Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ХИТОЙДА

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ХИТОЙДА

Самарқанд вилояти ва Хитойнинг Шэньси провинцияси ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш мақсадида Сиань шаҳрида халқаро бизнес-форум ва тақдимотлар ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев бошчилигидаги делегация шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинциясида бўлиб турипди.

8 апрель куни Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ишбилармонлар доиралари икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш мақсадида вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация аъзолари Сиань шаҳридаги халқаро логистика марказида вилоятнинг инвестицион имкониятлари ҳамда экспорт салоҳияти мавзусида бизнес-форум ўтказди.

Тадбирда Сиань шаҳрининг вице-мэри, жаноб Гао Гао, Шэньси провинцияси ташқи ишлар департаменти масъул ходимлари ҳамда йирик ишбилармон вакиллари иштирок этишди.

Ўтказилган бизнес форумда Ўзбекистон Республикаси, жумладан, Самарқанд вилоятининг инвестицион имкониятлари, экспорт салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказилиб, видео ролик намойиш этилди.

Сианлик ишбилармонлар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинган бизнес-форум савол-жавобларга бой бўлди .

Тақдимот якунида Самарқанддан ташриф буюрган 26 нафар тадбиркор ва Шэньси провинциясидан иштирок этган компаниялар ўзаро музокара олиб боришди.

Ташрифнинг биринчи кунида қиймати 23,6 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш ҳисобига 3 та лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

1). “Sam Eco Root” МЧЖ корхонаси негизида қизилмия экстракти
ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишда “Liaoning Sindpond Titanium Industry” компанияси қиймати 12,6 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестицияни йўналтириш бўйича меморандум имзоланди.

2). “Оптима Собиржон” МЧЖ негизида медицина соҳасида бир марта ишлатиладиган латекс қўлқоплар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун “CTMTS” компаниясидан қиймати 1 млн. долларлик асбоб-ускуналарни сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди.

3). “Самарқанд кимё” акциядорлик жамияти негизида кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишда “Liaoning Sindpond Titanium Industry” компанияси томонидан қиймати 10 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестицияларни йўналтириш бўйича меморандум имзоланди.

Тадбир давомида Сиань шаҳри вице-мэри самарқандлик тадбиркорлар учун ўз маҳсулотларини сотишлари учун Сиань қуруқлик портидан алоҳида савдо майдончаси ажратишни ҳамда ушбу савдо майдончаси учун ҳеч қандай тўлов ундирилмаслигини таъкидлади.

Бундан ташқари, туризм бўйича ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан музокаралар ўтказилди. Тадбирда иштирок этган Самарқанддаги сайёҳлик агентликларининг таклифлари маъқулланиб, бир қатор шартномалар имзолашга эришилди.

Мазкур тадбир давомида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ва Сиань шаҳри университети ўртасида туристик агентлиги ташкил этиш тўғрисида ҳужжатлар имзоланди.

***

Шу куни Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев бошчилигидаги делегация аъзолари Шэньси провинцияси губернатори жаноб Лю Гочжун ва унинг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, таълим ва маданият соҳалари бўйича ўринбосарлари ҳамда бошқа масъуллар иштирокида учрашув ўтказди.

Учрашувда жаноб Лю Гочжун Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг барча йўналишлари бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардор эканлиги, бу ислоҳат Ўзбекистон халқининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Губернатор, ўз навбатида, Шэньси провинцияси ва Самарқанд вилояти ўртасида ҳар томонлама муносабатларни тубдан яхшилаш ва фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солишга алоҳида урғу берди. Бунда икки томонлама битимни янада такомиллаштириш ва уни сафар давомида имзолашни таклиф қилди.

***

Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев раҳбарлигидаги делегация аъзолари Сиань шаҳри мэри, жаноб Шангуан Цзин билан учрашди. Учрашувда вилоят ҳокими томонидан Ўзбекистонда 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлигига алоҳида урғу бериб, ушбу йўналишда Давлат дастури қабул қилинганлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, тарихий обидаларга бой ҳисобланган Самарқанд шаҳри туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида яқин кунларда қурилиши мўлжалланаётган “Самарқанд Сити” лойиҳалари амалга оширилаётганлиги ва бунда Сиандаги компаниялар иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Сиань шаҳри мэри, ўз навбатида, Самарқанд ва Сиань шаҳарлари ўртасида ўрнатилган биродарлик алоқаларининг янги босқичга ўтганлигини чуқур мамнуният билан изоҳлади. Бу борада туризм, таълим ва маданият соҳасида ўзаро ҳамкорликда жиддий ёндашиш истагини билдириб, яқин кунларда мэриянинг савдо бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги делегацияни Самарқандга юборишини маълум қилди.

***

Куннинг иккинчи ярмида Сиань ва Самарқанд шаҳарларининг “Биродарлашув битими” имзоланганлигининг 5 йиллиги муносабати билан шаҳардаги катта театр биносида Самарқанд ва Сиань маданият ва санъат усталари иштирокида байрам дастури намойиш этилди.

Ушбу тадбирда Сиань шаҳри вице-мэри, Шэньси провинцияси ҳамда шаҳар фаоллари, Сиандаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда уларнинг сафдошлари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари байрам дастурини кўтаринки руҳда қабул қилди. Яқин дўстлик муносабатлари фото ва видео тасвирларга олинди.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

Шэньси провинцияси Хитойнинг шимолий-ғарбий томонида жойлашган бўлиб, Хитой цивилизацияси пайдо бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Шэньси Хитойнинг марказида, денгиздан анча узоқда, Хуанхэ ва Вэйхэ дарёлари оралиғида жойлашган. Шарқда Шаньси, Хэнань ва Хубэй, Жанубда Сычуанью ва Чунцин шаҳарлари, Ғарбда эса Ганьсу провинцияси ва Нинся-Хуэйск автоном тумани, Шимолда эса ички Монголия автоном тумани билан чегарадош.

Майдони 205 800 км2 ни ташкил этиб, Хитой ҳудудининг 2 фоизини ташкил этади.

Маъмурий ва ҳудудий жиҳатдан 11 та шаҳар ва битта субпровинциал шаҳар мақомига эга.

Маъмурий маркази Сиань шаҳри ҳисобланади.

Аҳолиси 38 млн. дан кўпроқ (2017 йил). Маҳаллий аҳолининг 99,5 фоизи путунхуа тилида гаплашадиган хитойлик-ханларни ташкил этади.

 

Иқтисодиёти

2016 йил Шэньси провинцияси ялпи ички маҳсулоти 1,92 трлн.юанни (289 млрд. доллар) ташкил этган. Аҳолисининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги соҳаси билан банд.

Қишлоқ хўжалигида ғаллачилик анъанага айланган. Шунингдек, гуруч, булғор қалампири, маккажўхори, соя етакчи ҳисобланади, шунингдек, ширин лавлаги ва ёғ-мой экинлари ҳам етиштирилади. Вэйхэ ва Ханьшуй дарёлари воҳаларида Хитойда энг яхши нав ҳисобланган пахта экилади. Боғдорчиликда асосан олма, нок, финики, киви, грек ёнғоғи ва бошқа мевалар етиштирилади.

Чорвачилик соҳаси иккинчи даражали ҳисобланади, қўй, эчки, йирик шохли моллар ҳам боқилади.

Доривор ўсимликларни йиғиш билан ҳам шуғулланишмоқда.

Шэньси кўмир, табиий газ ва нефть маҳсулотларини қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича Хитойда етакчи ўринни эгаллайди.

Провинцияда кўплаб олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари фаолият кўрсатади.

Шунингдек, ҳудуд Хитойнинг аэрокосмик ва авиация саноатида ҳам етакчилардан ҳисобланар экан. Маҳаллий авиация саноати учун ишлаб чиқариладиган ускуналар ҳамда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳаларининг 50 фоизи айнан шу ҳудуд ҳисобига тўғри келади.

Қайта ишлаш саноатининг асосий марказлари Сиань ва Баоцзи шаҳарлари ҳисобланади.

 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.


Охирги ўзгариш: 10/04/2018 20:29.   Кўрилганлиги: 185
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqand-viloyati-delegatsiyasi-xitoyda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 5

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг