Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНДДА УЙҒОНИШ, ЯШАРИШ ВА ЯНГИЛАНИШ АЙЁМИ

САМАРҚАНДДА УЙҒОНИШ, ЯШАРИШ ВА ЯНГИЛАНИШ АЙЁМИ

Самарқанд шаҳрининг ўндан ортиқ масканларида Наврўз сайиллари ўтказилди. Бу тантаналарда шаҳар ва туманлар, маҳаллалар ва меҳнат жамоалари қатнашди.

Эрта тонгдан жарчилар халқни шаҳардаги маданият ва истироҳат боғлари, майдонларида ўтказиладиган сайилларга чорлади.

Асосий байрам тадбири «Мўъжиза» амфитеатрида ўтказилди. Тантанада вилоятнинг барча корхона ва бошқармалари, муассасалари, жамоат ташкилотлари ҳамда шаҳар ва туманлардан меҳмонлар иштирок этишди.

Вилоят ҳокими З.Мирзаев маросим қатнашчилари, улар тимсолида вилоят аҳлини Наврўз байрами билан табриклади.

– Асрлар давомида одамларни маънан бирлаштирувчи, улар қалбида эзгу фазилатларни мустаҳкамловчи, инсонийлик, меҳр-мурувват ғояларини ўзида мужаcсам этган Наврўзни қут-барака ва тўкинчилик байрами сифатида нишонлаб келамиз, – деди З.Мирзаев. – Наврўз биргина миллатнинг эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида байрам қилинади. Масалан, бугунги байрам сайлида ҳам юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари, ўнта миллий-маданий марказларнинг иштирок этаётгани фикримизни тасдиқлаб турибди. Бир сўз билан айтганда, ушбу байрамимиз дўстлик, тинчлик, инсонийлик элчисидир.


Вилоят ҳокими ўз табригида шундай тароватли кунларда мамлакатимиз, жумладан, вилоятимизда амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайиб, шаҳар ва қишлоқлар мутлақо янги қиёфа касб этиб бораётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоқаҳолиси учун шаҳардан кам бўлмаган яшаш шароитларини яратиш борасидаги ишлар самарасида ўтган йилларда намунавий лойиҳалар асосида
4500 га яқин уй-жойлар бунёд этилди. Шаҳарларда 44 та кўпқаватли уй-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилди.

Ўтган 2014 йилда 189 та ижтимоий соҳа ва ичимлик сув объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Пайариқ, Ургут, Тайлоқ, Жомбой туманларида маданият ва истироҳат боғлари замонавий лойиҳалар асосида реконструкция қилинди.


Шундан сўнг майдон узра Наврўзи оламни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради. Фольклор этнографик дасталар ва бадиий жамоалар саҳнада баҳор ва Наврўз билан боғлиқ анъаналар, урф-одатлар, маросимларни намойиш этдилар.

Самарқандлик ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорларнинг чиқишлари, Ватан, Наврўз ва муҳаббатни мадҳ этувчи наволар тадбир қатнашчиларига манзур бўлди.

***

Йўлбарслар хиёбонида ўтказилган байрам сайлига келганлар кўз ўнгида Самарқанднинг қадим маҳаллалари қиёфаси гавдаланди, дейиш мумкин. Асрлардан бери мавжуд, ҳунарига қараб номланган Сўзангарон, Заргарон, Кулолон, Камонгарон каби маҳаллалар бу кунда яна ўз илдизларига қайтгандай бўлди. Боғи Мирзо маҳалласининг сандиқсозлари, Мароқанд маҳалласининг телпакдўзлари, Абдулла Қаҳҳор маҳалласининг кулоллари, шунингдек, каштадўзлар, қандолатпазлар, заргарлару зардўзларнинг маҳсулотларини кузатар экансиз, уларда қадимийлик билан бир қаторда замонавийликнинг уйғунлашганини сезасиз, ҳунармандлари билан суҳбатлашсангиз, ҳунари орқали эл ўртасида обрў топаётгани ҳақида тўлқинланиб гапириб беришади.

Байрамда айниқса, турли жониворларни парваришлаётган оилаларнинг ҳам иштироки сайил қатнашчиларини эътиборсиз қолдирмади. Айниқса, Девори Кўндаланг маҳалласидан келган Феруз Қурбоновнинг қорабайирлари, Ҳилол маҳалласида истиқомат қилувчи Комил Чўяновнинг 15 хилга яқин қушлари, ҳатто улкан туянинг ҳам сайилда қатнашиши барчага завқ бағишлади. Зомини маҳалласи фаоллари томонидан тайёрланиб, аҳолига тарқатилган сумалак таъми кўпчиликнинг оғзида қолади.


Руҳобод майдонида юзида табассум, хуррамлик ва шукроналик акс этган юртдошларимиз ҳамда хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонлар умумтаълим мактаблари томонидан тайёрланган баҳорий таомлар кўргазмаси, турли спорт ўйинлари, анъана ва урф-одатларимиз акс эттирилган байрам дастурларига гувоҳ бўлдилар.

