Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирокида навбатдаги брифинг

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирокида навбатдаги брифинг

Ассалому алайкум, азиз самарқандликлар!
Ҳурматли брифинг иштирокчилари!
Коронавирус пандемияси инсоният бошига кун сайин кутилмаган синовларни юбормоқда.
Ҳозиргача давоси топилмаган бу касаллик жиддий таъсир кўрсатмаган бирорта давлат, бирорта соҳа қолмади, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Энг ёмони, коронавирус вақт ўтгани сайин янги касалликларни ўзига йўлдош қилиб олмоқда ва бу билан шифокорларнинг ишини юз карра, минг карра ошиб кетишига олиб келмоқда.
Бундай салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилганидан хабарингиз бор, албатта.
Фуқароларга “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий этибор қаратиши белгилаб берилди.
Эпидемиологик вазият оғирлашганлиги муносабати билан, шунингдек, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида 31 июль, 1-2 август кунлари ҳамда 8-9 август кунлари сутка давомида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
Азиз самарқандликлар!
Хабарингиз бор, 31 июль куни Қурбон ҳайити байрамини нишонлаймиз. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси даврида карантин талабларига мувофиқ ўтказиш тўғрисида баёноти эълон қилинди.
Фурсати келганда юртдошларимизга мурожаат қиламиз: азизлар, Қурбон ҳайитини карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, ўз оиламиз даврасида ўтказайлик.
Миллий қадриятларимизни, диний урф-одатларимизни камтарона, тартибли, энг муҳими, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда нишонлайлик.
Айниқса, табаррук ёшдаги азиз инсонларимизни асраб-авайлайлик. Сурункали касали бўлганларга, фарзанд кутаётган келинларга ниҳоятда эътиборли бўлайлик.
Хабарингиз бор, Президентимиз томонидан 23 июль куни қабул қилинган фармонга кўра, бир гуруҳ юртдошларимиз коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатганлиги учун давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Вилоятимиздан мана шундай шарафга 13 нафар фуқароларимиз лойиқ кўрилди. Уларнинг 8 нафари вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасининг фидойи ходимларидир. Улар ҳозир ҳам шифохонада беморларни тезда шифо топиши учун бор имкониятларини ишга солиб, меҳнат қилишмоқда, фидойилик кўрсатмоқда.
Масалан, юқумли касалликлар клиник шифохонасининг шифокори Абдусодиқ Боймурзаев 3 ойдан буён уйига бормасдан, беморларга шифо улашмоқда. Бу – фидойиликнинг энг ёрқин намунаси, деб биламан. Фурсатдан фойдаланиб, барча шифокорларга яна бир карра чуқур миннатдорчилик билдираман. Халқимиз ҳам сизлардан миннатдор. Албатта, тушуниб-тушунмасдан тиббиёт ходимларига тош отаётганлар учраб турибди. Булар ҳам ўткинчи. Улардан ҳам хафа бўлманг. Сиз бугун халқимизнинг дардига малҳам бўлаяпсиз, азизлар. Биз Сиздан миннатдормиз.
Сизга зарур шароит яратиб бера олмаган пайтимизда ҳам ўзларингиз мана шу озроқ имкониятдан унумли фойдаланаётганингизни кўриб, эшитиб турибмиз.
Олдин ҳам айтганман, бугун ҳам айтаман. Сиз бугун мана шу жараённинг, яъни фронт деб айтадиган бўлсак, фронтимизнинг олди қаторида турибсиз.
Коронавирус пандемияси инсониятни тиз чўктирди. Энг ривожланган давлатлар, Европа тиббиёти ҳам коронавирус пандемияси зарбасига дош бермасдан бир силкиниб олди, кўплаб камчиликларга дучор бўлишди. Албатта бизнинг тиббиётимиз ҳам бундан холи эмас. Тиббиётимизда ҳам етарли камчиликлар бор. Лекин гап тиббиёт тўғрисида эмас, гап шифокорларимиз тўғрисида кетаяпти. Албатта, шифокорларимиз ҳақиқий мардлик, жасорат намунасини кўрсатишмоқда.
Ҳурматли фуқаролар бугун вилоятимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Самарқанд давлат медицина институтида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва улар томонидан тиббиётга оид масалалар, шунингдек, COVID-19 билан боғлиқ бўлган мурожаатларини қабул қилиш мақсадида 20 апрелдан бошлаб КОЛЛ-МАРКАЗ фаолияти йўлга қўйилган эди. Ўтган даврда аҳоли томонидан 5000 га яқин мурожаатлар келиб тушди.
20 июлдан бошлаб КОЛЛ МАРКАЗ 1105 қисқа рақами билан ўз фаолиятини қайтадан бошлади. Операторлар сони 7 нафардан 20 нафарга кўпайтирилди. Марказга аввал кунига 55-60 та мурожаат бўлган бўлса, ҳозирда эса 500 дан зиёд мурожаат тушаяпти. Ушбу мурожаатларнинг ҳам 60 фоизга яқини тез тиббий ёрдамга муҳтожлиги сабабли 103 қисқа рақамига йўналтирилмоқда.
Бугун 1105 билан 103 рақамининг бир-бирига алоқаси ҳам тикланган. Марказга келиб тушган мурожаатларга институтнинг етакчи мутахассислари, психологлари ва “Волонтёр талабалар” гуруҳи кечаю-кундуз жавоб беришмоқда.
Шунингдек, СALL МАРКАЗ қошида “Онлайн поликлиника” фаолияти йўлга қўйилган. Бунда инфекционист, умумий амалиёт шифокорлари, реаниматолог ва тор соҳа мутахассислари ўзларининг фойдали маслаҳатларини бериб келишмоқда.
103 рақами билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаатлар сонига агар ҳам назар ташлайдиган бўлсак, у ҳам кескин ошганлигини кўриш мумкин. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бир кунда 900 тадан 1100 қўнғироқ бўлган бўлса, бугун қўнғироқлар сони ўртача 3200 тадан ошяпти. Мисол учун, куни кеча 3248 та мурожаат бўлган бўлса, шундан 780 таси Самарқанд шаҳри аҳолисидан тушган.
Биз тез тиббий ёрдам хизматининг моддий техника базасини ҳам қайта кўриб чиқдик. Июль ойи бошида тез ёрдам машиналари сони 280 та бўлган бўлса, бугунги кунда эса уларнинг сони 363 тага етказилди. Охирги ўтган ҳафтанинг ўзида 83 та “Дамас” русумли янги тез ёрдам машинаси сотиб олинди.
Жиззах шаҳридаги “Волксваген” заводида ишлаб чиқарилаётган тез ёрдам машиналаридан 10 тасини сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди.
Булардан ташқари, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармасининг барча туман ва шаҳар бўлимлари ҳам “Дамас” автомобили билан таъминланди.
Ҳурматли самарқандликлар!
Вилоятимизда дори-дармон заҳирасини яратиш учун 4 млрд. сўм маблағ ажратилган. Маҳаллий бюджетнинг қўшимча топилган маблағлари ҳисобидан яна маблағ ажратилади. Ҳозирда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун 65 турдаги 2 ойлик дори заҳиралари жамғариб қўйилган.
Бундан ташқари, вилоят заҳираси учун улгуржи дори сотиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорларимиз томонидан 1 августга қадар 30 млрд. сўмлик дори воситалари олиб келинади. Бу борада вилоятдаги 52 та улгуржи дори-дармон билан шуғулланадиган фирмалар билан вирусга қарши асосий 12 турдаги дориларни олиб келиш бўйича келишиб олганмиз.
Ҳозирги кунда вилоятда коронавирус касаллигига чалинган беморларни даволаш учун қуввати 1800 ўрин бўлган 11 та вилоят даражасидаги шифохоналар ташкил қилинди. Шунингдек, вилоят бўйича 10 500 та заҳира жой тайёрланди. Уларнинг 5560 таси Самарқанд шаҳрида жойлашган.
Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларидаги 495 ўринли юқумли касалликлар бўлимлари ҳам шай ҳолга келтириб қўйилган. Шифохоналарнинг барчасида кислород таъминоти тизими мавжуд.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида, Олимпия заҳиралари тайёрлаш мажмуасида 1080 ўринли шифохона ҳозирланмоқда. Бу жой, 3-4 кунда тайёр ҳолатга келтирилади.
Булардан ташқари Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон, Иштихон, Нарпай, Пахтачи туманларидаги беморларни даволаш учун Каттақўрғон шаҳрида шифохоналар ташкиллаштиришга эътиборни қаратаяпмиз.
Яқин кунларда, узоғи билан бир ҳафтада ушбу ҳудуларга алоҳида таҳлил учун ПЗР лабораторияси ўрнатилади. Ҳозир тайёрлаш ишлари тўлиқ кетаяпти.
Каттақўрғон шаҳридаги ҳарбий қисмда 400 ўринли, “Марварид” санаториясида 200 ўринли, шаҳарнинг собиқ туғруқхонасида 200 ўринли – жами 800 ўринли шифохона тайёрланмоқда.
Марказлашган тартибда аҳолининг талабини қондириш мақсадида СOVID-19 га анализ топшириш учун яна қўшимча 96 таликдан 4 та ПЗР лаборатория олиб келиш бўйича буюртма берилган. Марказлашган тартибда яқин кунларда 4 та лаборатория станцияси қўшимча равишда ўз фаолиятини бошлайди.
Бугунги кунда касалларга шароти яратиш мақсадида ўтган ҳафта 500 дона кислород балонлари олиб келинди.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси қошида 1 та кислород станциясини қуриш ишлари бошланди.
Янги ташкил этиладиган шифохона ва лаборатория Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон ва Иштихон туманлари аҳолиси учун хизмат қилади.
Яна бир масала бугун Пастдарғом туманида 1000 ўринли карантин ҳудуди ишга туширилди ва куни кеча чартер рейс билан Владивосток ва Санкт-Петербург шаҳарларидан 450 нафар фуқароларимиз олиб келинди ва карантин марказига жойлаштирилди. Яна 500 нафар фуқароларимизнинг Россия Федерациясидан олиб келиниши кутилмоқда.
Коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларни касаллик кечиши, умумий аҳволини баҳолаб, саралаш учун Самарқанд шаҳрида 11 та, туманларда 16 та врач-инфекционист, эпидемиолог ва умумий амалиёт шифокорларидан ташкил топган 27 та мобиль бригада фаолият юритмоқда.
Ҳар бир мобиль бригада махсус автотранспорт ва ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланди. Ушбу гуруҳ тана ҳарорати кўтарилиши ёки коронавирус белгилари туфайли мурожаат қилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиб, беморга биринчи ёрдам кўрсатади ва кўрсатма бўлганда “Провизор” шифохонасига ётқизилади ҳамда текширувдан ўтказилади.
Ҳурматли самарқандликлар!
Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчиларни томонидан короновирус инфекциясини асоратларини олдини олиш мақсадида 198 нафар врач реаниматолог ва 112 нафар пульмонолог, 229 нафар инфекционист, эпидемиолог, вирусолог, ПЦР-лаборант, реаниматолог мутахассислари Zoom дастури орқали он-лайн тайёрланиб, вилоят, шаҳар ва туманлардаги шифохоналарга бириктириб чиқилди.
Ҳозирда Самарқанд шаҳридаги оилавий поликлиникаларга 12 нафар, давлат ва хусусий корхона ташкилотларга 67 нафар, шаҳарда жойлашган провизор госпиталига 5 нафар, карантин объектига 8 нафар профессор-ўқитувчилар амалий ёрдамга жалб килинган.
Беморларга СOVID-19 инфекциясини даволаш учун вазирлик томонидан тасдиқланган дорилар комплекти тайёрланаяпти ва аҳолига бир ҳафта-ўн кун ичида тўлиқ етказиб бериш чоралари кўрилади.
Ҳурматли фуқаролар, албатта бугун ҳаммага оғир. Айниқса, касалликка чалинган фуқароларимизга. Уларни даволаётган шифокорларимизга, ҳамшираларимизга жудаям оғир. Шунинг учун биз уларни доимий равишда қўллаб-қувватлашимиз керак. Албатта, камчиликлар ҳам етарли. Камчиликлар кўплаб учраяпти. Уларни биргалашиб, елкама-елка туриб бартараф этишимиз керак. Бу бир кишининг иши эмас. Ҳаммамиз бирлашишимиз керак.
Ҳурматли самарқандликлар!
Бугун Сиз билан биз доимий такрорлаётганимиздек, карантин шароитида яшашга, ишлашга ўтишимиз керак. Иқтисодиёт тармоқлари тўхтамаслиги керак. Ишлаб чиқариш ҳам бир маромда фаолият юритиши керак. Республика махсус комиссияси томонидан белгилаб берилган ишламайдиган фаолият турлари, албатта ишламаслиги керак. Лекин тақиқланмаган фаолият турлари ҳаммаси бугун ишлаши керак. Ушбу тадбиркорларимиз ҳам карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўз фаолиятларини давом эттиришларини сўрардим.
Албатта, иқтисодиёт тўхтаб қолса уларни биз қайтадан тиклашимиз жуда оғир бўлади. Иқтисодиёт аҳолимизнинг турмуш тарзига бевосита ўзининг таъсирини кўрсатади. Агар тўхтаб қолса, албатта салбий таъсирини, фаолият юритса ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Шундай экан барча тадбиркорларимизга мурожаат қилиб, ўз фаолиятингизни карантин қоидалариг қатъий риоя қилган ҳолда давом эттиришингизни сўрайман. Фақат бунда Республика махсус комиссияси томонидан тақиқланган фаолият турлари албатта бундан мустасно.
Ҳурматли самарқандликлар! Бугун биз фавқулотда оғир даврни бошдан кечирмоқдамиз.
Шу нуқтаи назардан ҳар биримиз ўзимизни, оиламизни, яқинларимизни асрайлик. Бир-биримизга суянчиқ бўлайлик...
“Уйда қолинг”, касал бўлманг.
Раҳмат!

Охирги ўзгариш: 28/07/2020 15:05.   Кўрилганлиги: 108
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqand-viloyati-hokimi-eturdimov-ishtirokida-navbatdagi-brifing1

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 13

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг