Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқандда бўлиб ўтган вилоят Кенгаши сессиясида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати таҳлил қилинди

Самарқандда бўлиб ўтган вилоят Кенгаши сессиясида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати таҳлил қилинди

8 февраль куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг олтмиш биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган сессия иши туман ва шаҳар студиялари билан уланган ҳолда видеоселектор тарзида ўтказилди. 

Депутатлар дастлаб Самарқанд вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова сўзга чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик масъул ходимлари ҳамда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари врачларидан иборат республика ишчи гуруҳининг вилоятда олиб борган ўрганиши натижалари ҳақида маълумот берди.

- Президентимизнинг бирламчи тиббий санитария, шошилинч ва тез тиббий ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга қаратилган қарорлари ижроси бўйича 2018 йил вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилган, - деди Э.Боситхонова. – Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, унинг моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан 638,4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 1,5 баробарга ошган. Инвестиция дастури доирасида 38 объектда бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида 15 та бирламчи тиббиёт муассасалари ва битта тез тиббий ёрдам бўлимида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Хусусий тиббиёт муассасалари улуши 2017 йилга нисбатан 51 фоизга кўтарилиб, бугунги кунда уларнинг сони 365 тага етган. 2018 йилнинг ўзида 86 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, 35 та мавжуд муассасаларнинг фаолияти кенгайтирилган.

Бироқ амалга оширилган ишлар билан бир қаторда тизимда муаммо камчиликлар мавжуд. Туманлар, айниқса, чекка қишлоқларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш етарли даражада эмас. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва туман марказий шифохоналарининг моддий-техника базаси талабга жавоб бермайди. Муассасаларда тор соҳа мутахассисларига эҳтиёж бор. Тиббиётнинг вилоят, туман ва қишлоқ бўғинлари ўртасида узвий боғлиқликни йўлга қўйишда муаммолар юзага келган.

Ушбу масала бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов, республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори М.Жўраев, Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ш.Нуруллаева, Ургут тумани ҳокими М.Турдиев ва бошқалар ўз муносабатларини билдирдилар. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов вилоятда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлашда шу соҳа раҳбарлари масъулиятини кучайтиришга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

– Кейинги икки йил мобайнида тиббиёт муассасаларини дори-дармон воситалари билан таъминлаш 10 баробарга ошди, - деди Н.Исмоилов. – Оддий шугина мисолни тиббиёт муассасалари раҳбари аҳолига етказишни билмайди. Муассасаларда қайси хизматлар пуллик ёки бепуллиги ҳақида маълумотлар оммага ёритилмаган. Аксарият раҳбарларда кўпайган касалликларни камайтиришга доир таҳлил йўқ. Ачинарлиси, кўпчилик мутасаддиларда соғлиқни сақлаш тизимида кластер, тиббий суғурта, давлат хусусий шерикчилиги, тиббиётни молиялаштириш, тиббий-ижтимоий ҳимоя, тиббиётни бошқариш механизмлари ҳақида тўлиқ тушунча мавжуд эмас. Қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникаларига жойлардаги ҳокимлар қачон борганлигини эслолмайди.

Шундай экан, вилоятда аҳолига кўрсатилаётган тиббий санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш лозим.

Шундан сўнг, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши доимий комиссиялари ҳамда депутатларининг 2018 йилдаги фаолияти юзасидан Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссиясининг ахбороти маъқулланди ва доимий комиссияларининг 2019 йилга мўлжалланган иш режалари тасдиқланди. 

Шунингдек, сессияда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари О.Хўжаевнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижросини таъминлаш мақсадида туманлардан ер ажратиш бўйича тақдим этилган лойиҳаларни тасдиқлаш тўғрисидаги;

вилоят прокурори Ф.Зуфаровнинг “2018 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан вилоятда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тўғрисида”ги ахбороти ҳақидаги;

вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Тошпўлатовнинг “Вилоят ҳудудида 2018 йил давомида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, унинг сабабларини бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти ҳақидаги;

Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида 4 та сектор раҳбарлари фаолиятини янада такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги;

халқ депутатлари Жомбой тумани кенгашининг “Жомбой туманидаги “Бешбола” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Хон қишлоғи номини Нуробод қишлоғи номига ўзгартириш тўғрисида”ги қарорини тасдиқлаш ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди.

Сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари вазифасини бажариб келган А.Нурқулов ва А.Шукуровни вилоят ҳокимининг ўринбосарлари лавозимларига тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари ҳам тасдиқланди.


Киритилган вақти: 08/02/2019 20:20.   Кўрилганлиги: 409
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqandda-bolib-otgan-viloyat-kengashi-sessiyasida-aholiga-korsatilayotgan-tibbiy-sanitariya-yordami-sifati-tahlil-qilindi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 5

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг