Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқандда Қозоғистоннинг Бош консулхонаси очилди

Самарқандда Қозоғистоннинг Бош консулхонаси очилди

Самарқанд шаҳрида Қозоғистон Республикасининг Бош консулхонаси очилиш маросими ўтказилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.

– Самарқандда Бош консулхонамизнинг ташкил этилиши Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ва азалий дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари маҳсулидир, – деди Қозоғистон элчиси Дархан Сатибалди ўз табрик сўзида. – Айниқса, кейинги беш йилда давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гумантар соҳалардаги ҳамкорлик кучайди. Бугунги кунда Қозоғистонда Ўзбекистоннинг иккита консулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Биз Бош консулхонамиз учун Самарқандни танлашимиз бежиз эмас. Чунки бу шаҳар Ўзбекистонинг йирик тарихий-маданий марказларидан бири, иқтисодий салоҳияти, инвестициявий жозибадорлиги юқори ҳудуди ҳисобланади. Хусусан, сайёҳлик борасида Самарқандда катта имкониятлар мавжуд. Биз кеча вилоятдаги бир қатор корхоналар фаолияти билан танишиб, уларнинг Қозоғистон билан яқин ҳамкорликда ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Хусусан, яқинда Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган замонавий автобуслардан 50 таси Туркистон шаҳрига етказиб берилди. Йил якунига қадар яна 200 та шундай автобус харид қилиш режалаштирилган. Шунингдек, ўтган йил якунида Самарқандда “Тенгебанк” филиали иш бошлади. Бош консулхонамиз бу алоқаларни яна ҳам ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз.

– Бу йил Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 29 йил тўлади, – деди Э.Турдимов маросимда. – Ўтган йиллар давомида давлатларимизнинг яқин қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган алоқалари мустаҳкамланди. Айниқса, кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан бу ҳамкорлик янги босқичда давом этмоқда. Мазкур консулхона ҳам бунинг натижаси, десак муболаға бўлмайди. Ўтган йил якунларига кўра, вилоятимизнинг Қозоғистон билан ўзаро товар айланмаси 147 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бугунги кунда Самарқандда Қозоғистон капитали иштирокидаги 15 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Тадбир қатнашчилари консулхонада яратилган шароит, хизмат кўрсатиш имкониятлари билан танишди.

– Самарқанд нафақат Ўзбекистоннинг, шу билан бирга Ўрта Осиёнинг марказида, йирик транспорт чорраҳасида жойлашгани билан муҳим аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади, – деди Қозоғистоннинг Самарқанддаги Бош консули Азамат Аубеков оммавий ахборот воситалари ходимларига берган интервьюсида. – Бу эса минтақа тараққиётида кенг имкониятлар яратади. Шунингдек, Самарқанднинг туристик салоҳияти ҳам катта. Яқинда Ўзбекистон Президенти вилоятга ташрифи чоғида Самарқандни бир миллионли шаҳарга айлантириш ва унинг туристик жозибадорлигини яна ошириш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Шу ва бошқа омиллар мазкур тарихий шаҳарда Қозоғистоннинг Бошь консуллигини очишга асос бўлди. Консулхонамиз Самарқанд билан бирга мазкур минтақага яқин вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи аҳолига, қозоқ диаспораси вакилларига, юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатади.


Киритилган вақти: 29/04/2021 13:53.   Кўрилганлиги: 93
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqandda-qozogistonning-bosh-konsulxonasi-ochildi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 13

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.