Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНД ТУРИЗМ ШАҲРИГА АЙЛАНАДИ

САМАРҚАНД ТУРИЗМ ШАҲРИГА АЙЛАНАДИ

Самарқанд нафақат республикамизда, балки Марказий Осиёда бой сайёҳлик салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири саналади. Географик жойлашуви, табиий ва маданий ресурсларга бойлиги билан ҳамиша хорижлик сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда.

Бу эса туризмнинг турли шаклларини илдам ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг кейинги бир қатор фармон ва қарорлари вилоятимиз туризм салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Дилшод НАРЗИҚУЛОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда.

 

– Вилоят ҳудудида 1105 археологик, 670 меъморий, 37 диққатга сазовор жой, 18 монументал, 21 мемориал – жами 1851 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд, – дейди Дилшод Нарзиқулов. – Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан киритилган ва муҳофазага олинган.

Вилоятда туристик хизматлар билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган 85 та туристик фирма, 107 та мехмонхона фаолият кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида улар томонидан 4500 га яқин сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Бугунги кунда тарихий-маданий, эко ва агро, гастрономик, экстремал ва бошқа туристик йўналишларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, зиёрат туризми йўналишида катта салоҳиятга эгамиз.

 

– Зиёрат туризми хусусида муфассал айтиб ўтсангиз.

– Мусулмонлар зиёрат қилиши лозим бўлган бир қанча ислом дини ва таълимоти вакиллари, силсилаи олийга мансуб авлиёлар ҳамда бошқа улуғ зотларнинг мақбаралари Самарқандда жойлашган. Хусусан, Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас китоб муаллифи Имом Бухорий, дунёдаги энг катта калом мактабларидан бири Мотрудия асосчиси Имом Мотрудий, силсилаи олийга мансуб Хўжа Аҳрори Валий, пайғамбаримизнинг амакиваччаси Қусам ибн Аббос ва бошқа улуғ зотлар мақбаралари шулар жумласидандир. Ушбу зиёратгоҳлар сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган қадамжолар ҳисобланади. Масалан, Имом Бухорий ва Шоҳи Зинда мажмуаларини 2017 йилда 1 миллион 200 мингга яқин сайёҳ зиёрат қилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари республика ишчи гуруҳи таркибида Малайзия ва Индонезияда хизмат сафарида бўлиб, Самарқанднинг зиёрат туризми йўналишидаги имкониятлари, улуғ алломаларимиз меросини тарғиб қилган эди. Сафар давомида ўтказилган музокаралар ўзининг самарасини бера бошлади. Ўз навбатида вилоят ҳокимлиги томонидан манфаатдор ташкилотлар билан зиёрат туризми йўналишида сайёҳларни қабул қилиши белгиланган барча объектлар инвентаризациядан ўтказилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар бшлаб юборилди.

 

– Сир бўлмаса айтин-чи, улар қандай камчиликлар эди?

– Бунинг сирли жойи йўқ. Зиёрат туризмини ривожлантиришда ўзимизга кўринмайдиган камчиликларимизни аниқлаш учун мусулмон давлатлари вакиллари фикрларини ҳам олдик. Масалан, Индонезия ва Малайзия давлатларидан фаолият кўрсатаётган ҳамда энди қурилиши белгиланган меҳмонхоналар бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар олдик.

Келадиган сайёҳлар учун таомномада нон ўрнига қайнатилган гуруч ва аччиқ қалампир бўлиши шарт эканлиги, ресторанларимиз ҳалол таомлар тайёрлашса ҳам «ҳалол» сертификати бўлмаса, хорижий сайёҳни қониқтирмаслиги, санитария-гигиена узелларига алоҳида талаблар борлиги ва бошқа майда, лекин жуда муҳим жиҳатлар аниқланди. Туркия фуқаролари хоналарида «бидэ», япониялик меҳмонларнинг ванна ва душ алоҳида бўлиш бўйича талаблари инобатга олинди.

Зиёратчиларнинг сони кескин ошиши кутилаётганлигидан хабардор бўлган тадбиркорлик субъектлари бунга катта қизиқиш билдиришмоқда. 2018 йилда 4 та янги ресторан ва кафе қурилади.

Ҳозирда вилоятдаги барча меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларида энг камида 30 фоиз хоналари зиёратчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида қиблага қаратилган кўрсаткич, жойнамоз ва бошқа зарурий жиҳозлар билан жиҳозланди.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун янада кўпроқ қулайликлар яратилди. Шундай эмасми?

– Вилоят ҳокимлиги томонидан туризм соҳаси тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда ўтказилган сўровномалар шуни кўрсатдики, аксарият сайёҳлар Ўзбекистонга кириш учун виза олиш қийинлиги ҳамда виза олиш жараёнининг узоқлигидан шикоят қилишган.

Президентимизнинг мазкур фармони билан Исроил, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизга мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилди. Ушбу давлатлар фуқаролари учун виза режимининг бекор қилиниши Ўзбекистонга, хусусан, Самарқанд вилоятига ташриф буюрадиган хорижий сайёҳларнинг сони кескин ошишига олиб келади. Айниқса, Индонезия, Туркия ва Малайзия давлатлари фуқароларини зиёрат – туризм йўналишига кенг жалб этишга замин яратади.

Бу борада вилоятда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Имом Бухорий мажмуасида катта миқдордаги зиёратчиларни қабул қилишга тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Зиёратчиларни қабул қилиш учун мажмуа атрофида 40 гектар майдонда мусулмончилик талаблари ва «ҳалол» стандартларига асосан 30 га яқин меҳмонхона комплекслари, овқатланиш шохобчалари, дам олиш масканлари, хиёбон, боғлар ва бошқа зарурий инфратузилма иншоотлари қуришга тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан шу йилнинг 1 майидан бошлаб транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга келишлари билан 72 соат муддатга қисқа муддатли кириш визаларини бериш жорий этилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади. Туристлар учун йўналишни мўлжалга олишни енгиллаштириш мақсадида чет тиллардаги (инглиз, рус ва бошқа тилларда) кўрсаткичлар ўрнатилади. Туристлар томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади.

Ички туризм ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан бири сифатида қаралади. Фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништириш мақсадида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» ички туризмни ривожлантириш дастури тасдиқланадиган бўлди. Унга кўра таълим муассасалари ўқувчилари, ташкилотлар ходимлари, етим болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлар, маҳалла фаоллари ва ёш оилалар республикамиз бўйлаб туристик экскурсияларга чиқишлари зарурлиги, шунга монанд туристик экскурсия турлари, уларга хизмат кўрсатадиган ташкилот-маҳкамаларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилди.

 

– Вилоятимизда тарихий-маданий объектлардан бошқа кўриш мумкин бўлган манзиллар борми?

– Ҳудудларда 30 га яқин янги истиқболли объектлар, жумладан, Булунғур тумани ҳудудида Амир Темур бобомиз томонидан қурилган кўприк, Хўжа Ҳофиз мақбараси ҳамда илоҳий ҳовуз борлиги аниқланди. Бундан ташқари, Қўшработ туманида эко ва агро туризм имкониятларидан фойдаланмаётганимизни англадик. У ерда Пангат, Қизилбел, Қоратош, Жонбулоқ ҳудудларида экстремал туризм йўналишини жорий этиш, айнан шу жойларда лочин овини ташкил этиш, Каттақўрғон сув омбори атрофида туристик рекреацион зона яратиш, бу ерда маҳаллий ва хорижий туристлар учун барча шарт-шароитларни яратиш бўйича режаларни белгилаб олдик. Омборнинг шарқий қисмида ёшлар туризми йўналишида ёшлар иттифоқи вилоят бўлими билан ҳамкорликда «Ёшлар» ёзги туристик базасини яратиш режамиз ҳам бор.

 

– Сайёҳлар оқимининг кўпайиши, албатта, ўша мамлакатлардаги туристик компания ва агентликлар ўртасидаги ҳамкорлик билан белгиланади. Бу борада аҳвол қандай?

– Ўтган уч ой давомида фақатгина туризм йўналиши бўйича 25 дан кўпроқ делегация вилоятимизга ташриф буюрди. Хусусан, Туркия давлатининг иккита йирик туроператорлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, турк таржимон-гидларни тайёрлаш маркази президенти ва профессори, Исроил давлатининг ОАВ вакиллари, Хитой, Индонезия, Татаристон, Испания тадбиркорлари ташрифлари давомида нафақат музокаралар ўтказишди, балки уларнинг инфраструктура бўйича фикрлари олинди. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри Хитойнинг Сиань, Германиянинг Бремен, Бельгиянинг Льеж, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро, Покистоннинг Лахор, Болгариянинг Плавдив, Россиянинг Красноярск ва Самара, Франциянинг Лион, Италиянинг Флоренция, Кореянинг Кёнджу ва бошқа шаҳарлари билан биродарлик алоқаларини ўрнатган. 2018 йилда мана шу қардош шаҳарлар билан алоқаларни жонлантириш, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, айниқса, туристларни кўпроқ жалб қилиш чоралари кўрилмоқда. Жорий йилда Испаниянинг Валенсия, Япониянинг Нара, Туркиянинг Истанбул шаҳарлари билан ҳам Самарқанд ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Бу борада дипломатик ваколатхоналаримиз орқали белгиланган тартибда музокаралар олиб борилмоқда.

 

– Меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш борасида қандай ишлар белгиланмоқда?

– Вилоятимиз бўйича бугунги кунда юздан ортиқ мемонхона рўйхатдан ўтган бўлиб, бир вақтнинг ўзида тўрт минг нафар меҳмонни жойлаштириш имконига эгамиз. Бироқ шу йилнинг январь ойида ўтказилган йиғилишда вилоятимиздаги меҳмонхоналар халқаро андазаларга тўла жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилди. Жумладан, мавжуд меҳмонхоналарнинг 9 таси 4 юлдузли, 16 таси 3 юлдузли бўлиб, қолганлари майда меҳмонхоналар ҳисобланади. Шу сабабли 2018-2019 йилларда барча талабларга жавоб берадиган 23 та янги меҳмонхона қурилади.

Бундан ташқари, жорий йилда «Афросиёб Палас» меҳмонхонаси реконструкция қилиниб, яна 500 нафар сайёҳни жойлаштириш имконияти яратилади. Туманларда катта меҳмонхоналар қуриш иқтисодий жиҳатдан норентабелли бўлгани сабабли уй-меҳмонхоналарни ривожлантиришга эътибор қаратиляпти. Шу йилда Қўшработ, Ургут ва Самарқанд туманларида 30 та ана шундай меҳмонхона барпо этилади.

Туризм узоқ муддатли инвестицияларни талаб қиладиган соҳа ҳисобланади. Масалан, энди қуриб фойдаланишга топширилган меҳмонхоналар ўзини оқлаши учун 7-10 йил керак бўлади. Бугунги кунга қадар туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида молиявий дастак мавжуд эмас эди. Президентимизнинг фармони билан тадбиркорларга икки томонлама енгиллик яратилди. Янги қурилаётган меҳмонхоналарга узоқ муддатли ҳамда имтиёзли кредит линияси ташкил этилди. Ушбу кредит линиясидан унумли фойдаланиб, вилоятдаги меҳмонхоналарда ўринлар сони йил охиригача 6 мингга етказилади.

 

– Туроператорлар билан ишлаш қай йўсинда йўлга қўйилган?

– Бугунги кунда вилоятимизда 85 та туристик фирма фаолият кўрсатмоқда. Мазкур фирмаларнинг тажриба ва имкониятларидан кенг фойдаланиб, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ишларни ташкиллаштирмоқдамиз. Яъни туристик фирмаларни энг катта бозори (давлати)дан келиб чиқиб, уларни гуруҳларга ажратиб, Индонезия, Туркия ва Малайзия билан зиёрат туризми йўналишида ҳамкорлик қилиш учун бириктирдик. Эндиликда турфирмалар номи зикр этилган юқори давлатларга ўзининг вакилини жўнатиб, Самарқандга ташкилий равишда туристларни юборишга амалий ёрдам бериши тизими йўлга қўйилади.

 

– Самарқанд шаҳрига ташриф буюрувчи сайёҳларнинг асосий қисми ҳаво кемалари орқали келишади. Бу борада Самарқанд халқаро аэропорти муҳим роль ўйнайди. Шундай эмасми?

– Мазкур масала Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида ўз ифодасини топган. Бугунги кунда аэропорт ҳафтасига 30 га яқин маҳаллий ва хорижий йўналишда авиақатновларни амалга ошираётган бўлса, мазкур фармон билан яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Жумладан, 2018 йилда Индонезия билан тўғридан-тўғри авиақатнов ўрнатилади. Татаристон пойтахти Қозон шаҳри билан қатнов тикланади. Россиянинг Екатеринбург шаҳри билан ҳам қатнов йўлга қўйилади. Туркиянинг Истанбул шаҳри билан авиақатнов «Ўзбекистон ҳаво йўллари» томонидан шу йилнинг февраль ойидан бошлаб ҳафтасига 2 марта амалга оширилади. Бундан ташқари, Туркиянинг «TurkishAirlines» авиакомпанияси ҳафтасига 3 та рейс ташкил этиш таклифи билан чиққан.

Қозоғистоннинг Олмаота ва Тожикистоннинг Душанбе шаҳарлари билан аввал чартер рейсларни амалга ошириш, жорий йилнинг охиригача эса тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этиш масалалари кўрилмоқда.

 

– Демак, келгусида хорижий сайёҳлар сони янада кўпаяр экан-да?

– Албатта. 2017 йил мобайнида вилоятимизга 1 миллион маҳаллий, 249 мингдан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, шу йилнинг ўзида меҳмонларимиз сонини бир неча баробар ошириш чоралари кўрилмоқда. Жорий йилда туристик хизматлар экспорти географиясининг Индонезия, Малайзия, Сингапур, Австралия каби давлатлар ҳисобига кенгайиши кутилмоқда. Шунингдек, йил давомида Россия, Жанубий Корея, Япония, Хитой каби давлатлардан сайёҳларни жалб этиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилган. Улар мазкур масала юзасидан иш олиб бормоқда.

Мен бугунги кунда Самарқанд туризм салоҳиятини янада ошириш имконини берадиган осори-атиқаларимиз, бошқа қадамжоларимиз, шунингдек, барпо этилаётган «Самарқанд сити» – туристик шаҳарча хусусида тўхталмадим. Бу борада юқорида номи қайд этилган Президентимиз фармон ва қарорларида муфассал баён этилган. Умуман, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ўзимизга ҳам боғлиқ. Мавжуд обидалар, қадамжолар, зиёратгоҳлар ва бошқа сайёҳлик иншоотлар жозибадорлигини янада оширишга ҳисса қўшсак, шубҳасиз, мақсадимизга эришамиз ва Самарқанд ҳақиқий туристлар шаҳрига айланади.

             

Суҳбатдош: Адҳам Ҳайитов.


Охирги ўзгариш: 16/02/2018 11:52.   Кўрилганлиги: 454
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqand-turizm-shahriga-aylanadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг