват касб этяпти. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги ва «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивали доирасидаги тайёргарликлар шаҳарга янада файз бағишлаётир. Озода, кенг кўчалар, сўлим боғ ва хиёбонлар байрамона безатилмоқда, замонавий тунги ёритиш ускуналари билан таъминланмоқда. Айни пайтда шаҳар кўчаларига Россиядан келтирилган 1,5 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилди. Икки миллион туп гул кўчатлари ўтқазиш ишлари бошлаб юборилди. Анжуман бошлангунга қадар шаҳарнинг 20 та йирик йўл чорраҳаларида композицияли гулзорлар барпо қилиш, марказий кўчалар кесишмасида мустақиллик йиллари эришган ютуқларимизни видеороликлар ёрдамида намойиш этиш мақсадида катта ҳажмдаги 7 та монитор, самарқандликлар ҳамда хорижлик сайёҳларга анжуман иштирокчилари чиқишларини ташкил этиш учун 5 та йиғма саҳна ўрнатиш режалаштирилмоқда.

- Ўтган қисқа давр мобайнида фестивалга қатнашувчилар сони ошиб, дунёнинг барча қитъасини қамраб олди, - дейди «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивали ижрочи директори Т.Холиқов. – Бугунга қадар дунёнинг юздан ортиқ давлатлари ҳамда ЮНЕСКО, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро фольклор санъати ташкилоти, Осиё тараққиёт банки вакиллари бу нуфузли фестивал иштирокчисига айланган. Ҳатто Қозоғистон, Исроил, Эрон, Россия, Бельгия, Италия, Канада, Бразилия, Грузиядан бир нечта мусиқа жамоалари иштирок этиш истагини билдириб, қайта-қайта дирекциямизга мурожаат этмоқда. Шу кунга қадар 120 га яқин бадиий жамоалар орасидан 38 та жамоани саралаб олдик. Умуман, фестивалда бу йил 56 давлатдан 250 нафар хорижлик санъаткорлар иштирок этиши кутилмоқда. Ушбу мусиқа анжумани тарихида кузатилмаган Ямайка, Малави, Мяньма ва Уругвай давлатлари вакиллари иштирокини таъминлаш бўйича музокаралар олиб бориляпти.

Фестивалнинг аҳамиятини янада ошириш, дунё ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистон мусиқа маданиятига қаратиш мақсадида 20 га яқин хорижлик мутахассислар иштирокида махсус давра суҳбатлари, тақдимотлар ва маҳорат дарслари ўтказиш режалаштирилган.

Фестивал доирасида ўтказиладиган «Шарқ халқлари мусиқа маданияти миллий анъаналарининг шаклланиши ва ривожланиши» мавзусидаги илмий-назарий конференцияда 20 дан ортиқ хорижлик таниқли мусиқа мутахассислари, олимларнинг иштироки кўзланаётир. Тадбирларни хориж оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида 15 га яқин давлатлардан 25 нафар журналист жалб этилмоқда.

Шунингдек, анжуманга фахрий меҳмон сифатида ЮНЕСКО, Мустақил Давлат ҳамдўстлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Кореянинг Андонг, Хитойнинг Шанхай халқаро мусиқа фестиваллари вакиллари таклиф қилинган.

Бу сафар АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Эстония, Қувайт, Индонезия, Бангладеш, Россия ва ўзбекистонлик мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати шакллантирилди.

Анжуманда фестивалга тайёргалик жараёнларининг бошқа масалаларига доир журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олинди.



Охирги ўзгариш: 12/08/2017 10:04.   Кўрилганлиги: 1126
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqandda-yana-dostlik-va-tinchlik-taronalari-yangraydi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.