Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“САМАРҚАНД КИТОБ ОЛАМИ” МАЖМУАСИ

“САМАРҚАНД КИТОБ ОЛАМИ” МАЖМУАСИ

Бугун – 28 май куни “Самарқанд китоб олами” мажмуаси ўз ишини бошлади.

“Адабиётга эътибор – келажакка, маънавиятга эътибор” шиори остида ўтказилган “Китоб байрами” тадбирлари доирасида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, ноширлар, санъаткорлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар, журналистлар иштирок этди.

Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентилиги раҳбари О.Юнусов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жумагул Сувонова, шунингдек, ёш ижодкорлар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида юксак маънавиятли ва интеллектуал салоҳиятли авлодни камолга етказиш, ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада кучайтиришга қаратилаётган доимий эътиборнинг юксак самараларини эътироф этдилар.


Китоб савдосини ташкил этиш, аҳолига сифатли ва арзон нархлардаги янги адабиётларни ва уларнинг электрон версияларини ўз вақтида, қулай тарзда  етказиб бериш борасида барча шароит яратилди. Янги очилган маданий-маърифий савдо мажмуаси китобсеварларга ҳақиқий маънода туҳфа бўлди.

Савдо мажмуасининг ширинсўз, чаққон ходимлари сиз истаган китобингизни топишга кўмаклашиб, китоб танлаш борасида маслаҳатлар беради.

Айни пайтда бу ерда 12 киши иш билан банд бўлиб, уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир. Яна 10 нафар ходим эса шартнома асосида ишга таклиф этилмоқда.


Мажмуа директори этиб мутахассислиги журналист бўлган, бадиий ижод билан шуғулланиб келаётган Асадулла Шукуров тайинланди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида маънавият масканининг шаҳар ва туманларда ҳам филиаллари очилиши режалаштирилган.

 “Самарқанд китоб олами” мажмуасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари жамланган бўлим ҳақида “Президент асарлари билимдони” кўрик-танлови ғолиблари, Самарқанд шаҳридаги 33-умумтаълим мактаби ўқувчиси Содиқ Худойқулов ҳамда “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши фаоли Зилола Қаюмова батафсил ҳикоя қилиб берди.

“Камолот” ЁИҲ фаоли Маҳбуба Шодиёрова эса сиёсий-ҳуқуқий китоблар бўлими ҳақидаги қизиқарли маълумотларни берди.


Асосий зал - қироатхонада харидорлар учун китобларни ўқиб, танлаши учун барча шароит яратилгани тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Виртуал китоблар марказидаги компьютерлар интернет тармоғига уланган бўлиб, Республикамиз ва хориждаги етакчи кутубхоналар билан алоқа ўрнатган. Китобхонлар электрон вариантдаги ноёб дурдоналардан баҳраманд бўлишлари мумкин.

Ушбу бўлимда Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона маркази мутахассислари томонидан яратилган “Мирзо Улуғбек” номли мультимедиа дастури тақдимоти ўзига хос туҳфа бўлди.


Хорижий нашрлар залида Самарқанд давлат чет тиллар институти талабалари япон, корейс, рус, немис, инглиз, испан, араб каби халқларнинг миллий кийимларида мазкур халқлар машҳур адибларининг китобларини ўз тилларида ҳикоя қилиб бердилар.

Болалар залидан жой олган ёш китобсеварлар ўзлари ёдлаган шеърлардан намуналар ўқиб бердилар.

Асосий залда бунёд этилган Алишер Навоий ҳазратлари ижодхонасининг интерьери фрагменти ва табиат ландшафти барчанинг олқишига сабаб бўлди.

Умуман олганда, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, илмий-оммабоп, болалар адабиёти, дарсликлар каби ўнга яқин бўлимда 2500 минг номдаги 41 000 мингдан зиёд китоб жой олган.


Мажмуада ёш оилалар, ота-оналар учун ҳам ўзига хос қулайликлар яратилган. Турли ўйинчоғу қўғирчоқлар билан тўлдирилган махсус бурчак болажонлар ихтиёрида.

Айниқса, бўлим пештахталарида ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган эртаклар, бўяш китоблари, энциклопедиялар, ўйинли нашрларни топиш мумкин.

Бу ерда кўзи ожиз болалар учун брайл ёзувидаги эртак ва бадиий китоблар ҳам бор. Ушбу шинам, кенг ва ёруғ хонада болажонларнинг китоблар билан танишиши, мутолаа қилиши учун қулай шароит яратилган.




Самарқанд шаҳрининг Амир Темур ва Бўстонсарой кўчалари туташган (32-уй) жойда жойлашган бино “Бунёдкор-Самарқанд” хусусий корхонаси томонидан таъмирланди. Таъсисчи “Келажак пресс” МЧЖ маблағлари ҳисобидан “Гулобод мебель” ва “Осиё мебель” масъулияти чекланган жамиятлари маҳсулотлари билан жиҳозланди. 

Дарвоқе, “Самарқанд китоб олами” мажмуаси жойлашган ҳудуддан 2 километр радиусда Самарқанд шаҳридаги 6 та олий ўқув юрти, 3 та академик лицей, битта касб-ҳунар коллежи, 4 та мактаб, 50 дан ортиқ корхона-ташкилотлар жойлашган.


Киритилган вақти: 28/05/2016 17:36.   Кўрилганлиги: 1903
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqand-kitob-olami-majmuasi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг