
“Ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун!” Юртбошимизнинг ушбу таъкиди бугун ҳаётимиз мазмунига айланиб, ҳар бир эзгу ишда яққол намоён бўлмоқда. Бинобарин, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!” деган ҳаётий мулоҳаза 25 йиллик тарихий даврнинг ўзига хос баҳоси, десак, айни ҳақиқат.
Инчунин, ҳар бир юртдошимизнинг турмуш тарзи, онгу тафаккуридаги ўзгаришлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишларни кузатиб, босиб ўтган йўлимиз, чиндан ҳам, ҳавас ва ҳайратга арзийди, деб ишонч билан айта оламиз.
Айниқса, жаҳонда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб ном қозонган ўзимизга хос ҳамда мос йўлнинг нақадар тўғри ва ҳаётий эканлиги амалда ўз исботини топаётир.
Энди бир саволни ўзимизга берайлик: бугунги замонавий бунёдкорлик ишлари, ислоҳоту ўзгаришлар қандай рўёбга чиқди ёки бирор тасодиф сабаб бўлдими? Йўқ, асло! Бунинг замирида машаққатли меҳнат, юрт ва халқ тақдири, келажаги ўйловида ўтказилган ҳаловатсиз кечалар, тинимсиз изланишлар, давлатимиз раҳбарининг пухта ҳамда оқилона сиёсати мужассам. Шу боис ким билан суҳбатлашмайлик, бугунги тинч ва осуда ҳаёт учун шукроналик, фаровон ҳамда обод турмушдан мамнунлик ва розиликни англаймиз.
Жумладан, Самарқанд вилоятига сафар чоғида кексаю ёш, турли соҳа вакилларидан бундай эътирофларни кўплаб эшитдик. Мезбон ва чет эллик меҳмонларнинг қалбидан отилиб чиққан самимий сўзларидан таъсирланиб, қалбимиз ғурурга тўлди, ҳаётга татбиқ қилинаётган ислоҳотлар самараларидан икки ҳисса фахр туйдик.
БУНЁДКОРЛИК - ТАРАҚҚИЁТ МЕЗОНИ
Дунё цивилизациясининг йирик марказларидан бири, замин сайқали, Президентимиз таъбири билан айтганда, Шарқ гавҳари бўлган Самарқанд Ватанимизнинг дурдона шаҳарларидан. Қарийб уч минг йиллик тарихга эга бу кент ўтмишда кўп воқеаларга гувоҳ бўлган. Илм-фан, савдо ҳамда ҳунармандчилик маркази сифатида дунё аҳлини ўзига мафтун этиб келган.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бу қадимий шаҳарнинг бой тарихи, маданиятини ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш, тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳларни асраб-авайлаш ва ободонлаштириш борасида кўламли ишлар амалга оширилди.
Регистон мажмуаси, Амир Темур, Бибихоним мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Ҳазрати Хизр, Бибихоним масжидларида таъмирлаш ҳамда реконструкция ишлари бажарилди. Улар атрофи обод этилиб, янги боғу хиёбонлар ташкил қилинди. ЮНЕСКОнинг 2001 йили Финляндияда ўтказилган 25-сессиясида Самарқанддаги мазкур меъморий-тарихий ёдгорликлар ва бошқа обидалар Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди. Мамлакатимиз олимларининг франциялик археологлар билан ҳамкорликда Афросиёб тепаликларида олиб борган тадқиқотлари натижасида Самарқанднинг 2750 йилдан зиёд тарихга эгалиги илмий жиҳатдан исботланди. Ана шу хулоса асосида 2007 йили Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди.
Бугунги кунда Самарқанд юртимизнинг замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмасига эга марказларидан биридир. Бу ерда 1069 та саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Шундан 134 таси хорижлик ҳамкорлар билан ташкил қилинган. Масалан, “JV MAN Auto-Uzbekistan”, “SamAuto”, “Sino”, “Daka tex” каби йирик саноат корхоналарини дунёнинг қатор давлатларида яхши билишади. Уларнинг барпо этилиши туфайли минглаб янги иш ўринлари очилди.
1999 йилда фаолият бошлаган ҳамда 2006 йилда “Самарқанд автомобиль заводи” масъулияти чекланган жамияти номи остида қайта таъсис қилинган корхонада Япониянинг “Isuzu Motors Ltd” компанияси билан ҳамкорликда автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугунги кунда корхона маҳсулотлари моделлари қаторига М3 туркумининг I ва II тоифали автобуслари, умуман, 30 дан ортиқ кузовларни ўз ичига олган F серияли автомобиллар киради.
Бунинг самарасида юзага келган имкониятлардан фойдаланган ҳолда, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида 418 та йўловчи транспорт (автобус) йўналишлари ташкил этилди.
“JV MAN Auto-Uzbekistan” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси эса 2009 йилдан иш бошлаган. Бир йилда 3000 та турли русумдаги юк автомобили ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхонада 300 нафардан зиёд киши иш билан банд.
Булунғур туманидаги “Maroqand sifat” масъулияти чекланган жамияти томонидан Ҳамдўстлик давлатлари миқёсида биринчилардан бўлиб, янги турдаги маҳсулот – спорт майдонлари, болалар ўйингоҳларига тўшаш ва хусусий уйлардаги майдончаларга мўлжалланган синтетик чим ишлаб чиқаришга киришилди. Бу ерда тайёрланаётган ўн хилдаги маҳсулотлар 7 йилдан 9 йилгача хизмат қилиши билан спорт, шу жумладан, болалар спорти эҳтиёжи учун муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, корхонада калава ҳамда тикув иплари, резинали ковролан ва синтетик чим маҳсулотлари тайёрланмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллик байрами арафасида очилиши мўлжалланган “Самарқанд Евроазия текстиль” МЧЖ вилоятда ишлаб чиқариш корхоналари сони ҳамда сифати қай тарзда кенгайиб бораётганини кўрсатиб турибди. Мазкур корхонада 600 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланиши баробарида, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ички ҳамда ташқи бозорларга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Жомбой туманидаги “Амин инвест” корхонасида эса ўтган беш йилда 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилиб, модернизациялаш тадбирлари амалга оширилди ва 800 дан ортиқ янги иш жойлари яратилди. Корхонада пахта толасидан калава ип, тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқарилмоқда ҳамда маҳсулотлар 100 фоиз экспорт қилинаяпти.
БЕТАКРОР ЛОЙИҲАЛАР АСОСИДА
Истиқлолнинг илк кунларидан қизғин кечаётган қурилиш-бунёдкорлик жараёнида Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфаси ва тарихий жозибасини сақлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бири-бирини такрорламайдиган меъморий лойиҳалар шаҳарнинг гўзал қиёфасини шакллантирди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Мирзо Улуғбек, Беруний, Бўстонсарой, Спитамен шоҳ, Даҳбед кўчаларидаги архитектура талабларига жавоб бермайдиган 13800 та турар ҳамда нотураржой бинолари қайтадан қурилди ёки реконструкциялаштирилди. Бугунги кунда Рудакий кўчаси атрофидаги бинолардан 76 таси таъмирланиб, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, 5 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши давом этмоқда.
Шу билан бирга, чекка қишлоқ ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудуд қиёфасини янада яхшилаш борасидаги кенг кўламли ишлар диққатга сазовор. Жумладан, Ургут туманининг “Мирзабоғлон-Чеп” маҳалласида янги маҳалла маркази, деҳқон бозори, 28 та савдо дўкони, 4 та ошхона, 4 та маиший хизмат шохобчаси, битта дорихона, 2 та ишлаб чиқариш корхонаси, минифутбол стадиони қурилиб, фойдаланишга топширилди, 84 та янги иш ўрни яратилди. 600 кишига мўлжалланган амфитеатр бунёд қилинди.
- Ҳар бир рақам ортида инсон тақдири борлигини инобатга олсак, турмуш тарзимиз кундан-кунга яхшиланиб бораётгани акс этади, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт институти доценти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Яхшинор Аллаёров. - Яқинда шундай маълумотни ўқидим: 2016 йил 1 январга келиб, аҳолининг маиший техника билан таъминланганлик даражаси 92,3 фоизга, компьютер билан таъминланганлик даражаси эса 71,2 фоизга етибди. Вилоятимиз аҳолисининг 88 фоизи рақамли телевидениедан фойдаланаётган экан. Мана сизга турмушимиз сифат жиҳатидан юксалаётганига яна бир мисол. Шундай пайтларда беихтиёр болалик, ёшлик давримиз эсга тушади. У вақтларда, ҳатто, бутун бошлиқ қишлоғимизда битта телевизор йўқ эди. Шаҳарга бориш учун уч соатлаб автобус кутардик. Кунига бир марта қатнайдиган автоуловда марказга чиқиб келиш ўта мушкул иш эди. Ҳозир эса исталган пайтда хоҳлаган жойга боришимиз мумкин. Ҳар бир хонадонда машина бор. Уларнинг барчаси Ватанимизда ишлаб чиқарилган. Илгари қишлоғимизга биров келса, қаерга олиб боришни билмай, бошимиз қотарди. Энди-чи? Қишлоқ билан шаҳарнинг фарқи деярли қолмади. Марказда қандай шароит бўлса, энг чекка ҳудудда ҳам шулар муҳайё. Қисқача ифодалаганда, бугунгидек дориламон ҳаётнинг яхшиликлари беҳисоб.
Айтиш жоизки, бунёдкорлик ишлари самараси аҳолининг тураржойга бўлган талабини қондиришда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Сўнгги йилларда Самарқанд шаҳрида 47 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, 11180 кишининг турмуш шароити яхшиланди. Шу жумладан, ёш оилалар учун 13 та кўп қаватли тураржой барпо қилиниб, хонадон калитлари топширилди. Бугунги кунда 1060 хонадонга мўлжалланган 32 та кўп қаватли уй-жой қурилиши якунига етказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, вилоятда 2009-2014 йилларда 100 та қишлоқ массивида 4482 та намунавий уй-жой қад ростлаб, шунча оилага қувонч улашилди. Жорий йилда 37 та қишлоқ массивида намунавий лойиҳа асосидаги 1327 та уй қурилмоқда. Ушбу ҳудудларда 15 та бозор инфратузилма объекти фойдаланишга топширилиши ҳам кўзда тутилган.
Тошкент кўчасидаги барча иншоотлар миллийлик касб этди. Шарқона анъаналар асосида таъмирланган Чорсу тарихий биносида эндиликда мўйқалам соҳибларининг ижод намуналари тарғиб қилинмоқда. Кўча бошида қад ростлаган ҳунармандлар марказида ҳунармандчиликнинг 12 тури бўйича 16 та замонавий устахона фаолият кўрсатиб келаяпти.
Шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартиришда ландшафт архитектураси ўзига хос мактаб сифатида шаклланди. Кўкаламзорлаштиришда асосий тамойил -қаерга қандай дарахт, бута, гул ёки майса турини қанча миқдорда, қандай усулда, яъни манзарали ландшафт композицияси асосида экиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу юмушларда ҳудуд экологияси, хусусан, ҳавонинг тозалигини таъминлаш ҳам назардан четда қолмаган.
- Биргина Регистон кўчасида қурилган, мусиқа оҳангларига уйғун равишда жилоланувчи мўъжаз фавворани олайлик, - дейди меҳнат фахрийси Барот Нодиров. - Бир пайтлар бу ҳудудда ароқ заводи жойлашган эди. Ўшанда спирт тозалашдан ҳосил бўладиган мойнинг бадбўй ҳиди анча олисдан ҳам димоққа уриларди. Бугун-чи? Бу ерда сайр қилиб юрган кексаю ёшнинг юзида табассум, қалбида хушкайфият. Фавворалардан таралаётган мусаффо ҳаво - жоннинг роҳати. Яна бир муҳим томони, шаҳар тун қўйнида замонавий ёритқичлар оғушида ажабтовур қиёфа касб этиб, эртаклардаги масканни эслатади. Бунда шарқона гўзаллик, кўркамлик латофат ва сеҳр билан уйғунлашади. Шаҳар ана шундай бахт-иқболга Ватанимиз истиқлоли, озод ҳамда ободлиги, давлатимиз раҳбарининг беқиёс эҳтироми туфайли эришди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Самарқандда атиги 4-5 та меҳмонхона ва 3-4 та сайёҳлик фирмаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунда соҳада 184 та ташкилот, жумладан, 102 та меҳмонхона ҳамда 82 та туристик фирма иш олиб бормоқда. Хусусан, 2012-2015 йиллар давомида 27 та меҳмонхона, 22 та сайёҳлик ташкилоти янгидан ташкил қилинди. Жорий йилда ҳам вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида 7 та меҳмонхона қуриш ва 94 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
БОҒЛАРИДАН БОЛ ТОМАР
- Олдин яратилган боғлардан мўлжалдаги ҳосилни олиш учун йиллар керак бўларди, - дейди Оқдарё туманидаги “Тожмаҳал Зарафшон” фермер хўжалиги бошлиғи Шокир Мамараимов. - Оқибатда юзлаб гектар ернинг умри беҳуда ўтарди. Боғлар ҳосил берди ҳам дейлик. Бироқ тўрт-беш йил ўтмасданоқ улар “қариб”, олиб ташлашга тўғри келарди. Ҳозирги интенсив боғлар эса иккинчи йилданоқ ҳосилга киради ва гектаридан 100 тоннагача аъло сифатли мева олиш мумкин.
2010/2013 йиллар давомида интенсив мевали кўчатлар тўлиқ четдан келтирилган бўлса, 2014 йилда Самарқанд туманида “Сам Пром Холод” ҳамда “Мароқанд интенсив Гренад” агрофирмаси ташкил этилиб, нафақат интенсив боғлар учун мевали кўчатлар етиштириш йўлга қўйилди, балки эндиликда экспорт ҳам қилинмоқда. Шунингдек, сабзавотчилик, картошкачилик, полизчилик, мевачилик ва узумчиликда ҳосилдорлик 2008 йилдагига нисбатан гектарига ўртача 55 центнердан ошди.
Яна бир муҳим масала, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Охирги етти йил мобайнида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси икки баробар кўпайди. Бугунги кунда аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ҳамда 44 килограмм узум тўғри келмоқда. Бу мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар ортиқ. Яна бир қувонарли рақам: 1997 йилда бундай маҳсулотлар, бор-йўғи, 4 та давлатга экспортга чиқарилган бўлса, 2014 йилга келиб улар сони 27 тага етди. Маҳсулотларимиз харидорлари орасида биргина қўшни мамлакатлар эмас, балки Германия, Польша, Голландия, Греция, Англия, Австрия, Бразилия, Мексика, Япония, Жанубий Корея, Канада сингари олис ўлкаларнинг борлиги ҳам эътиборга моликдир.
ЖАҲОН МУМТОЗ МУСИҚА САНЪАТИНИНГ САЙҚАЛИ
Самарқанд - нафақат тарихий-маданий шаҳар, балки йирик халқаро анжуманлар ўтказиладиган, давлатлар ҳамда маданиятлараро мулоқот марказига айланиб бормоқда. 2014 йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида Президентимиз ташаббуси билан “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожланишидаги ўрни ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилиши беқиёс аҳамият касб этди. Нуфузли анжуманда дунёнинг АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Швеция, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Малайзия, Кувайт, Ҳиндистон, Покистон, БАА, Россия каби элликка яқин давлатидан вазирликлар ҳамда таълим тизими раҳбарлари, олимлар, мутахассислар, журналистлар қатнашди.
Ҳар икки йилда ташкил қилинадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали эса турли миллатлар ўртасида ўзаро дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашда, тинчликни тараннум этишда бутун дунё халқлари учун ибрат бўлаётгани нафақат шу юрт фуқаролари, балки эзгуликни қадрловчи ҳар бир инсонни ғурурлантириши, табиий. Давлатимиз раҳбари “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганидек, “Биз учун кўҳна тарихнинг ўчмас саҳифаларини очиб берадиган, Рим каби “абадий шаҳар” деган юксак эътирофга сазовор бўлган ана шу шаҳарда сизлар билан учрашар эканмиз, бугунги кунда турли муаммо ва зиддиятларга тўла замон қандай тез ўзгариб, қандай шиддат билан ўтиб бораётганини чуқур ҳис этамиз. Шу билан бирга, умримизга маъно-мазмун бахш этадиган маданият ва санъат олами билан яқиндан ошно бўлиш, жаҳонда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, бу гўзал ҳаётни қадрлаш, халқларимизнинг маданий бойликларидан бир-биримизни кўпроқ баҳраманд этиш заруратини янада теран англаймиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ер юзининг сайқали” деб шуҳрат қозонган кўҳна Самарқанд мана шундай шукуҳли айёмда, таъбир жоиз бўлса, жаҳон мусиқа санъатининг сайқалига, ўзига хос бетакрор марказига айланиб бораётгани барчамизни хурсанд қилади”.
Дарвоқе, 2015 йилда бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали кунларида рўй берган бир воқеа мезбон ҳамда дунёнинг 66 та мамлакатидан келган меҳмонларни жуда таъсирлантирди. Ўшанда Самарқанддаги тарихий обидалар, Регистон маҳобатидан ҳаяжонланган филиппинлик созанда, “Kuntaw Mindanao” гуруҳи аъзоси Нил Сервантес тадбирнинг ёпилиш маросими тугаб, майдонда ҳеч ким қолмаса ҳам ўтираверди. Кейинчалик унинг шериклари, мезбонлар, бошқа юрт санъаткорлари бунинг сабабини сўрашганда, Нил шундай жавоб берди:
- Мен Самарқандга мафтун бўлдим. Бу ернинг меҳрибон ҳамда дилкаш одамларига ўрганиб қолдим. Агар ноқулай бўлмаганда, афсонавий Регистонда тонг оттириб, улуғ зотларга бешик бўлган шаҳарни, бу ердаги қадамжоларни оёқяланг зиёрат қилардим. Ахир мен бундай муаззам диёр, кўзлари кулиб турувчи, қўли кўксида, самимий одамлар яшайдиган юртга келиб, ўзимни худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қилдим...
Бу - мўътабар заминга нисбатан Ер юзининг мутлақо бошқа нуқтасида яшайдиган меҳмоннинг ўзига хос эҳтироми ифодаси эди. Зеро, буюк тарихга эга, истиқлолнинг мунаввар қуёшидан беқиёс чирой очган, ғайрат-шижоатли, самимий инсонлар манзили - Самарқандга бир марта ташриф буюрган киши қайта-қайта меҳмон бўлгиси келаверади. Бинобарин, АҚШнинг халқаро доираларда тан олинган ва катта нуфузга эга бўлган интернет нашрларидан бири Самарқандни “Дунёнинг албатта бориб кўриш керак бўлган элликта шаҳри” рўйхатига киритгани ҳам бежиз эмас.
Аслида, чорак аср мобайнида юртимизда барча соҳада амалга оширилган изчил ислоҳотлар нафақат ҳаётимизни, турмуш тарзимизни, балки одамлар онгу тафаккурини ўзгартириб юборганлиги билан янада аҳамиятлидир. Шу боис бугун ҳар бир соҳа вакили кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак, деган аҳд билан яшаб, ҳаётини шу асосда қурмоқда, десак, асло муболаға эмас.
Мақсуд
ЖОНИХОНОВ, Мамадиёр
ЗИЁДИНОВ,
“Халқ сўзи”
мухбирлари.
* * *
ЭЪТИРОФ
Фируз Александр Сефре Занд, “Архитектура тадқиқотлари Сефри гуруҳи” компанияси раҳбари (Буюк Британия):
- Самарқанд дунёдаги қадимий обидаларга бой шаҳарлардан бири. Ушбу гўзал ва ҳамиша навқирон кентга учинчи марта келишим. Оламга машҳур тарихий обидалар қайта реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилибди. Равон ҳамда кенг кўчалар, Ғарб ва Шарқ архитектураси уйғунлашган бино-ю иншоотлар, айниқса, киши диққатини тортади. Кўча ҳамда хиёбонлардаги яшил майдонлар, бетакрор гулзорлару осмонга бўй чўзган фаввораларга қараб кишининг кўзи тўймайди.
Қадимий бинолар билан замонавий иншоотларнинг уйғунлиги ҳайратимни оширди. Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар, илм-фан аҳлига, ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг бугунги ифодаси Ўзбекистон келажагини янада ёрқин қилишига ишонаман.
Хуберт Гизен, ЮНЕСКО бош директори ўринбосари:
- Бу кўҳна шаҳар дунё аҳамиятига эга бўлгани учун ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ва унда “Самарқанд - маданиятлар учрашадиган макон” деган сўзлар ёзиб қўйилган.
2750 йиллик тарихга эга бўлган Самарқанд шаҳри Марказий Осиёдан, жумладан, афсонавий Буюк Ипак йўлидан ўтган дунё маданиятлари ҳамда йирик савдо йўлларининг чорраҳасида жойлашган. Марказий Осиёдаги Шарқ Ренессанси ҳам буюк аждодингиз Амир Темур томонидан яратилган қудратли ва гуллаб-яшнаган давлатнинг пойтахти - Самарқанд билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 1
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.