«Ёшлик» маданият ва истироҳат боғида Самарқанд шаҳридаги нон ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг савдо ярмаркаси ташкил этилди. Чехов номидаги вилоят рус драма театри ҳамда шаҳар маданият ва спорт ишлари бўлими томонидан тайёрланган концерт дастурлари намойиш қилинди. Махсус мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйларининг 300 нафардан ортиқ тарбияланувчилари, 50 нафардан ортиқ ёлғиз кексалар учун байрам дастурхони безатилди.

Алишер Навоий кўчаси ҳамда шоир номи билан аталадиган маданият ва истироҳат боғига ташриф буюрганлар ажойиб манзарага гувоҳ бўлдилар. Ҳудудда ёшлик ва яшариш нафаси уфуриб турди. Чунки, вилоятдаги олий ўқув юртлари талаба-ёшлари, профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, касб-ҳунарга доир янгилик ва ихтиролар кўргазмаси намойиш қилинди.

Боғ ичкариси ва унинг ён-атрофида соғлиқни сақлаш, назорат тафтиш, ғазначилик, пенсия жамғармаси бошқармалари, «Марказгазтаъминот» унитар корхонаси жамоаси томонидан миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди. Саҳналарда Ватан ва Наврўз мавзуидаги куй-қўшиқлар янгради. Тизимда фаолият юритган фахрийлар, отахон-у онахонлар учун байрам дастурхони ташкил этилди.

Рудакий майдонидаги сайилда қатнашганлар маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамда Қўғирчоқ театрининг чиқишларига гувоҳ бўлдилар. Майдонда миллий спорт турлари бўйича мусобақа ва кўргазмали чиқишлар ташкил қилинди. Халқаро мусобақаларда юксак натижаларни қўлга киритган спортчилар иштирокида мастер класс тадбириўтказилди. Айниқса, кураш мусобақасининг ўтказилиши байрамга ўзига хос миллий руҳ берди.

Арқон тортиш, тош кўтариш мусобақалари ҳам ўтказилди. Аслида ҳам қадимдан бу каби байрамларни миллий спорт ўйинларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Кураш мусобақаси натижасига кўра мутлоқ ғолиблик пастдарғомлик полвон Элибой Ибрагимовга насиб этди.  

Университет хиёбонига келган томошабинлар Самарқанд давлат университети жамоаси томонидан ташкил этилган Наврўз байрами тантаналарига гувоҳ бўлишди.

Дастурхонлар миллий таомлар билан безатилган. Бадиий ҳаваскорлик ашула ва рақс гуруҳлари томонидан ижро этилаётган куй-қўшиқлар шаҳар меҳмонлари ва сайёҳларга кўтаринки кайфият улашди. Айниқса, ўзбек филологияси, кимё, биология, тарих факультетлари талабаларининг миллий урф-одатларимиз ва Наврўз айёми билан боғлиқ анъаналарни саҳна кўринишларида намойиш этишганлиги йиғилганларга манзур бўлди.

Камол Ота Турк кўчасида «Ўзбектуризм» миллий компанияси, вилоят савдо комплекслари ва бозорлар уюшмалари, «Ҳунарманд», Музей-қўриқхона ва миллий маданий марказларининг вакиллари томонидан миллий байрам нишонланди.

Чархиндаги 11-сон мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари томонидан ижро этилган қўшиқ ва ариялар сайилга чиққанларга кўтаринки кайфият бахш этди. Татар-бошқирд, немис, озарбайжон рус, корейс миллий маданий марказлари вакиллари томонидан тайёрланган миллий таомлар ва ширинликлар байрам дастурхонини безади.


Байрам тантаналарида татар-бошқирд миллий маданий марказининг «Умырзая», «Выдохновение» рус хори, «Саранг» корейс миллий ашула ва рақс гуруҳларининг чиқишлари ҳам ўзига хос бўлди.

Суғдиёна истироҳат боғидаги байрам тантаналарида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари жамоаларининг кўргазмали ҳамда бадиий чиқишлари намойиш этилди. Самарқанд шаҳар маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг лапар, баҳру байт, Сўзангарон тиббиёт коллежининг келин салом, Самарқанд педагогика коллежининг рақс бўйича чиқишлари аҳоли эътиборини тортди.

Шунингдек, Самарқанд автомобилсозлик коллежи ўқувчилари томонидан яратилган робот-машина, Самарқанд санъат коллежи ўқувчиларининг Наврўз ва баҳор акс эттирилган суратлар намойиши кўпчиликка манзур бўлди.


***

Наврўз тантаналари доирасида вилоят ҳокимлигининг бўлим ва бошқармалари, жамоат ташкилотлари, шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди, қариялар, беморлар, муҳтожлар ҳолидан хабар олинди.

Самарқанд шаҳридаги Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатларда байрам дастурхонлари ёзилди, ҳомий ташкилотлар томонидан концерт дастурлари уюштирилди.

Вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида байрам шодиёналари давом этмоқда.


Киритилган вақти: 23/03/2015 08:39.   Кўрилганлиги: 1118
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqandda-uygonish-yasharish-va-yangilanish-ayyomi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 10

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг