Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНДДА ТЕСТ СИНОВЛАРИ ҚАНДАЙ ЎТАДИ?

САМАРҚАНДДА ТЕСТ СИНОВЛАРИ ҚАНДАЙ ЎТАДИ?

Давлат тест марказининг Самарқанд вилояти бўлими томонидан вилоятдаги етти олий ўқув юрти бакалавриатига талабаларни қабул қилиш учун ўтказиладиган тест синовларини янги тартиб асосида, белгиланган қоидаларга тўла риоя этган ҳолда ташкил этишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

– Жорий йилдан бошлаб олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовлари 1-15 август кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида ва унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павильонларда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларида эса – олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилиши белгиланди, – дейди Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Э.Исроилов. – Мазкур тартиб асосида вилоятдаги олий ўқув юртларига кириш тест синовларини ўтказиш учун Самарқанд шаҳридаги Даҳбед ва Рудакий кўчалари кесишмаларида жойлашган таълим муассасалари – спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Самарқанд давлат университети академик лицейи ва Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 5 та катта сиғимдаги спорт заллари танланди.

Тест синовлари ушбу спорт залларида икки навбатда – эрталаб соат 08:00 да ва куннинг иккинчи ярмида соат 15:00 да бошланади. Бир навбатда 102 гуруҳда 3060 нафар абитуриент тест синовлари топшириши мумкин.

Шунингдек, мазкур иншоотларда 5 нафар бино раҳбари, 6 нафар Давлат тест маркази вакили ҳамда ҳар бир гуруҳда иккитадан гуруҳ назоратчиси бўлади.

Ҳозирда биноларда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиб, тест жараёнларини ташкил этиш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Ҳар бир залга 10-15 тагача кондиционер ўрнатилиши режалаштирилган. Шунингдек, Давлат тест маркази штаб ва сервер хоналари, тиббий хоналар ташкил этилиб, жиҳозланмоқда.

Тест синовлари ўтказиладиган залларда ҳар бир абитуриент учун алоҳида стол ва стул қўйилади. Столда абитуриент бажариши керак бўлган ишлар кетма-кетлиги чизмада кўрсатилади. Қадоқланган сув, ручка бўлади.

Ҳудудда 400 дан ортиқ видеокамера, шахсни аниқлайдиган идентификациялаш воситалари ўрнатилади. Бу воситалар тест синовлари ўтказиладиган жойларда иштирок этишга рухсат берилмаган шахслар аниқланса, автоматик тарзда сигнал беради.

Заллардаги тест жараёнлари ҳудуд яқинидаги Сиёб тиббиёт коллежи ҳовлисида ўрнатиладиган ўндан ортиқ мониторларда тўғридан-тўғри намойиш этилади. Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бинога кириши, тест жараёнининг боришини кузатиб туриши мумкин.

Бу йил тест топшириқлари китобида ҳар бир фандан 30 тадан савол берилади. Бир фан бўйича саволларга бир соатдан вақт ажратилади. Залда катта экранда таймерлар қўйилиб, 3 соатдан орқага қараб ҳисоблайди. Тест жараёни тугагандан сўнг абитуриент тест топшириқ китоби ва жавоблар варақасини топшириши лозим. Акс ҳолда у синовдан четлаштирилади.

Кириш тест синовлари натижалари тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Шу пайтгача жойларда Давлат тест марказининг вакиллари фаолият кўрсатган бўлса, эндиликда бўлимлар ташкил этилди. Самарқанд вилоятида ҳам Давлат тест марказининг бўлими очилиб, Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида жойлашди.

Бўлим томонидан 1-4 май кунлари тест синовларига гуруҳ назоратчиси сифатида жалб этиладиган 828 нафар таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва педагоглар жараённи ўтказиш бўйича ўқитилди. 17 май куни эса спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби залида тест синовлари жараёни репетицияси уюштирилди.

Самарқанд давлат университети академик лицейининг 240 нафар ва Самарқанд давлат тиббиёт институти академик лицейининг 60 нафар битирувчи босқич ўқувчилари репетиция жараёнида шартли абитуриентлар сифатида қатнашди. Улар бинога кириш жойида ўрнатилган шахсни идентификациялаш видеокамераси орқали 21 дақиқада шахси аниқланган ҳолда, белгиланган тартибда текширилиб, залга киритилди.

Ушбу жараёнда ички ишлар идоралари ходимлари ва бошқа соҳа вакилларига тест синовлари ўтказиладиган кунларда амалга ошириши лозим бўлган вазифалари, ваколат ва мажбуриятлари тушунтирилди.

Бу каби чора-тадбирлар тест синовларининг адолатли, шаффоф ҳолда ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

Бугунги кунда вилоятдаги олий ўқув юртларида қабул комиссиялари фаолиятини ташкил этиш ҳамда 15 июнь – 15 июль кунлари, бир ой давомида абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.

 

Ғолиб Ҳасанов.


Охирги ўзгариш: 01/06/2018 19:41.   Кўрилганлиги: 347
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqandda-test-sinovlari-qaerda-otadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 6

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг